Кўрилди

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги босқичда

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни таъминлаш билан боғлиқ бир нечта Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бундан қўзланган асосий мақсад жамиятимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини таъминлаш, шунингдек жамиятда суднинг нуфузини ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 24 июль кунида қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони соҳада яна бир муҳим ислоҳотларни амалга оширилишини таъминлайди, десам муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармон 15 банддан ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда қўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга қаратилгандир.

Фармон билан суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгилаб олинди.

Шунингдек, Фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши белгиланди. Бу эса хорижий тажриба ва дунё амалиётига мос келади десак хато қилмаймиз, чунки маъмурий ҳуқуқбузарликлар моҳиятан жиноят ҳуқуқи билан ўзаро боғликдир. Шу сабабли ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.

Фармон билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақланиб қолади.

Фармоннинг яна бир эътиборли жиҳатини алоҳида таъқидлашимиз керакки, Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларининг тугатилиши, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этилиши жамиятимизда жисмоний ва юридик шахслар учун қулайлик туғдиради.

Шунингдек Фармон билан “бир суд — бир инстанция” тамойилига асосланилиб суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилмоқда, шунингдек прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби эса илғор хорижий тажриба ва ҳалқаро стандартларга мослаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Фармонда Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш белгиланди. Мазкур судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгилаб қўйилган.  Мазкур суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар эса — фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилинишини таъминлашга, судлар фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда одил судловни самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

М.Умматова, Риштон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Х.Хакимов,  Риштон туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *