Кўрилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли қарори мазмун-моҳияти

 

            Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилиниши, шунингдек, судлар томонидан маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мазкур қарорида бир қатор юридик терминлар тушунчаларига таъриф берилиб, амалиётда уларни қандай тушуниш ва ишлатилиши ҳақида маълумотлар келтирилади.

Жумладан: биринчидан, маъмурий органлар деганда, давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, марказлар, инспекциялардир.

Иккинчидан, маъмурий органлар мансабдор шахслари деганда, ҳокимият вакили вазифасини бажарадиган ёхуд мазкур органларда маъмурий-бошқарув (ташкилий-фармойиш бериш) вазифасини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар тушунилади. Яъни мазкур шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради.

Учинчидан, манфаатдор шахс деганда, маъмурий органнинг қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қаратилган фуқаро ёки юридик шахс ёхуд бундай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахс тушунилади.

Тўртинчидан, қарор деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан якка ёки коллегиал тарзда қабул қилинган ва муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат тушунилади. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарорлар белгиланган шаклда (масалан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари қарорлари) ёки эркин тарзда (масалан, фуқаронинг мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабар) қабул қилиниши мумкин. Демак, фуқаро туман, шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилса-ю, ҳокимликнинг фуқарони мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабари чиқарилса, фуқаро мазкур ёзма хабар устидан ҳам қарор сифатида эътироз билдириш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Бешинчидан, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилади. Мисол учун фуқаро танлов асосида маълум миқдорда ер майдони ютиб олган ва танлов баённомасида мазкур ер майдони учун қарор чиқариб бериш ҳокимлик зиммасига юклатилган бўлса, лекин ҳокимлик мансабдор шахси томонидан мазкур ер майдонига қарор чиқариб берилмаган тақдирда, фуқаро мансабдор шахснинг ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиши тушунилади.

Олтинчидан, ҳаракатсизлик деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар (лавозим йўриқномалари, низомлар, регламентлар, буйруқлар) билан юклатилган мажбуриятни бажармаслик тушунилади.

Бундан ташқари, мазкур Пленум қарорида қонун ҳужжатларига кўра текширилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мутлақ ваколатига кирадиган давлат органлари қарорлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида устидан судга шикоят беришнинг бошқача тартиби назарда тутилган қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) МСИЮтК 23-бобида белгиланган тартибда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмайди.

Хусусан, маъмурий органлар мансабдор шахсларининг жиноят иши ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, тегишлича, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда шикоят қилинади.

Шу билан бирга, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари мансабдор шахсларининг ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ҳақидаги қарорлари ва ҳаракатлари МСИЮтК 23-бобида назарда тутилган тартибда низолашилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 542-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинадиган масалалар бундан мустасно эканлиги белгилаб қўйилган.

С.Курбанов, Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси.                                                                    

У.Ахмедов Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *