Кўрилди

Сайловчи сайлов участкаси томонидан рўйхатга олинмаса қаерга мурожаат қилади?

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш, яъни сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни мамлакатимиз тарихида муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Демак, сайловчилар доимий ва вақтинча истиқомат қилиш жойи бўйича сайловчилар рўйхатига киритилади. Яъни сайловчи “А” туманида рўйхатда туради, бироқ у “Б” туманида вақтинча яшаб келаётган бўлса, у рўйхатда турган жой бўйича эмас, балки вақтинча ёки доимий яшаётган жой бўйича сайловчилар рўйхатига киритилади.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

Сайловчилар рўйхатлари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Шунингдек, ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Бундан ташқари, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади.

Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида дастлаб участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин бўлади. Участка сайлов комиссияси эса 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт ҳисобланади.

Агар сайловчи участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорларидан норози бўлган тақдирда эса ушбу ҳаракат ёки қарори устидан участка сайлов комиссияси жойлашган худуддаги туманлараро маъмурий судига шикоят қилиши мумкин.

Шунингдек, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин бўлади. Бунда Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади. Келиб тушган шикоятлар судлар томонидан уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилади.

Нозимахон Тожиева, Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *