Кўрилди

«Судлар тўғрисида»ги қонун: судловга тааллуқлилик

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний                 хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар бир шахс – бу Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс, шунингдек, аҳолининг турли қатламлари, ёинки ҳарбий хизматчилар ҳам бўлиши мумкин.

Демак, шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, юқоридаги шахслар давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан қайси судга шикоят қилишлари мумкин бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судга тааллуқли бўлиб, бироқ, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно ҳисобланади.

Агар, битта аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим. Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Бироқ, аризадаги талабларнинг баъзилари маъмурий суднинг судловига тааллуқли бўлиб, баъзилари ҳарбий судларга тааллуқли бўлган тақдирда-чи, низо қайси судда кўриб чиқилади? Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши шу каби масалаларга аниқлик киритди.

Хусусан, қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Мазкур Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:

1) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва қонунчиликка мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмалар ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ўқув йиғинларида бўлган даврда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;

2) ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмаларнинг, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ҳамда ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчилар ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;

3) алоҳида ҳолатлар туфайли судлар иш юритмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;

4) давлат сирларига тааллуқли ишларни;

5) қонун билан ўз ваколатларига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлар қонунга мувофиқ бошқа ишларни ҳам кўриши мумкин.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган шахслар ҳарбий ёки унга тенглаштирилган хизматни ўташ даврида содир этган жиноятлар тўғрисидаги ишлар, агар улар иш судда кўрилиш пайтига келиб хизматдан бўшаб кетган бўлса ҳам, ҳарбий судлар томонидан кўрилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган шахслар ҳарбий ёки унга тенглаштирилган хизматга чақирилгунга ёки киргунга қадар содир этган жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.

Бир гуруҳ шахслар айбланган тақдирда, айбланувчилардан лоақал бири хусусидаги иш ҳарбий суд судловига тааллуқли бўлиб, уни қонунга мувофиқ алоҳида иш юритишга ажратиш мумкин бўлмаса, фуқаро шахсларга оид ишларнинг ҳарбий судлар томонидан кўрилишига йўл қўйилади.

Якка шахс ёки бир гуруҳ шахслар бир неча жиноятни содир этишда айбланган тақдирда, агар жиноятлардан лоақал бири ҳақидаги иш ҳарбий суд судловига тааллуқли бўлса, барча жиноятлар тўғрисидаги ва барча шахсларга оид иш ҳарбий суд томонидан кўрилади.

Ҳарбий судлар жиноят ишлари билан бирга ҳарбий қисмлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг ва фуқароларнинг жиноятлар туфайли ўзларига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги фуқаролик даъволарини ҳам кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига кўра, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий суднинг судловига тааллуқли ҳисобланади.

Нуриддин ТОЖИБОЕВ, фуқаролик ишлари буйича Бўстон туманлараро судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *