Кўрилди

Маъмурий судларга мурожаат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари: амалиётда кузатилаётган камчиликлар

Мамлакатимиз президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан суд-ҳуқуқ соҳасида изчиллик билан жадал ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида маъмурий судларни ташкил этишнинг назарда тутилиши айнан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судда ишларни кўриш ва ҳал этишнинг сифатини ошириш, пировардида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришни назарда тутади.
Президентимизнинг 2017 йил 21 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4966-сонли Фармонларида маъмурий суд тизимини ташкил этиш белгиланди ва мазкур Фармон асосида 2017 йил 1 июндан бошлаб вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 2-моддасига кўра, маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларига, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ва қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат.
Қисқароқ қилиб айтганда, маъмурий судларнинг асосий вазифаси оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, яъни маъмурий ишларни ҳал этишдан иборатдир.
Лекин, маъмурий судлар ташкил этилганидан бошлаб, 2020 йилнинг 31 декабрига қадар бир вақтнинг ўзида ҳам оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб келди.
Ваҳоланки, маъмурий судларнинг судловига оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар яъни, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ маъмурий ишлар киради.
Ҳозирда кўплаб фуқароларимиз маъмурий судлар фаолияти билан яхши таниш эмас. Айримлар эса маъмурий судлар деганда фақат ҳоким қарорларини кўриб чиқади деган тасаввурга эга.
Аслида, янаям соддароқ қилиб айтадиган бўлсам, маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тўғри амалга ошириш билан боғлиқ ишларни, яъни ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, ҳокимлар ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри агентлиги, қурилиш бўлими, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимлари, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари), давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш ФҲДЁ ва нотариал идоралар ҳамда давлат ижрочиларининг ҳаракатлари, шунингдек бошқа давлат маъмурий органлари тизимидаги мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш айнан маъмурий судларнинг ваколатига киради. 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-662-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар ва рақобат тўғрисидаги ишлар яъни, чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳам маъмурий судлар томонидан кўриб ҳал қилинади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Маъмурий судларга фуқаролар ариза, шикоят ёки илтимоснома шаклида мурожаат қилишлари мумкин.
Маъмурий органларни қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан ариза билан мурожаат қилинади.
Маъмурий органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида шикоят билан мурожаат қилинади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш, мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилганда уни тиклаш ёки бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун эса илтимоснома билан мурожаат қилинади.
Ҳозирда фуқаролар ва юридик шахслар маъмурий судларга мурожаат қилганда ариза (шикоят)нинг шакли ва мазмунига риоя қилмаганлиги билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни кўришимиз мумкин. Бу эса, ўз навбатида судга тақдим этилган ариза (шикоят)ни қабул қилишни рад этиш ёхуд уни қайтаришга асос бўлади. Натижада судга мурожаат қилувчининг ортиқча оворагарчилиги келиб чиқади.
Хўш аризанинг шакли ва мазмуни қандай бўлиши керак?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра, биринчи навбатда ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи аниқ кўрсатилиши керак. Масалан, ҳозирги кунда маъмурий судларни Тошкент шаҳар ва вилоят марказларида туманлараро қилиб ташкил қилинганлигини ҳисобга олиб, Тошкент туманлараро ёки бошқа вилоят туманлараро маъмурий судга деб кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Амалиётда айтайлик Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган маъмурий органнинг қарори ёки унинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари юзасидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилганда Олмазор туман маъмурий судига деб суднинг номини нотўғри кўрсатишини кўриш мумкин. Бу эса ариза (шикоят)ни қайтаришга асос бўлади.
Шунингдек, ариза (шикоят)да ) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса), арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой, аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар, аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қайси қонун ҳужжатига зид эканлиги, аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби кўрсатилиши керак.
Одатда маъмурий судга ариза (шикоят) билан мурожаат қилувчилар талабларини нотўғри қўйишади. Яъни, зарар ундириш, қарорни бекор қилиш ва ҳоказо.
Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб таомиллар” тўғрисида”ги Қонуннинг 59-моддасига кўра, маъмурий ҳужжат қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши керак.
Бу қоидадан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, маъмурий судга маъмурий орган қарори юзасидан низолашиш бўйича ариза киритилганда ушбу қарорни бекор қилишни сўраб эмас, уни ҳақиқий эмас деб топишни сўраб мурожаат қилиш керак.
Шуни ҳам айтиш жоизки маъмурий суднинг тарафлари аризачи ва жавобгарлардан иборатдир. Маъмурий судга даъво аризаси сифатида мурожаат қилинмайди.
Аризачи — қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс.
Маъмурий органлар эса — маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялардир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида ҳам маъмурий органларни рўйхати келтириб ўтилган.
Фуқаролар ва юридик шахслар мазкур маъмурий органларни қарорлари ёки қонунга хилоф ҳаракатлари юзасидан маъмурий судга мурожаат қилишлари мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат- судга мурожаат қилиш муддати масаласи.
Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.
Давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.
Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан беш кун ичида судга берилиши мумкин.
Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.
Тўғри суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахс ушбу ҳолатга эътибор қаратганлигидан қатъи назар уларнинг ўтказиб юборилиши сабабларини муҳокама қилиши лозим.
Лекин шуни ҳам инобатга олиш лозимки, агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган ёки ўтказиб юборилган муддатни тиклаш суд томонидан рад этилган бўлса, аризани қаноатлантириш рад қилинади.
Аризадага белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлиги, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи хужжатлар ҳам илова қилиниши керак.
Фуқаролар ва юридик шахслар маъмурий судларга мурожаат қилаётганда юқорида таъкидлаб ўтилган камчиликларга йўл қўйишмаса, мен ўйлайманки, ариза (шикоят)ларни қабул қилишни рад этиш ва уларни қайтариш ҳолатлари анча камайишига эришилган бўларди.
Жонибек БОБОЕВ, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси.
Нодир ХИДИРОВ, Тошкент туманлараро маъмурий судининг Девонхона мудири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *