Кўрилди

Президент фармони – дастуриламал бўлмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган 2020 йил 30 июнь куни «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6017-сонли Фармонини қабул қилган эди.

Ўтган вақт давомида ушбу фармон асосида изчил ва жиддий ишлар амалга оширила бошланди. Биз меҳнат қилаётган Фарғона вилояти юридик техникуми педагогик жамоаси ҳам фармон талабларидан келиб чиқиб, ўз дастурларини ишлаб чиқдилар. Табиийки, биринчи галда техникумда таълим-тарбия олаётган ёшларга илк юридик билимларни, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият тушунчасини сингдириш ва мана шу билимлар асоси билан уларни пухта қуроллантириш педагогик жамоанинг асосий мақсади бўлаётир. Бир сўз билан айтганда, фармонда қайд этилганидек, мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар изчил амалга ошириляпти.

Албатта, сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши, Ўзбекистонда 30 июнь – «Ёшлар куни» деб эълон қилиниши, турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилиши ниҳоятда қувончли бўлди..

Бугунги кунда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилаётгани эса ўз самараларини бермоқда.

Шу билан бирга, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш борасида қатор муаммолар сақланиб қолаётганига қарамасдан тизимли ишларни бошлаб юборилгани мавжуд муаммоларни ҳал этиш имконини бермоқда.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги мамлакат ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги  ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш, уларни «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари!» ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини амалга оширишда фаол иштирок этиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш;

ёшларга оид дастурлар, лойиҳалар ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш учун ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидияларни тақсимлаш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш;

тарбия муассасаларини тамомлаган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш;

иқтидорли ёшларни етакчи хорижий олий таълим муассасаларига таълим олиш учун юбориш, халқаро танловларда иштирок этишини таъминлаш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини қамраб олган бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва истеъдодини ривожлантириш;

ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, замонавий касб-ҳунарлар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлаш жараёнларига кўмаклашиш;

ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар соҳасидаги халқаро рейтингларда мамлакатимиз мавқеини ошириш бўйича зарур чоралар кўриш, хорижда таълим олаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш;

ёшлар фаолияти билан боғлиқ соҳаларга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш кабилар белгиланди ва кенг кўламда амалга оширилмоқда..

Айни вақтда Фарғона вилоят юридик техникумида илк ҳуқуқий билим ва кўникмаларни эгаллаётган ўқувчи-ёшларимизни маънавий-маърифий жиҳатдан мустаҳкам ва баркамол этиб тарбиялашга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг фармонида белгилаб берилган вазифалар эса биз учун дастуриламал бўлмоқда.

Олтиной НАСРЕТДИНОВА, Фарғона вилояти юридик техникуми директорининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *