Кўрилди

Сайлов жараёни

Ёҳуд субъектларининг конституциявий ва ҳуқуқий жавобгарлиги – белгилари, асослари ва санкциялар

Бу йил юртимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтадиган йил. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Чунки, бу Давлат раҳбари – Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараёндир.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги, биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда шакллантириш кераклиги, ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттириш ва бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади”, деб бежизга таъкидлаб ўтишмаган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб берилган бўлиб, бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умумэътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик тамойиллар ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойини учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишда, барча шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя этилишида, сайловда иштирок этувчи шахсларнинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашда судларнинг ҳам ўрни беқиёс.

Хусусан, ҳар қандай демократик давлатларда бўлгани каби сайловолди ташвиқотлари ва сайловгача бўлган бошқа жараёнлардан, шунингдек, сайлов натижаларидан сайловчилар ва сайланувчилар ҳамда бошқа шахслар  томонидан эътирозлар юзага келиши табиий жараён ҳисобланади.

Сайловчилар, кузатувчилар, номзодлар, сиёсий партиялар ва уларнинг ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, ишончли вакиллар ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини сайлов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ асосий тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича қонуний кафолатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодексида батафсил белгилаб берилган. Айни пайтда Ўзбекистонда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлиги учун қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида юз берадиган хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодекси асосида умумюридикция ва маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддасига асосан, шунингдек, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун мазкур кодекснинг 147-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Хусусан, Жиноят кодексининг 146-моддасига кўра, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш билан боғлиқ ҳаракатларни содир этганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш, яъни фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилганлик учун тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тўққизта моддадан иборат бўлган янги боб – “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган 51 — боб билан тўлдирилди.

Сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноят учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принципи янада тўлиқроқ амалга оширилишига, мамлакатимиз сайлов тизими янада демократлаштирилишига, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасининг биринчи қисми 3-бандига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўриб чиқилса, қуйи сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади. Хусусан, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин бўлади.

Ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди, фақатгина суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок эта олмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 24-моддасига кўра, участка сайлов комиссиясининг ваколатларидан бири – сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг рўйхатини тузиш, сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништириш, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш, рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этишдан иборатдир. Сайловчиларнинг рўйхатига сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари киритилади.

Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида дастлаб участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Ушбу жавоб хати фуқаронинг ҳуқуқига даҳл қилиши сабабли маъмурий ҳужжат сифатида маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин бўлади. Маъмурий судларда сайлов комиссияларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ҳаракатсизлиги ёки қарори шикоят қилиш предмети бўлади.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг умумий мазмунига кўра, ҳуқуқи бузилган шахс сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг            хатти-ҳаракатлари устидан қоида тариқасида юқори сайлов комиссиясига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Яъни, манфаатдор шахсга сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишнинг маъмурий тартибда ёки суд тартибида таъминланади.

Президент сайлови билан боғлиқ баъзи қарорлар юзасидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, жумладан, сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида бу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин бўлади.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан маъмурий судга шикоят қилинганда, шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси кўрсатилади. Бироқ шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси эмас, балки унинг раиси ёки раис ўринбосари кўрсатилганлиги асосида шикоятни қабул қилишни рад этишга, иш юритишни тугатишга ёки ушбу асос билан даъвони рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда сайлов комиссияси жавобгар сифатида талқин этилади. Ушбу тоифадаги ишларни кўришда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган судларга шикоят билан мурожаат қилиш муддати қатъий бўлиб, уни тиклаш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

Шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг сайловда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 142-моддаси ва Сайлов кодексининг 102-моддасига кўра, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган мазкур процессуал муддатлар ишни кўраётган суд учун қатъий бўлиб, ушбу муддатларнинг узайтирилишига йўл қўйилмайди. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шартлиги ҳақидаги қатъий норма ўрнатилганлиги сабабли, ушбу тоифадаги иш бўйича шикоят келиб тушганда, у девонхона орқали дарҳол рўйхатдан ўтказилиб, судьянинг иш юритувига топширилиши лозим.

Бузилган ҳуқуқларни тиклаш ҳақидаги қарор сайлов кампанияси якунланганидан кейин қабул қилиниши, қабул қилинган қарорнинг ўз аҳамиятини йўқотишига ёки ижросини қийинлаштиришга сабаб бўлади. Шунга кўра, судлар келиб тушган аризани  расмийлаштиришда йўл қўйилган камчиликлар важи билан уни қайтармасдан, ариза берган шахсни бу ҳақда зудлик билан огоҳлантириши ва суд мажлиси бошлангунга қадар камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳақида кўрсатма бериши лозим. Ариза суд томонидан шикоят берган шахсни ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни ҳам чақиртирилган ҳолда кўриб чиқилади. Ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди. Ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжати чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва шикоят берган шахсга топширилади (юборилади).

Сайлов комиссиясининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилганда, ушбу қарорларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти уларни қабул қилган сайлов комиссияси зиммасига юклатилади.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилганда, ушбу хатти-ҳаракатларнинг қонунга мувофиқлигини исботлаш мажбурияти тегишли сайлов комиссиясининг зиммасига юклатилади.

Агар қарорни қабул қилган сайлов комиссияси унинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни, шунингдек қабул қилинган қарорнинг ёки содир этилган хатти-ҳаракатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини, шикоят берган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигини исботлай олмаса, талаб қаноатлантирилади.

Ўз навбатида, ариза берган шахс ҳам сайлов комиссиясининг қарори, хатти-ҳаракатлари унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини асослаб бериши лозим.

Судлар мазкур тоифадаги ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида ишни сайлов комиссияси жойлашган бинода сайёр суд мажлисида кўриб чиқиши мумкин.

Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд шикоятнинг асослилигини аниқласа, сайлов комиссиясининг қарорини ҳақиқий эмас деб топади, унинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топади ва сайлов комиссиясига аризачининг талабини қаноатлантириш мажбуриятини юклайди ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини ўзгача йўл билан тиклайди.

Сайлов қонунчилигининг бузилиши учун ҳуқуқий жавобгарлик чораларининг белгиланиши Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловни Ўзбекистон Республикаси Конституция, Сайлов кодекси ва ҳалқаро қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтишига хизмат қилади.

ҒОЛИБ ДАВЛАТОВ, Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси. Сайдулло МИХЛИЕВ, Тошкент туманлараро маьмурий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *