Кўрилди

Ҳамкорликнинг долзарб масалалари

Кишилик жамиятининг асосий белгиларидан бири – инсонларнинг бир-бирларига ғамхўрлик қилиши ҳисобланади. Бундай ғамхўрлик ҳайвонот дунёсидаги тўда бўлиб яшаш каби инстиктив туйғулар орқали эмас, балки онгли ҳаёт тарзи сифатида намоён бўлади, бошқача айтганда, инсонларнинг ўзаро ғамхўрлиги кишилик жамияти мавжудлигининг асосий, зарурий қадриятидир. Ўзаро ғамхўрликнинг маънавий, руҳий-психологик, диний, ҳуқуқий негизлари мавжуд. Ўзаро ғамхўрликнинг илк негизи ахлоқий-диний қадриятларга бориб тақалади.Талмутда ҳам, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Қуръони Каримнинг Исро (26 оят), Нахл (90 оят) сураларида Аллоҳ қариндош- уруғларга яхшилик қилишни буюради ва қариндош-уруғлик ришталарини узиш оғир гуноҳ ҳисобланади, деб таъкидланади.

ариндош-уруғлар ўртасида, энг аввало, вояга етмаган фарзандларга  ва кекса ота-оналарга ғамхўрлик қилишга Қуръони Каримда алоҳида урғу берилади. Ушбу кўрсатмалар ке- йинчалик шариат ҳуқуқида ўзига хос ҳуқуқий норма сифатида трансформация бўлган. Бундай феномен нафақат мусулмон ҳуқуқ тизими учун, балки қитъа ҳуқуқ тизими, англо-саксон ҳуқуқ тизими учун ҳам хосдир.

Барқарор тарзда равнақ топаётган мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оила институтини ҳар томонлама ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар бир оилани, ундаги соғлом маънавий муҳитни асраб-авайлаш, эр-хотин,      ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин, кўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳиссини  шакллантириш бўйича бир қанча дастурий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда ва улар амалда ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Юридик таърифи қонунчиликда белгиланмаган бўлса-да, мазмун-моҳиятига кўра, қоида тариқасида биргаликда яшовчи ва никоҳ, қариндошлик, фарзандликка олиш ва бошқа муносабатлардан келиб чиқувчи ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлган шахс- лар иттифоқи оила ҳисобланади.

Жумладан, халқимизнинг миллий ўзига хослиги, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва ишонч рамзи сифатида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида ҳам оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги ҳақида қоида мустаҳкамланган.

Никоҳ тушунчасига таъриф бериладиган бўлса, бу эркак ва аёлнинг ихтиёрий ҳамда ҳуқуқларининг тенглиги асосида оила тузиш ва эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаришга қаратилган иттифоқидир.

Никоҳ шакли деганда эса уни қонун билан  белгиланган қайд қилиш усули тушунилади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июндаги “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжумандан сўзлаган нутқида жамиятимиз ҳаётида, халқимиз орасида учраб турадиган, айниқса оила ва никоҳ соҳасида дуч келинаётган ўта долзарб, оғриқли ва ўткир муаммолар тўғрисида, хусусан, турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик  ҳолатларининг учраб турганлиги, ёш оилалар орасида арзимас сабаб- лар билан ажралишлар кўпайиб бораётганлиги, бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолаётганлиги ҳақида гапириб, “оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда”  деган эдилар.

Илк бора Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Таъкидланганидек, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги Фармонига мувофиқ, республикамизнинг ҳар бир маҳалласида обод ва хавфсиз маҳалла тамойилига асос- ланган янги тизим жорий этилди.

Президент фармонига кўра, Мазкур тизимни самарали жорий этиш бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган концепцияси ва йўл харитаси тасдиқланган. Мазкур фармон билан Маҳалла фуқаролар йиғини раисига бир қатор қўшимча ҳуқуқлар берилган. Жумладан, фуқаролар йиғини раиси тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Мазкур фармон билан ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига профилактика инспекторларини хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб этганлиги учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва маъсул ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини бериш ваколати берилди.

Мазкур фармон билан янги лавозимлар жорий этилиб, кўпгина жамоатчилик тузилмалари тугатилди. Айтиб ўтиш жоизки, фуқаролик судлари билан бевосита ишлайдиган Яраштириш комиссияси ҳам шулар жумласидандир.

Кўпгина янги комиссияларнинг ташкил қилинганлиги, яъни Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясининг иши  жамиятда оилалар барқарорлигини таъминлашдан иборат бўлиб, судлар томонидан мазкур комиссия билан тўлақонли ишлаш амалиёти йўлга қуйилди.

Бундан ташқари, Маҳалла инс- титутининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март — Маҳалла ходимлари куни деб эълон қилинди.

Жамиятда обод ва хавфсиз маҳалла тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш суднинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналиш бўйича Навоий вилоят судида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги  “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончини ошириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги 5482-сонли Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан  брифинглар ўтказиш белгиланган.

Фармон талабидан келиб чиқиб, Навоий вилоят суди  ҳамда маъмурий ишлар бўйича Навоий вилоят суди томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларини хабардор қилиш мақсадида матбуот анжуманлари ўтказилиб борилмоқда.

Анжуманда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Навоий вилоят судлари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди.

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 7556 та (фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди 1869 та, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди 1869 та, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туман- лараро суди 975 та, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди 339 та, фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди 1308 та) фуқаролик ишларини кўриб тамомлаган.

Кўрилган ишларнинг 1810 таси ёки 23,9 фоизи оила низолари билан боғлиқ ишларни ташкил қилиб, бу кўрсаткичнинг таҳлили қуйидагича: оила низолари билан боғлиқ кўрилган низолар 617 тага (1193-1810) кўпайган.

Оила низолари билан боғлиқ ишлардан (никоҳдан ажратиш тоифаси бўйича) жорий йилнинг олти ойлик якуни бўйича 778 та фуқаролик ишлари кўриб мазмунан ҳал қилинган. Ушбу кўрсаткич ўтган 2020 йилнинг олти ойига таққосланганда, 588 тага нисбатан 190 тага кўпайган (Навоий шаҳрида 26 тага, Кармана туманида 37 тага, Қизилтепа туманида 32 тага,  Учқудуқ туманида 1 тага, Зарафшон шаҳрида 40 тага, Навбаҳор туманида 38 тага, Нурота туманида 8 тага, Конимех туманида 9 тага) кўпайган.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларни кўришда асосий эътибор тарафлар ўртасида келиб чиққан фуқаровий-ҳуқуқий низоларни кўришда, авваламбор, тарафлар ўртасида яраштириш, келиштиришга аҳамият қаратиб келинмоқда. Зеро, тарафлар ўртасидаги низоларни келиштириш орқали ҳал қилиш, айниқса қариндошлар ўртасида вужудга келган низоларни кўрилиши, улар ўртасида қариндошчилик ришталарининг сақланиб қолишига, икки тарафнинг ҳам манфаатли натижасига эришишига, пировардида фуқароларнинг узоқ вақт давомида сарсон-саргардон бўлиб юришини олдини олади.

Никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш ва оилаларни сақлаб қолиш мақсадида судлар, маҳалла ва оиланинг қўллаб-қувватлаш бош- қармасининг қуйи тизимлари билан ҳамкорликда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 23 июнь куни Навоий шаҳар, Зарафшон ва Ғалаба фуқаролар йиғинида “Оила — муқаддас даргоҳ” шиори остида тадбир ўтказилди. Мазкур тадбирда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, “Фарзанд — омонат” номли қисқа метражли бадиий фильм намойиш қилинди. Бу каби тадбирлар давомида 70 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.

Навоий вилоят суди судьялари томонидан Навоий вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг  малакасини ошириш бўйича  ўқув курсида тингловчиларга “Фуқаролик ҳуқуқи ва Оила қонунчилиги” мавзуларида мунтазам равишда дарс соатлари берилиб, тингловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошириб келинмоқда.

Вилоят суди томонидан ҳар чоракда судлар томонидан оилаларни асоссиз ажратилишини олдини олиш, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни тарафлар иштирокида кўришини таъминлаш, оилаларни бузилиб кетишига сабаб бўлаётган ҳолатлар бўйича фуқаролик ишларини ўрганиш амалиёти жорий қилиниб, умумлаштирилган таҳлил ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатадики, судларда никоҳдан ажратиш ҳақида қаноатлантириладиган ишлардан 30,5 фоизини  30 ёшгача бўлган оилалар ташкил қилади. Бундан келиб чиқадики, мазкур туман, шаҳарларда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи, маҳалла, фуқаролар йиғинлари ва маҳалла фаоллари ёшларга оила муқаддас даргоҳ эканлиги ҳақидаги ғояни сингдириши, ёшларни Ватанга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда болаларни етим бўлиб қолишини олдини олиш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида олиб борилаётган профилактик ишларнинг келажакдаги самарадорлигини янада ошириш лозим бўлади.

Чунки, оилавий ажримлар орқасида эр-хотинлар ўртасида фарзанд тарбияси, мулкий ва уй-жой масалалари бўйича кўплаб низолар келиб чиқади. Бундан эса икки тараф ҳам манфаат кўрмайди. Аксинча, эр-хотин ўртасидаги низолар фарзанд тарбиясига ва унинг камолотига жиддий путур етказади, холос.

Шу сабабли судлар маҳалла фуқаролар йиғинларида, олий таълим муассасалари, академик лицей ва ўрта-махсуc касб-ҳунар коллежларида хотин-қизлар қўмиталари ва “Оила” илмий-амалий марказлари билан ҳамкорликда никоҳ тушунчаси ҳақида давра суҳбатлари ва учрашувларини мунтазам ўтказиб, ёшларга оиланинг нақадар муқаддас даргоҳ эканлиги, бу борадаги давлат сиёсати ва қонунчилик тўғрисида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб боришимиз ёшларни келажакда оила қуришга бўлган масъулиятини янада оширади.

 

Гулнафис

ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Навоий вилоят

судининг судьяси.                                                                            

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *