Кўрилди

Миб ходими нега 21 кишини алдади?

Гоҳида МИБ ходимларининг қинғир ишларини кўриб, ҳайратдан лол қоламиз. Чунки, уларнинг айримлари ўз ишларига масъулият билан ёндошмасдан, фақат чўнтакларини қаппайтиришни ўйлашади.

“Қаҳрамон”имиз Фурқат Ҳуснуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 3 йил Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий Ижро Бюросининг Самарқанд вилояти, Оқдарё туман бўлимида электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспектори лавозимида ишлади. У фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, электр энергияси таъминоти тўлови учун Г.Расуловадан 300 минг сўм, Қ.Ибратовдан 55 минг сўм, Н.Турсуновдан 30 минг сўм, газ таъминоти тўлови учун А.Насимовдан 900 минг сўм, М.Мейлиевадан 190 минг сўм, Г.Фаёзовадан 570 минг сўм, Г.Иномовадан 430 минг сўм, Ф.Муродовдан 380 минг сўм, яна бир қанча фуқароларни алдаб, пулларини олди. Ҳаттоки уларга пулларни олганлиги ҳақида тўлов патталарини ҳам ёзиб берди. У 21 кишини алдади. Сўнгра Фурқат Ҳуснуллаев Оқдарё тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 28-сонли ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади.

Шундай қилиб, “қаҳрамон”имиз одамлардан жами 7 миллион 400 минг сўм пул маблағларини истеъмолчиларнинг Мажбурий Ижро Бюросини Оқдарё туман бўлимидаги ҳисоб рақамларига ўтказмасдан, фирибгарлик йўли билан мазкур пулларни қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди.

Шундан сўнг бир гуруҳ фуқаролар туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилишди. Аризаларида истеъмол қилинган табиий газ, электр энергияси ва чиқинди учун амалга оширилган тўловларни МИБ ходими Фурқат Ҳуснуллаевга беришганлигини, лекин у томонидан қабул қилинган тўловлар уларнинг ҳисоб рақамларига тушмаганлигини, шунинг учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрашди.

Судда Гулгун Расулова МИБ ходими Фурқат Ҳуснуллаев бир ўзи уйига келиб, электр энергияси таъминоти учун тўлов қилишни айтганлигини таъкидлади. Гулгун   ўша куннинг ўзидаёқ унга электр таъминоти учун 300 минг сўм нақд пул тўлаган.  Ф.Ҳуснуллаев унга тўлов қилгани ҳақида тўлов паттасини ёзиб ҳам берган.

Сентябрь ойида маҳаллаларида Оқдарё туман прокуратураси ва туман газ таъминоти бўлимидан, электр тармоқлари корхонасидан ходимлар келишиб, коммунал тўловлар учун амалга оширган тўловларни текшириб юришган. Гулгун ҳам газ таъминоти, электр энергияси ва бошқа амалга оширган тўловларини текширтириб кўрса, Ф.Ҳуснуллаевга 300 минг сўм нақд пул шаклида берган пуллари унинг ҳисобига электр энергияси таъминоти учун тушмаганлигини, Фурқат Ҳуснуллаев ундан олган 300 минг сўм пулларини электр энергияси таъминоти учун деб, алдаб олиб кетганлигини билган.

Шундан сўнггина МИБ Оқдарё туман бўлими ходими бўлиб ишлаган Ф.Ҳуснуллаев томонидан унга етказилган моддий зарар тўлиқ  қопланган.

Акобир Насимовнинг ҳам уйига МИБ ходими Фурқат Ҳуснуллаев бориб, газ таъминоти учун тўлов қилишни айтган. Унга 300 минг сўм нақд пулда тўлов қилган. Ф.Ҳуснуллаев унга тўлов қилгани ҳақида тўлов паттасини ёзиб берган. Орадан бироз вақт ўтгач, Фурқат яна Акобирникига бориб, газ таъминоти учун тўлов қилишни айтган. Шу вақтда уни нақд пули бўлмаганлиги сабабли Фурқатга газ таъминоти учун турмуш ўртоғи Д.Турғунованинг “Ҳумо” пластик картасини берган. Унга пластик картадан 600 минг сўм пулни газ таъминоти учун ечиб олишини айт- ган. Ф.Ҳуснуллаев ундан пластик картани олган. Лекин унга тўлов қилганлиги ҳақида тўлов паттаси ёзиб бермаган. Пластик картадан пулни ечиб олган. Бир ойдан сўнг газ таъминоти учун 600 минг сўм тўланганлиги ҳақида тўлов паттасини ёзиб берган.

Акобир МИБ Оқдарё туман бўлимига келиб, газ таъминоти учун амалга оширган тўловларини текшириб кўрса, Ф.Ҳуснуллаевга нақд пул шаклида берган 300 минг сўм пуллари ва турмуш ўртоғининг пластик картасидан ечиб олинган 600 минг сўм, жами 900 минг сўм пуллари МИБнинг Оқдарё туман бўлими ҳисобига газ таъминоти учун тушмаганлигини билган. Шундан сўнг МИБ Оқдарё туман бўлими ходими Ф.Ҳуснуллаев ундан 900 минг сўм пулларини газ таъминоти учун деб алдаб олиб кетганлигини, шу пулларни Оқдарё туман газ ҳисоб рақамига туширмасдан, ўзининг эҳтиёжи учун сарфлаб юборганлигини билган.

Судланувчи Фурқат Ҳуснуллаев унга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб берганлиги сабабли унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.

Шундай қилиб, Фурқат Ҳуснуллаев жабрланувчиларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплади. Жабрланувчилар унга нисбатан даъвоси йўқлигини айтишди.

Суд Фурқат Ҳуснуллаевга амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмини “б, в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, Жиноят  кодексининг 45-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

“Эгри иш эллик йилдан кейин ҳам эланар” деганларидек, “қаҳрамон”имизнинг қинғир иши қисқа вақтдаёқ фош бўлди.

 

Илёс ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд вилояти, Оқдарё

туман судининг раиси.

 

Хонбиби ҲИММАТ қизи

(МАХАМОВА), журналист.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *