Кўрилди

Қарор фермернинг фойдасига чиқарилди, нега?

Фарғона вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши  раиси вазифасини вақтинча бажарувчи А.Ҳакимовга

Фарғона туманидаги “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги аъзоси Усупова Наргизахондан

ТАШАККУРНОМА

Фарғона тумани ҳокимлиги 2019 йили фермер хўжалигимизга тегишли ер майдонларини захирага қайтариб, бошқа шахсга бериб юборганди. Биз бу ҳолат юзасидан Фарғона вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашига ариза билан мурожаат этиб, Кенгашнинг ёрдами билан суднинг иккита босқичида ютиб чиқдик. Лекин Олий суд томонидан иккала суд босқичи қарорлари бекор қилиниб, янгитдан кўриш учун судга юборилди.

Бу ҳолатдан сўнг қаттиқ изтиробда қолдик. Фарғона тумани маъмурий суди ишни бир ой давомида кўриб чиққач, 2021 йил 18 июнь куни хайриятки, Фарғона вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг ҳуқуқшуноси Ҳусанбой Юлдашевнинг кўмаги билан Фарғона тумани ҳокимининг 567-сонли қарорининг фермер хўжалигимизга тегишли қисми ва 1333-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топилишига эриша олдик. Фермер хўжалигимизга ерларимиз қайтарилди.

Шахсан Сизга ва Кенгаш ҳуқуқшуноси Ҳусанбой Юлдашевга оиламиз номидан катта раҳмат айтаман.

Сизларга машаққатли ишларингизда омадлар тилайман, биз каби фермерларни ҳимоя қилишда бардам бўлаверинглар.

 

Ёҳуд ниҳоят Фарғона тумани маъмурий суди томонидан “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги билан Фарғона тумани ўртасидаги низоли ер майдони масаласи адолатли ҳал этилгани тўғрисида

Шу йилнинг яқин кунларигача иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан жойлардаги ҳокимликлар ва фермерлар ўртасидаги муносабатларга оид қонун- бузилиш ишлари жуда кўплаб кўриб чиқилаётганидан кўпчиликнинг яхши хабари бор. Ваҳоланки, қонунбузилишларидан “дод” деб судларга мурожаат қилинаётгани боис айни пайтда ҳам судлар томонидан ҳокимлик ва фермерлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш тўхтаганича йўқ.

Шу сабабли бўлса керак, 2021 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6243-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан бошлаб ҳокимликларнинг ерга оид бир қатор ваколатлари бекор қилинди. Чунончи, ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш; туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш; суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш; жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш; хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бош- қа мажбуриятларни белгилаш.

Қуйида ҳам Фарғона туман маъмурий судида даъвогар “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги жавобгар Фарғона тумани ҳокимининг 2019 йил 18 февраль кунги 567-сонли ва 2019 йил 8 апрель кунги 1339-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан берган шикоят-аризасининг мазмуни, суд тафсилотлари ва натижалари тўғрисида баён этмоқчимиз.

Судда Фарғона вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб судга мурожаат этди.

Судда Фарғона вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг ҳуқуқшуноси Ҳусанбой Юлдашев аризачи сифатида шикоят-аризани қувватлаб иштирок этди.

Аниқланишича, Фарғона тумани ҳокимининг 2019 йил 18 февраль кунги “Тумандаги “Аввал Усмонжон Иброҳимжон”  массиви ҳудудидаги боғдорчилик йўналишида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва фойдаланаётган ер (боғ) майдонларини тўлиқ туман захирасига қайтариб, қайта танловга қўйиш ҳақида”ги 567-сонли қарори билан “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалигига қарашли “Аввал Усмонжон Иброҳимжон” массивининг қишлоқ хўжалик харитасини 450қ-контуридаги 3,40 гектар ер майдони туман захирасига қайтарилган, сўнг ушбу ер майдонлари Фарғона тумани ҳокимининг 2019 йил 8 апрель кунги 1339-сонли қарори билан фуқаро С.Раҳимовага янгитдан фермер хўжалиги ташкил этиш учун боғдорчилик йўналишида ер майдони ажратиб берилган.

Хўш, ҳуқуқшунос Ҳ.Юлдашев Фарғона тумани ҳокимининг 567-сонли ва 1339-сонли қарорларини қабул қилинишида қонунбузилишларга қай тариқа йўл қўйилганини қандай исботлади?

“Аввал Қодиржон Мамрўзи” фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида туман ҳокимининг 2016 йил 16 май кунги 469-сонли қарорига асосан 2016 йил 28 майда 49 йиллик ижара шартномаси тузилган ва 2016 йил 28 августда 176-сонли рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексини 24-моддаси 9-қисмига мувофиқ, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ер кодексининг 34-моддасини 1-қисми 1-бандига кўра, “ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда”; 6-бандида кўрсатилганидек “ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда”; 7-бандига кўра, “ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлажалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлганда ифодаланганда” ер участкасини олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Фарғона туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан 2019 йил 19 ноябрь куни берилган 15-18249-сонли маълумотномага кўра, Фарғона туман ҳокимининг 2019 йил 18 февраль кунги 567-сонли қарорининг 5-бандида кўрсатиб ўтилган “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалигининг ижара шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ҳужжатлари Фарғона тумани Давлат солиқ инспекциясига тақдим этилмаганлиги сабабли инспекцияда ижара шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Бундан ташқари, Фарғона тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йил 19 ноябрь куни берилган 122-сонли маълумотномага кўра, Фарғона тумани ҳокимининг 2019 йил 18 февраль кунги 567-сонли қарорини 5-бандида кўрсатиб ўтилган “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалигининг ижара шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ҳужжатлари давлат хизматлари марказига тақдим этилмаганлиги сабабли марказда ижара шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Шунингдек, манфаатдор шахс “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги раҳбари томонидан низоли ер майдонини туман захирасига қайтариш ҳақида ариза билан мурожаат қилинмаган.

Натижада Фарғона тумани ҳокимлиги томонидан “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги фойдаланишида ва эгалигида бўлган 3,40 гектар боғдорчилик йўналишидаги ер участкаси юзасидан ер ижара шартномаси суд томонидан ёки тарафларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинмасдан, фермер хўжалиги раҳбаридан низоли ер майдонини туман захирасига қайтариш ҳақида ариза олинмасдан, ер майдони белгиланган тартибда туман захира фондига қайтарилмасдан туриб, С.А.Раҳимовага янгитдан боғдорчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ажратиб берилиб, қонун талаблари бузилган.

Шунингдек, “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги раҳбарининг ерни захирага қайтариш ҳақида ариза ёзганлик ҳолатини ўрганиш учун Фарғона туман ҳокимлигига бир неча маротаба 2019 йил 18 февралдаги 567-сонли қарорга асос бўлган ҳужжатлар сўралганида, туман ҳокимияти томонидан тақдим этилмади.

Яна бир муҳим жиҳат, С.Раҳимовага “Аввал Усмонжон Иброҳимжон” массивининг қишлоқ хўжалик харитасини 450қ-контуридан жами 3,40 гектар ерни боғдорчилик йўналишида узоқ муддатга ижарада фойдаланиш учун Фарғона туман ҳокимлиги 2019 йил 8 апрель кунги 1339-сонли қарори билан ажратиб берган бўлсада, 1339-сонли қарорда очиқ танлов якунлари бўйича ер ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар  топилмади.

Фарғона туман маъмурий  суди ишни кўриш жараёнида аризачи, манфаатдор шахснинг ишончли вакили, жавобгарнинг вакили ҳамда учинчи томоннинг фикрларини, тақдим этган ҳужжатларини кўриб чиқиб, суд Фарғона туман ҳокимининг 2019 йил 18 февраль кунги 567-сонли қарорини қисман, яъни “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалигига тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топишни ва 2019 йил 8 апрель кунги 1339-сонли қарорни ҳақиқий эмас деб топишни лозим деб топиб, ҳал қилув қарорини чиқарди.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак. Фарғона вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши манфаатдор шахс “Аввал Қодиржон Мамарўзи” фермер хўжалиги томонидан уларга ариза билан мурожаат қилган вақтида, яъни 2019 йил июль ойида хабардор бўлишганини, сўнг мазкур масала бўйича Фарғона туман ҳокимлиги ва туманда фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга туман ҳокимининг 567-сонли ва 1339-сонли қарорларини бекор қилиш юзасидан аризалар билан мурожаат этилиб, улардан ўз вақтида жавоб хатларини олишнинг имкони бўлмагани боис, ўз вақтида судга ариза бериш муддатини узрли деб топишни сўради.

Хуллас, ҳокимият билан фермер ўртасидаги яна бир низоли иш тугатилди.

 

Қодирали

АҲМАДАЛИЕВ,

“Қонун ва ижро”

газетасининг

мухбири.                                                                       

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *