Кўрилди

Тадбиркорларга яна бир имконият

Истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик озуқа базасини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартда “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5017-сонли қарори ҳамда республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 2021 йил 14 июнда “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5146-сонли қарори қабул қилинган.

Юқорида қайд этилган Президент қарорларида таъкидланганидек, субсидия ажратиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 июлда “Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 434-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандига мувофиқ, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган субсидия олувчиларга 2021 йил 1 июндан бошлаб республика бюджетидан қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1000 сўм;

чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;

балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 3000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида.

Субсидия қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентнинг солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган тақдирда ажратилиши белгиланди.

Субсидия ажратиш учун берилган имтиёзлар тадбиркорларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ва аҳоли турмуш даражасини ошишига ижобий ёрдам беради.

 

Назиржон УЗАҚОВ, Ўзбекистон туманидаги

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш

қабулхонаси мудири вазифасини бажарувчи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *