Кўрилди

Хизмат бўйича чеклаш жазоси ҳамда унинг ижро этилиш тартиби

Мамлакатимизда амалга оширилиб келинаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан жиноий жазолар либераллаштирилиб, судлар фаолиятида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш кенгаймоқда.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноий жазолар ичида хизмат бўйича чеклаш жазоси алоҳида ўринга эга. Мазкур жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, яъни ҳарбий хизматчига ҳарбий хизматни ўтаб юриб, айбини ювиш имкониятин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 43-моддасида хизмат бўйича чеклаш жазоси фақат ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилиши кўрсатилган бўлиб, ушбу кодекснинг 47-моддасига кўра, хизмат бўйича чеклаш – ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчини суд ҳукмида кўрсатилган муддат давомида муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилиб, пул таъминотининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача бўлган миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолишдан иборатлиги, хизмат бўйича чеклаш жазо чораси икки ойдан уч йилгача муддатга қўлланилиши белгиланган. Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташ муддати давомида маҳкумнинг мансабини, ҳарбий ёки махсус унвонини ошириш мумкин эмас, жазони ўтаган вақт эса, унинг кўп йил ишлаганлик, навбатдаги ҳарбий ёки махсус унвон ҳамда пенсия олиш учун асос бўладиган хизмат муддатига қўшилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 14-моддасига мувофиқ, хизмат бўйича чеклаш жазоси маҳкум ҳарбий хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисм (муассаса)нинг командири (бошлиғи) томонидан ижро этилади. Ушбу кодекснинг 141-моддасига асосан командир (бошлиқ) ҳукм нусхасини ва суд фармойишини олганидан кейин уч кун ичида қуйидагиларни, яъни:

— маҳкум ҳарбий хизматчини лавозим ва ҳарбий унвонда кўтаришга тақдим этмаслик асоси ва муддатини;

— ҳарбий хизматчига навбатдаги ҳарбий унвон бериш ҳамда пенсия тайинлаш учун унинг хизмат муддатига қўшиб ҳисобланмайдиган вақтни;

— маҳкумнинг пул таъминотидан давлат фойдасига ўтказиладиган чегирма миқдорини кўрсатган ҳолда буйруқ чиқаради.

Командир(бошлиқ)нинг мазкур буйруғи маҳкум ҳарбий хизматчи эътиборига етказилади ва унинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига ҳукм нусхаси билан биргаликда қўшиб қўйилади. Шунингдек, командир (бошлиқ) ҳукм ижро этилганлиги ҳақида ҳукм чиқарган судга уч кунлик муддат ичида хабар беради.

Ушбу кодекснинг 142-моддасида эса хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташ муддатини ҳисоблаш тартиби кўрсатилган бўлиб, мазкур жазони ўташ муддати ҳукмни ижро этиш тўғрисида буйруқ чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Шунингдек, Жиноят ижроия-кодексининг 147-моддаси талабига кўра, хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилинган шахс ҳукмда белгиланган жазо муддати тугагунига қадар ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган тақдирда, командир (бошлиқ) жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини бошқа жазо билан алмаштириш ёки жазодан озод қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун материалларни судга тақдим этиши шарт. Бунда ушбу материалларни ҳарбий судга тегишли буйруқ асосида ҳарбий хизматчи ҳарбий қисм рўйхатидан чиқарилган куни ёки буйруқ чиққан куннинг эртасидан кечиктирмасдан тақдим этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Илҳомжон КОМИЛОВ,

Муҳриддин ЮСУПОВ,

Фарғона ҳарбий

судининг ходимлари.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *