Кўрилди

Гендер тенглик ва биз

Гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мунсабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятини барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.

Бевосита луғавий маъносига тўхталадиган бўлсак, “гендер” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “genus”, яъни “жинс” маъносини англатади. Агар биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратса, гендер – бу аёл ҳамда эркакларнинг жамиятдаги ўрнини ажратишга қаратилган.

Бош Қомусимизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга…” деб белгиланган. Яъни улар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатьи назар, қонун олдида тенгдирлар. 46-моддада эса “Хотин-қизлар ва эркак- лар тенг ҳуқуқлидирлар”, дея кафолатланган.

Аслида, ана шу модданинг ўзида юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият эканлиги кафолатлаб қўйилган. Саволу эътирозга ҳеч қандай ўрин қолдирилмаган. Лекин, афсуски, одамларимиз ўртасида стереотипларни қадрият даражасига кўтариш ҳолатларига барчамиз гувоҳ бўлганмиз. Айниқса, бу оилавий муносабатларда тез-тез учраб туради. Аммо демократик жамиятда бундай ёндашув янглиш ҳисобланади.

Қонун устувор бўлмаган жойда адолат ўрнатиш имконсиз. Худди шундай, эркин ва шаффоф жамиятни қонуниятларсиз шакллантириб бўлмайди. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам тарози посангисини тўғри тутувчи бир мезон бор. Бу – тенглик. Демократия тушунчасининг асл моҳияти айни шу нуқтада яққол намоён бўлади.

Суд тизимида хотин-қизлар иштирокини ошириш зарурати Ўзбекистоннинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенция, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси бўйича мажбуриятларидан келиб чиқади. Хусусан, ушбу ҳужжатлар давлат бошқарувида лавозимларни эгаллаш, давлат бошқарувининг барча даражаларида, жумладан, суд тизимида, ҳам давлатнинг барча вазифаларини амалга оширишда хотин-қизлар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш мажбуриятини юклайди. Ушбу ҳужжатларда хотин-қизлар одил судловга эришиш- ларини таъминлаш учун чора-тадбирларнинг кўрилиши кераклиги белгиланган. Бир қанча ҳужжатларда суд тизимида хотин-қизлар иштирокини ошириш билан боғлиқ қоидалар мавжуд.

Одатда, биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак!

Шундай қилиб, жамиятнинг хилма-хиллигини акс эттириш орқали суд тизимига бўлган ишончни уйғотиш ва барча турдаги суд ишларини кўришда хотин-қизларнинг таж- рибаси ва алоҳида эҳтиёжларини инобатга олишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Барчага маълумки, агар суд тизими жамиятнинг хилма-хиллигини намоён этувчи виждонли ва холис судьялардан иборат бўлса, судга мурожаат қиладиган хотин-қизлар суд тизимининг хайриҳох эканини кўпроқ ҳис қила олишлари мумкин. Шу сабабли суд тизимида фаолият юритувчи хотин-қизларнинг, хусусан, озчиликка мансуб ва кам намоён этилган гуруҳларга кирувчи хотин-қизларнинг сони етарлича бўлиши керак.

Ўз навбатида, қатор халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган самарали ҳамкорлик юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қиляпти. Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан муносабатларимиз юқори босқичга чиқди. Бу эса янгиланаётган Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ҳар томонлама уйғундир.

Кейинги йилларда мазкур соҳада қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган йўналишларда аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитишга доир ишлар ҳам алоҳида бир йўналищда жамланмоқда

Аввало, инсон манфаатлари устуворликга эга. Ўз навбатида, бунинг самараси халқ фаровонлиги, жамият барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётда акс этади. Шу жиҳатдан аёллар банд- лигини таъминлаш, уларнинг интилиш ҳамда қобилиятини тўлақонли юзага чиқариши учун имкониятларни кенгайтириш ўта муҳим масала.

Хуллас, гендер тенгликка эришиш борасида дадил қадамлар ташланмоқда. Қонунларимизда ана шу жабҳадаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда.

 

Эркин УМУРЗАҚОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Фориш туман судининг

раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *