Кўрилди

“Тошкент-Қўқон” йўлидаги босқинчилар

Машойихлар “Нафсим менинг балодур, ўтдан чўғга солодур” деб бежизга айтишмаган. Аслида бировнинг “Кобальт” русумли автомашинасини ижарага олиб, “Тошкент-Қўқон” йўналишида қатнаб, тирикчилик учун пул топиб юрган Достон Қобилов Тошкент шаҳрининг Қўйлик мавзесида Қўқон шаҳрига бормоқчи бўлиб, машина қидираётган икки нафар йигитларни машинасига ўтқазар экан, улар ҳеч қандай ҳужжатларсиз иккита сумкада коронавирус касаллигини даволаши мумин деб айтилиб, пиравордида дорихоналардан топилиши қийин бўлиб қолган, сунъий тарзда нархи ҳам қимматлаштириб юборилган ноёб дориларни олиб кетаётганларини эшитиб, нияти айниди. Ваҳоланки, “Кобальт”га ўтирган икки йигит борди-келди учун деб у билан 1 миллион сўмга келишган эди. Чамасида, дори воситалари 20-30 миллион сўмлик бўлса керак, деб хаёлланган Достоннинг кўзига нақд оладиган 1 миллион сўми ҳам кўринмай қолдими, Ангрен шаҳридаги газ қуйиш шахобчасига икки мижозини ташқарида қолдириб кирган Достон вақтдан фойдаланиб, ўз жиноий режасини амалга оширишга киришди.

Дастлаб таниши Бахромга сим қоқиб, машинасида икки мижоз бор экани, улар ҳужжатсиз “Ковид-19”га қарши ишлатиладиган ноёб дориларни олиб кетаётганини, агарда Қўқон шаҳрига киришда улардан мана шу дориларни босқинчилик йўли билан олиб қўйишса, бинойидек даромад топишларини, бунинг учун шерик- лар топиб, йўлда кутиб туришини сўради.

Катта пулнинг дарагини эшитган Бахром ҳовлиққанича дарров Мурод, Усмон, Рустамлар билан кўришиб, таниши Достоннинг таклифини етказди. Ўзаро маслаҳат пишгач, Бахром вақтинча ўз бошқарувида бўлган “Спарк” русумли машинасига шерикларини ўтқазиб, Қўқон шаҳридан чиқиб, Данғара туманининг Чинобод    қишлоғи томон йўлга чиқишди. Туман марказидан ўтиб, бир неча газ       қуйиш шахобчаларидан ҳам ўтишиб, ниҳоят “Олтиқуш” газ қуйиш шахобчаси ёнида йўлдан ортга кескин қайрилиб, Дос- тон Тошкент шаҳридан бошқариб келаётган “Кобальт” машинасини кута бошлашди. Бунгача эса “Спарк” машинаси видеокамерага тушиб қолмаслиги, биров кўриб, таниб олмаслиги учун машинанинг давлат рақамларини ечиб олишди.

Ниҳоят тунги 23лардан сўнг Дос-  тон Бахромга телефон қилиб, Данғара туманидаги газ қуйиш шахобчаларидан бирига киргани, икки мижози ташқарида тургани, беш-ўн дақиқада яна қайтиб йўлга чиқишини билдирди.

Пандемия муносабати билан юзларига ниқоб тақиб олган босқинчилар жонланишиб, ёнларидан Достон бошқарган “Кобальт” ўтишини сабрсизлик билан кута бош- лашди.

Ваниҳоят “Кобальт” ўтди-ю, унинг ортидан давлат рақамисиз “Спарк” ҳам йўлга тушди. Дала йўлидаги хилватга етиб борганида Бахром бошқариб бораётган “Спарк” “Кобальт”ни қувиб ўтиб, машина билан қисиб, тўхташни талаб қилди. “Кобальт”да ўтирган икки йўловчи эса ҳайдовчидан машинани тўхтатмасликни сўрашарди. Бироқ Достон мижозларининг айтганини қилмади. Машинани йўл четига олиб, тўхтатди. “Спарк”дан тушиб келган уч йигит дарҳол ҳайдовчини, унинг ёнида ўтирган тошкентлик Шавкатни зўрлик ишлатиб туширишиб, орқа ўриндиқдаги Омадбекни ёнига ўтқазишди. Орқа ўриндиққа уч кишини қисиб бўлсада икки томондан Бахром билан Мурод ўтириб олишди. “Кобальт”ни Рустам бош- қара бошлади.

Орқа ўриндиқда ўта қисилиб ўтирган Достон, Омадбек, Шавкатни Бахром билан Мурод қўрқитиш учун атайин ура бошлашди. Ҳатто олдиндан келишилганидек биринчи бўлиб Достонни урган бўлишди. Сўнг эса “Бизни қаерга олиб кетяпсизлар?” деб қичқирмоқчи бўлган Омадбекни бош қисмига темир парчаси билан уришиб, мабодо бақирадиган бўлса, сўйиб ташлашларини айтишиб, қўрқитиб қўйишди. Шундан сўнг улар жим бўлишди.

Йўлнинг яна бир хилват жойида “Кобальт” тўхтатилиб, дарҳол “Кобальт”нинг юкхонасидаги сумкаларни олишга киришилди. Бахром билан Мурод эса қўлларидаги темир бўлаги билан қўрқитиб, Шавкат ва Омадбекни пастга туширишиб, Омадбекнинг шимини чўнтагидан 2 миллион сўм пулларини ва автомашинанинг орқа суянчиғини орқасига яшириб қўйган ҳамёнини ичида бўлган 3 миллион 200 минг сўм ва 100 АҚШ долларини ҳам олиб қўйишди. Унинг қўлида бўлган 1 миллион сўмлик “Редми 5+” маркали телефон аппаратини ҳам олишди. Шериги Шавкатнинг   кийимини чўнтагида бўлган 3 миллион сўм пулларини, нархи 1 миллион 800 минг сўм бўлган “REDMI-8” маркали уяли алоқа телефон аппартини олишди. Ўзаро келишилганига мувофиқ Омадбек ва Шавкатнинг кўз ўнгида ҳайдовчи Достонни ҳам бир-икки муштлаб қўйишди. Сўнг уларни автомашинага яна ўтирғазишди ва автомашинанинг эшигини беркитиб қўйиб, оқ рангли “Спарк” автомашинасига ўтириб кетаётган вақтларида, Тошкент шаҳридан олиб келган ҳайдовчи Достон улардан автомашинанинг калити қаердалигини сўради. Босқинчилардан бири  Достонга қарата калитни отиб юборди ва ўзлари “Спарк” автомашинасига ўтириб, жуфтакни ростлаб юборишди.

“Тошкент-Қўқон” йўлидаги босқинчилик жинояти ҳайдовчи Достон ва босқинчилар бошлиғи Бахром тузган режа бўйича силлиқ кетаётганини сезган Достон босқинчиларнинг ортидан қувмоқчилигини айтди Ва “Кобальт” “Спарк”нинг ортидан тушди. Бироқ ярим йўлда “Спарк” кўздан йўқолди.

Тамомила шок ҳолатига тушиб қолган Омадбек ва Шавкатлар “Кобальт”да кетиб боришар экан, ногоҳ кўзлари пештоқига “ИИБ” деб ёзилган бинога тушиб қолди. Ҳайдовчи Достондан шу ерда тўхтатишни сўраб, дарҳол ИИБ биносига киришди. Бу ерда ҳатто ҳайдовчи Достондан ҳам шубҳаланаётганликларини, босқинчиларнинг шериги бўлиши мумкинлигини улар яшириб ўтиришмади.

Бу вақтда эса Қўқон шаҳрига кириб олган босқинчилар “Спарк”дан юкларни  туширишган, иккита сумкада аллақандай дори воситалари борлигини кўришганди.

Шу вақт яна “Кобальт” ҳайдовчиси Достон босқинчиларга телефон қилиб, олган нарсаларини қайтаришларини сўради. Чунки, ИИБ ходимлари Шавкат ва Омадбекнинг кўрсатмаси бўйича биринчи суриштирувни ҳайдовчи Достондан бошлашган эди-да.

Иш пачава бўлиши мумкинлигини ўйлаб, қўрқиб қолган босқинчилардан бири Мурод агар нарсаларни олиб бориб беришса, ИИБ ходимлари ўзларини ушлаб, аниқ жавобгар қилишларини айтиб, иккита спорт сумкаси, икки дона уяли алоқа телефон аппарати, бир дона ичида 100 АҚШ доллари ва 1 миллион 900 минг сўм атрофида пуллари бўлган қора рангли барсеткани рюгзак сумкаларни ичига солиб, чиқиб кетди.

Данғара тумани ИИБга сариқ рангли “Матиз” русумли, 40 425 ТТК давлат рақамли такси автомашина ҳайдовчиси икки дона сумкага жойлаштирилган дори воситаларини, жабрланувчи Шавкат Ҳайитбоевга тегишли бир дона “Редми НОТЕ 8” маркали телефон аппаратини, Омад Каримжоновга тегишли  1 миллион сўмлик “Редми 5+ ” маркали уяли алоқа телефон аппаратини, 100 АҚШ долларини ва 1 миллион 815 минг сўм пулларни олиб келди.

ИББ ходимлари томонидан “Матиз” такси ҳайдовчисидан дори воситалари ва бошқа буюмлар холислар иштирокида баённома тузиб расмийлаштириб, далилий ашё тариқасида олинди.

Бундан буёғига эса босқинчиларни топиб, жиноятни иссиғида фош этиш унчалик қийин бўлмади. Ҳатто жазодан қочиб юрган айбланувчилардан бири ўз ихтиёри билан Данғара туман ИИБга келиб, қилмишини бўйнига олди.

Яқинда суд ҳукми билан судланувчилар Абдуллаев Бахром Баҳодир ўғли, Сатторов Мирзажон Маҳмуджон ўғли, Акбаров Усмонжон Умурзоқ ўғли, Фармонов Расулжон Рустамжон ўғлининг ҳар бирига амалдаги Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 5 йилдан, судланувчи Қобилов Достонжон Ҳасанжон ўғлига 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Ҳа, қилмиш-қидирмиш деб шунга айтадилар. Текин пул топиш илинжида босқинчилик қилганлар ўз жазоларини олдилар.

 

Ҳаётбек СОТВОЛДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Данғара туман судининг

раиси.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *