Кўрилди

Гашиш: 500 ақш доллари деб 7 йилга қамалди

“Жиноятни кўпроқ кимлар қилади?” деган саволга лўнда қилиб, “Муқаддам жиноят кўчасига кириб, ақлини ўз вақтида йиғиштириб олмаганлар” деб бемалол жавоб бериш мумкин.

Дарҳақиқат, юқоридаги фикримизга исбот ва далиллар жуда кўплаб топилади. 69 ёшга тўлгунича муқаддам 4 маротаба судланиб ҳам ақлини йиғиштириб ололмаган Сайидисмон Қамбаров тўғрисида ҳам худди шундай де-       йиш мумкин. Ваҳоланки, бу ёшдаги инсонлар жиноят кўчасига яқинлашиш эмас, аксинча ёшларга панд-насиҳат қилиб, ёмон йўллардан қайтарадиган бўлиши лозим эди. Афсуски, Сайидисмон Қамбаров қўшни Қирғизистон Респуб- ликаси фуқароси бўлган, шахсига аниқлик киритишнинг имкони бўлмаган “Нурмирза” исмли шахс билан ўзаро жиноий тил бириктириб, у томонидан таклиф этилган жиноятга шерик бўлди.

Сайидисмон тоға уйида эканида Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятини Ола-буқа туманидаги Сафед-булон қиш- лоғида яшовчи “Нурмирза” телефон қилиб, Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғида учрашишни таклиф қилди. Албатта, бу таклиф бежиз эмас, бунинг сабабини Са-  йидисмон тоға жуда яхши биларди.

Яна жиноят кўчасига билиб туриб қадам қўяётганини олдиндан жуда яхши англаган Сайидисмон тоға дарҳол “Тико” машинасида айтилган жойга етиб борди. Учрашишди. “Нурмирза” унга бир килограмм гашиш гиёҳвандлик моддаси бор эканини, агарда мана шу гиёҳвандлик моддасини олиб, Наманган шаҳридаги керакли одамга етказиб берса, 500 АҚШ доллари миқдорида хизмат ҳақи олишини айтди.

Саийдисмон тоға йўқ демади. Орадан икки кун ўтказиб, тонгги соат 6:30ларда Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоғидан ўтган «ўзбек-қирғиз» давлат чегараси яқинига етиб келди. Гарчанд Са- йидисмон тоғанинг ўз машинаси бўлмасада, яқин қариндошининг “Тико” русумли машинасини сўраб олган, бозорлик иши борлигини баҳона қилган эди. Қариндошининг гапига ишонган, тез-тез ўз иши билан “Тико”ни олиб турган, ҳатто бошқариш учун ишончнома ҳам расмийлаштириб берган қариндоши Сайидисмон тоғанинг ушбу машина билан жиноят қилмоқчи эканидан тамомила бехабар эди. Сайидисмон тоға Заркент    қишлоғида “Нурмирза” билан кўришиб, давлат чегарасини қўриқлаётган ҳарбийлар кўринмаётганидан фойдаланиб, 1085,22 грамм «гашиш»  гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олди. “Гашиш”нинг бир қисмини машинасининг ўзи ўтирган ўриндиғи ёнидаги механик узатма қурилмаси остига, иккинчи қисмини эса машина юкхонасидаги газбаллон остига яширди.

Сайидисмон тоға чегара яқинидаги қишлоқдан шитоб билан Наманган шаҳри томон йўл олар экан, кўзига нуқул 500 АҚШ доллари кўринарди. Чунки, “Нурмирза” унга ушбу гиёҳвандлик воситаларини Янгиқўрғон туманидан Наманган шаҳрига кираверишда жойлашган “Ишонч” маҳалласидаги ошхонанинг олдига олиб бориб турса, гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олувчи, Наманган шаҳрида яшовчи нотаниш шахс унинг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, у билан учрашиб,    гиёҳвандлик воситаси учун 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул бериб, олиб кетишини, берилган пуллардан 500 АҚШ долларини ўзига хизмат ҳақи сифатида олишини ва қолган 450 АҚШ долларини “Нурмирза” билан Нанай қишлоғида кўришиб, унга топширишини ўйлаётганди-да.

Аммо Сайидисмон тоғанинг ўйлаганлари сароб бўлиб чиқди. У бошқариб келаётган давлат рақами 50R186OA, оқ рангли «Tico» русумли автомашина Наманган шаҳридаги “Ишонч” маҳалласида ҳаракатланиб бораётганида ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ходимлари томонидан тўхтатилди.

Шунга айтсалар керакда, “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деб.

Яқинда суд ҳукми билан 69 ёшга кириб ҳам жиноят кўчасида дайдиб юрган, гиёҳвандлик моддаси билан шуғулланган Сайидисмон Қамбаровнинг жиноят иши ҳар томонлама кўриб чиқилгач, унга амалдаги қонунларга биноан узил-кесил 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жиноят қуроли деб топилган “Тико” русумли, 50 R 186 OA давлат белгили транспорт воситаси қонуний эгасига қайтарилди.

 

Дилмурод РАҲМАТОВ,

Наманган вилоят прокуро-

рининг ички хавфсизликни

таъминлаш бўйича

катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *