Кўрилди

6 йил алимент тўламай қамоққа тушди

Мажбурий Ижро Бюросининг Қува туман бўлими иш юритувида  фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2015 йил 23 апрелдаги суд буйруғига асосан қарздор О.Абдуллаевдан Ю.Абдуллаева фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд эди. Ижро ҳужжати бўйича Бюронинг Қува туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздор О.Абдуллаевдан алимент ундиришга қаратилган барча чоралар кўрилган, бироқ бунинг имкони бўлмаган эди. Чунки, унинг яшаш манзилида ҳам эҳтиёжидан ортиқча мол-мулклар аниқланмаган. Бунинг устига О.Абдуллаев 2015 йил май ойида яшаш жойини тарк этиб, ишлаш учун Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудларига кетиб юборганди.

Унга нисбатан ўтказилган қидирув тадбирлари самарасиз якунланди. Эътиборлиси, қарздор фарзандлари учун суд қарори қабул қилингандан буён 6 йилдан ортиқ вақт давомида умуман алимент тўламасдан келиб, унинг алиментдан бўлган қарзи 63 миллион 486 минг 906 сўмни ташкил қилганди.

Бюронинг қидирув инспекторлари томонидан олиб борилган тезкор чоралар натижасида О.Абдуллаев тунги пайтда ота-онасининг уйига келган вақтида ушланди ва унга алимент қарзини тўлаш таклифи берилди. Алимент пулини тўлашдан қатъий бош тортиши унга нисбатан Ўзбекистон Респуб- ликаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштиришга сабаб бўлди.

2021 йил 22 июнда жиноят ишлари бўйича Қува туман судида О.Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишни кўриш узоққа чўзилмади, қарздор отанинг ўз фарзандлари учун “бир сўм ҳам тўламайман” деган гапларининг ўзи раислик этувчига кифоя қилди ва кўп ҳам ўйлаб ўтирмасдан унга нисбатан 15 сутка қамоқ жазосини тайинлади.

Шу тариқа суд томонидан қарздор отага жазони ўташ жараёнида ўзининг фарзандлари олдидаги оталик бурчини яна бир бор чуқур ўйлаб кўриши учун етарли вақт берилди.

 

Дилшоджон АҲМЕДОВ, Бош

прокуратура ҳузуридаги

МИБнинг Қува туман  

бўлими бошлиғи.

 

Ҳамидулло ТОШМАТОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги

МИБнинг Фарғона

вилоят бошқармаси

инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *