Кўрилди

Ўғригина йигит

Одатда, ҳар қандай 27 ёшли йигит тоғни урса талқон қилиб юборадиган, ишлаб чарчамайдиган, ўзининг ҳалол меҳнати билан келажагини яратишга қаттиқ киришган бўлади. Аммо Фарғона шаҳрилик Шаҳбоз шу ёшга кириб бирон бир ижтимоий фойдали меҳнатнинг этагини тутиш ўрнига фақат фирибгарлик, ўғирлик жиноятларини содир этиб, “танилди”. 6 маротаба судланиши натижасида суд томонидан “хавфли рецидивист” деб эътироф этилди.

Албатта, Шаҳбоз бирон жойга ишга киради, аммо яхши ниятда эмас. Қўли эгрлиги сабаб бирон қимматбаҳо буюмни ўмаради-ю, дарҳол зим ғойиб бўлади.

Шаҳбоз Фарғона шаҳридаги “Лазар” меҳмонхонасига ишчи сифатида ишга киргач, у кутганидек меҳмонхонага мижоз сифатида келган А.Сафаров ўзининг “Samsung A7” русумли телефонини қувватлаш учун унга берганидан фойдаланиб қолди. Телефоннинг қора рангли ғилофини ичида 300 АҚШ доллари борлигини билиб, телефонни ошхонага қувватлаш учун қўйиб, фурсат пойлаб турди. Ҳеч ким йўқлигида телефон ғилофи ичидаги 300 АҚШ долларини яширин равишда ўғирлаб, меҳмонхонадан чиқиб кетди. Тошкент шаҳрига бориб, ўғирлик йўли билан қўлга киритган пулларнинг бир қисмига ўзига кийим-кечаклар сотиб олди, қолган қисмини ҳам шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.

Сўнг қайтиб келиб, Фарғона шаҳридаги “Афина” деб номланган автомашиналар ювиш шахобчасига ишга кирди. Шахобчада бирга ишловчи Б.Юсуфжонов ва С.Абдужабборов янги телефонлар олишгани, телефонларининг IMEI коди рўйхатдан ўтмаганини тасодифан эшитиб қолди-ю, яна типирчилаб қолди. Аввал С.Абдужабборовга телефонининг IMEI кодини очиб бериши мумкинлигини, бу соҳада ишловчи танишлари борлигини айтиб, уни алдади. С.Абдужабборов рози бўлиб, унга “Samsung A21 S” русумли телефон аппаратини берди. Унга бир соатда телефонни тузатиб олиб келиб беришини айтиб, қимматбаҳо телефонни чўнтагига солгач, Б.Юсуфжоновни ҳам алдаб, унинг “Samsung A10” русумли телефонини ҳам қўлга киритиб олди. Х.Қурбоновга Фарғона шаҳрига бориб келиши учун велосипедини бериб туришини илтимос қилиб, уни ҳам алдаб, “BMВ” русумли велосипедини олиб, Фарғона шаҳар марказига борди. У ердан Марғилон шаҳрига бормоқчи бўлиб, Қиргули мавзесида ўзига нотаниш бўлган “Сардор” исмли шахсга С.Абдужабборовнинг “Samsung A21 S” русумли телефонини 500 минг сўмга сотди. Марғилон шаҳри марказига келиб, телефон савдо дўконида ўзига нотаниш бўлган Акрам исмли болага Б.Юсуфжоновнинг “Samsung A10” русумли телефонини 550 минг сўмга сотиб юборди. Акрам ундан телефоннинг ҳужжатларини сўраганида, унга телефон аппарати ўзига тегишли эканлигини айтиб, уни алдаб, жазони ижро этиш колониясидан чиқаётганида берилган маълумотноманинг аслини бериб қўя қолди. Х.Қурбоновнинг “BMВ” русумли велосипедини эса Марғилон шаҳрида жойлашган “Ўрам” чойхонаси олдида ўзига нотаниш бўлган шахсга 450 минг сўмга сотиб юбора қолди…

Ваҳоланки, Шаҳбоз қилган жиноятлари учун тездаёқ жавоб беришини жуда яхши биларди.

Судланувчи Ш.Матлубов суд жараёнида жабрланувчиларга етказилган зарарни қопламагани етмаганидек, бунга имконияти ҳам йўқлигини айтиб, аммо қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қонун доирасида енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.

Суд ҳукми билан судланувчи Ш.Матлубовга амалдаги қонунларга асосан жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси та- йинланди. Шунингдек, судланувчи Ш.Матлубовдан жабрланувчи А.Сафаров фойдасига 3 миллион 143 минг 376 сўм, жабрланувчи С.Абдужабборов фойдасига 1 миллион 700 минг сўм, жабрланувчи Х.Қурбонов фойдасига 1 миллион 800 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланди.

 

Маҳкамжон АБДУБААНАБОВ, жиноят ишлари

бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *