Кўрилди

Болалар нега онасига олиб берилди?

Эр-хотиннинг ажрашиши оқибатида болалар сарсону саргардон бўлиши, ё ота меҳрига, ёки она ғамхўрлигига зор-интизор бўлиб ўтиши ҳеч кимга сир эмас. Бўлиб ўтаётган суд мажлисларида мана шундай болаларни кўриб, юрак зирқирайди. “Нега эр-хотин ажрашди экан-а? Тинч, аҳилликда яшаса болаларга яхши бўларди-ку!” деб ўйланиб қолади киши. Аммо, ҳаёт мураккаб экан…

Яқинда онанинг судда жавобгар отага нисбатан даъво қўзғатиб, икки нафар фарзандини ўз қарамоғига олиб беришни сўраган иши кўриб чиқилди.

Суд мажлисида даъвогар она сўралганида аниқландики, улар 2007 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган. 2 нафар фарзандлари бор. Ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2020 йил декабрдан бирга яшамайди. Қонуний никоҳлари бекор қилинмаган. Жавобгар томонидан фарзандлари билан кўришиш ва тарбиясида иштирок этиш учун қаршилик қилинган. Она фарзандларидан воз кечмаган. Жавобгар бошқа турмуш қурган, фарзандларини ўгай она қўлида қолишини хоҳламайди.

Суд мажлисида сўралган жавобгарнинг сўзларидан маълум бўлдики, эътирознома тақдим этиб, ўз тушунтиришида даъвогарни фарзандлари билан кўришиб туришига қаршилик қилмаганлигини билдирган. Аксинча болаларни ўзи даъвогар билан бирга яшашни истамайди. Даъвогар бўлган онанинг содир этган хатти-ҳаракатлари натижасида оиласи бузилган. Уйида барча шарт-шароитлар етарли, фарзандлари ҳозирги кунда мактабда яхши ўқияпти. Уларнинг тарбиясида салбий ўзгаришлар содир бўлмаган. 2021 йил февраль ойида қонуний никоҳдан ўтмасдан Шоҳида исмли аёл билан бошқа турмуш қурган. Вояга етмаган фарзандлари билан суҳбатлашиб, фикрларини олишни сўради.

Суд мажлисида вояга етмаган болалар мутахассис иштирокида сўралганида, ҳар иккиси ҳозирги кунда дадаси билан бирга яшаб келаётганлигини, шароитлар етарли эканлигини, онаси билан бобосини уйида кўришиб туришини, ҳозирги кунда дадаси билан бирга яшашни хоҳлашини. Чунки, дадаси барча шароитларни яратиб берганлигини, онасини соғинганда кўришиб туриши мумкинлигини, Нигорахон аяси ўзларига яхши қарашини маълум қилишди.

Халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органи вакили ўз тушунтиришида, тарафларнинг оилавий, моддий-маиший аҳволи ва яшаш тарзини ўрганганини, даъвогарнинг уйида вояга етмаган болалар учун барча шароитлар борлигини, вояга етмаган болаларни ҳозирги кунда яшаб турган ша-   роитидан ажратиш мақсадга мувофиқ эмаслигини, даъвогар фарзандлари билан кўришиб туриши мумкинлигини, бундан ташқари, даъвогарга нисбатан жавобгар моддий томондан яхши таъминланганлигини маълум қилди.

Бироқ, суд иш ҳужжатларида мавжуд бўлган, Б.С.га берилган психологик хулосадан кўринишича, болада атрофдагиларга ва ҳодисаларга нисбатан эътиборсизлик мавжуд, боланинг ўзига баҳо бериши паст, ўзига ишончи кам, аламзадалик, агрессивлик, ишончсизлик ва қўрқув мавжуд. Болада ижодийлик етишмайди. Хулоса мазмунига кўра, болада ўз онасига нисбатан ишончсизлик ва ғазабланиш мавжуд. Бу ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилмаса, болада кейинчалик тушкунлик асносида руҳий бузилишлар келиб чиқиши мумкин. Бола ёш бўлишига  қарамай оиладаги низоларни четга чиқармасликка уринмоқда ва ич-ичидан ўз онаси меҳр билан қучоқлашини, кўпроқ болага меҳр беришини хоҳламоқда. Бола онаси уни яхши кўрмайди, фақат синглисини яхши  кўради ва улардан кечиб кетган деган тушунчага бориб қолган. Бу ҳолатни ота-онаси биргаликда бартараф этишлари жуда зарур, акс ҳолда болани келажакдаги ҳаётига салбий таъсир этиши мумкин.

Шунингдек, иш хужжатларида мавжуд бўлган Т.С.га берилган психологик хулосадан кўринишича, бола ота-онаси ўртасида юзага келган ҳолатлардан руҳий тушкунлик ҳис этмоқда, оиладаги психологик иқлим яхши эмас, бола оиласидан, ота-онасидан кутганидек меҳр ололмаяпти. Унда агрессивлик ҳолати йўқ, аммо нимадандир қўрқуви бор, ниманидир яширишга уринмоқда. Хулоса якунига кўра, болани тасаввурида оиладаги вазият мукаммал эмас. Бола билан ишлаш давомида болага нафақат отасининг меҳри, балки кўпроқ онасининг меҳри ҳам кераклиги аниқланди. Бола ич-ичидан ота-онасига эркалик қилгиси ва уларни меҳрини ҳис этишни хоҳлаётганлиги сезилмоқда. Расмдан ва ўтказилган суҳбатлардан хулоса қилиб айтганда, болада нимадандир қўрқув ва хавотир мавжуд, қисман тушкунлик ҳолати ҳам бор. Буларни бартараф этишда албатта ота-онасининг кўмаги, яъни меҳри жуда зарур.

Халқ таълими бўлими томонидан тасдиқланган 2021 йил 16-мартдаги хулоса мазмунидан кўринишича, вояга етмаган болаларни онанинг қарамоғига олиб бериш уланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, аҳлоқий камолотига зарар келтирмайди. Сабаби она болаларнинг биологик онаси,  оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган.

Ушбу ҳолатлардан ҳам кўриниб турибдики, васийлик ва ҳомийлик органи хулосаларида ҳам зиддиятли фикрлар, қарама-қаршиликлар мавжуд.

Суд юқоридаги ҳолатда даъвогар вояга етмаган болаларнинг онаси эканлигини, даъвогар фарзанд тарбиясида бошқа шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга эканлигини, жавобгар даъвогарга фарзандларини қайтариб олишига қаршилик қилиб келганлигини, болалар жавобгар билан узоқ муддат бирга яшамаётганлигини, алоҳида тартибда аниқлаш лозим бўлган ҳолатлар мавжуд эмаслигини, вояга етмаган болаларнинг психологик портретларида барча маълумотлар ўз аксини топганлигини инобатга олиб, суд-психологик экспертизаси тайинлашни лозим топмади.

Гарчи суд мажлисида вояга етмаган болалар мутахассис психолог иштирокида сўралганда, отаси билан бирга яшаш ниятини билдирган бўлсада, психолог томонидан улар билан суҳбатлашиш, расм чизиш усуллари ёрдамида уларнинг ички дунёси, сўз билан ифодаланмаган ҳиссиётлари очиб берилган, болаларга ҳозирги кунда она меҳри етишмаётганлиги аниқланган, болаларнинг ички руҳий оламида безовталик, оилавий келишмовчиликлардан хавотирланиш туйғулари борлиги аён бўлган.

Даъвогар томонидан олиб берилиши сўралаётган болалар ҳали вояга етмаган, улар кўпроқ онанинг парваришига, меҳрига муҳтож, айниқса қиз боланинг эҳтиёжларини кўпроқ она билади, тарафлар бирга яшамай қўйган давр: 2020 йил 28 декабрь кунидан вояга етмаган болалар жавобгар билан бирга яшаб келган, она табиатан отага нисбатан болаларга кўпроқ меҳрибондир, болалар ҳозирги кунда ва ҳозирги ёшида онанинг парваришига кўпроқ муҳтож, уларнинг ўз вақтида овқатланиши, кийимларини тоза бўлиши, ўз вақтида мактабга бориши, ўқиши, таълим-тарбиясида онанинг ўрни муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратиб, амалдаги қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар онанинг жавобгар отага нисбатан болаларни ўз қарамоғига олиб бериш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилди.

 

Нозимжон ЭГАМОВ, фуқаролик

ишлари бўйича Марғилон

туманлараро судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *