Кўрилди

Бир жиноят қилди, икки жиноят қилди, кечирилди…

Аммо кечиримлиликнинг ҳам ниҳояси бор. Бунинг учун жиноят кўчасига кириб, судланиб,

кечирилган инсон фақат тўғри хулоса чиқармоғи талаб этилади.

Авазбек Бешариқ туманида туғилган ва шу туманда яшайди. Аммо у ёш бўлишига қарамасдан айш-ишрат, ичкиликбозликнинг ишқибози бўлиб улғая бошлади.

Эрталаб у кўчага чиққанида ҳам хаёли-фикрида ўртоқларини топиб, маишат қилиш эди. У шу мақсадда бир-икки ўртоқларини топди, туман марказининг турли жойларига бирга боришиб, пиво ичишди. Вақт эса ўтиб борарди.

Шу вақт танишларидан бири унга телефон қилиб, куни кеча туғилган кунини нишонлаганини, туғилган кунидан қолган емишлар ва спиртли ичимликлар борлигини айтиб, уйига таклиф қилди. Авазбек ўртоқларини олиб, танишига пешвоз чиқди. Таниши эса “Ласетти” русумли машинасида етиб келгач, Авазбек бир ўртоғи билан танишининг машинасига ўтирди. Улар “Ласетти” машинасида танишининг уйига боришди. Аммо уйнинг эшиги берк, калити йўқ экан. Барча уйнинг деразаси орқали уй ичига киришди. Шу ерда туғилган кундан ортиб қолган турли емишлар, пиво дейсизми, бош- қа спиртли ичимликларни ичишиб, роса кайф қила бошлашди.

Бу орада Авазбек ва унинг ўртоғини уйига олиб келган таниши маст бўлиб, ухлаб қолди. Шу пайт Авазбекнинг хаёлига ташқарида турган “Ласетти” русумли машинани миниб, ўртоқлари билан саёҳат қилиб келиш келиб қолди. Аммо машинанинг калити йўқ эди. Шунда Авазбек уй ичида тимирскиланиб юриб машинанинг заҳирадаги калитини топиб олди ва ўртоғи билан яна дераза орқали ташқарига чиқишди. Табиийки, машина бошқарувини Авазбек қўлига олди. “Ласетти” русумли машинанинг эшигини ўзи билан бирга олиб чиққан калит орқали очиб, машинани юргазиб, кўп қаватли уйларни олдидан катта йўлга  бошқариб чиқди. Бу вақтда телефон орқали чақирилган яна бир ўртоғи велосипедда келиб қолди-ю, Авазбек ўртоғига велосипедини уй олдида қолдириб, машинага чиқишга таклиф қилди. Авазбек машинани миниб, эски Тошкент йўлига чиқди, эски Бахмал йўлига чиққанида машинани миниш учун бир ўртоғига берди. Ўртоғи машинани Бешариқ туманининг Яккатут қишлоғига қадар миниб бошқариб борди. Шундан кейин Авазбек Яккатут қишлоғида машинани яна алмашиб, ўзи бош- қариб миниб олди. Авазбек кайф ҳолда машинани қайтариб, Яккатут кишлоғидан чиқаверишда кўзига нимадир кўрингандек бўлдими, кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, чап томондаги боғлар томонга қараб машина билан кириб кетиб қолди.

Бир сўз билан айтганда, машина шу ерда бўлган бир ўрик дарахтига бориб урилганди. Машинадан ҳамма дарҳол пастга тушиб, машинанинг эшигини беркитиб қўйилди-да, эрталаб машинанинг эгасига ҳолатни тушунтириб, эвакуватор олиб келиб машинани олиб кетмоқчи бўлди. Сўнг урилган машинани ташлаб йўловчи “Damas” машинасига ўтиришиб, ортга қайтишди.

Танишининг уйига етиб келишгач эса яна дераза орқали ичкарига киришди. Бу вақтда машинанинг эгаси ҳамон ухлаб ётарди. Авазбек бошчилигидаги йигитлар эса уйи ичидан нималарнидир олишиб, дарҳол жуфтакни ростлаб қолишди.

Аммо машинани ўғирлаб чиқиб, миниб саёҳат қилмоқчи бўлган Авазбек бошчилигидаги йигитлар зудлик билан ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинишди.

Яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида аниқлик киритилишича, “Daewoo Lacetti” русумли автомашинани Авазбек бошқарув пульти орқали очиб, автомашинани бошқариб, яқин атрофда бўлган икки ўртоғини автомашинага чиқариб, қонунга хилоф равишда олиб қочиб кетган. Сўнг Авазбек маст ҳолатда автомашинани Бешариқ тумани, Яккатут қишлоғи ҳудудидан ўтган “Андархон-Фурқат” йўналиши бўйлаб бош- қариб келиб, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чап томонида бўлган ўрик дарахтига урилиб тўхтаган. Натижада Авазбек ва унинг икки ўртоғи ҳодиса жойида енгил тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойидан кетиб юборишган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида “Daewoo Lacetti” русумли автотранспорт воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Ўтказилган судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, Авазбекнинг бир ўртоғини чап қўл кафт соҳасида, чап тизза бўғимида, чап оёқ товон соҳасида шилинмалари бўлиб, бу тан жароҳатлар тез ўтиб кетувчи енгил тан жароҳатлар тоифасига киришлиги аниқланган. «Ласетти” русумли автотранспорт воситасига 18 миллион 862 минг 661  сўм моддий зарар етганлиги аниқланди.

Авазбекнинг жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддасини 1-қисми билан квалификация қилинди.

Суд Авазбекга жазо тури ва миқдорини тайинлашда, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида жиноятни спиртли ичимликдан маст ҳолатда содир этганлиги деб, енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида оилавий аҳволи, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарарни қоп- лаб, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги деб ҳисоблаб ҳамда Ўзбек- истон Республикасининг амалдаги қонунларига биноан жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал та- йинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазонинг енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак, деб, одиллик, инсонпарварлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига таянган ҳолда, Авазбекга нисбатан Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида у айбли деб топилаётган модда санкциясида кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашликни, унинг муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини муҳокама қилиб, уни жамиятдан ажратмай қайта тарбиялаш мумкин деб ҳисоблаб, тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаган ҳолда шартли ҳукм қилишликни лозим деб ҳисоблади.

Албатта, ўсиб келаётган ёшларни, улар ўғилми, қизми, назоратсиз қолдириш ёмон оқибатларга олиб келиши кўп маротаба ҳаётда ўз исботини топган. Юқоридаги воқеа ҳам айнан фикримизнинг далилидир. Шундай экан, фарзандларимизга нисбатан эътиборли бўлиш лозим. Зеро, Авазбек ва унинг дўстлари суд ҳукмидан кейин ўзларига тегишли хулосани чиқариб олган бўлсалар, ажаб эмас.

Аммо жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди худди ўша куни, яъни автомашина олиб қочилиш жинояти бўйича суд мажлисидан сўнг судланувчи Авазбекнинг яна бир жиноий қилмиши юзасидан ажрим чиқарди. Чунки, Авазбек биринчи жиноятидан сўнг 19 кун ўтиб, яна бир жиноятга қўл урганди…

Ажримда билдирилишича, Авазбек Бешариқ тумани, Ҳ.Олимжон  номли МФЙ, “Сирдарё” кўчасида жойлашган “Дорихона” олдидаги “Comfort” номли, нархи 2 миллион 600 минг сўмлик велосипедни ва велосипеднинг рул қисмидаги қора рангли полимер пакет парчасига ўралган 1 миллион 150 минг сўм пулларни ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, яширин равишда эгаллаб, воқеа жойидан номаълум томонга қочиб яширинган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Авазбекдан “Comfort” номли велосипед далилий ашё тариқасида олинган ва тилхат орқали эгасига қайтарилган.

Суд терговида судланувчи Авазбек ва жабрланувчи ариза билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўрашди.

Амалдаги қонунларга биноан суд ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасини 1-қисми билан судланувчи Авазбекга нисбатан жиноят иши ярашилганлиги муносабати билан тугатилди. Жабрланувчига мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш юзасидан илтимоснома бериш ҳуқуқи йўқолганлиги тушунтирилди. Ашёвий далил тариқасида олинган “Comfort” номли велосипед ашёвий далил деб эътироф этилиб, тилхат орқали жабрланувчига қайтарилганлиги инобатга олинди.

Халқимизда “яхши отга бир қамчи” деган доно нақл бор. Авазбек эса кетма-кет иккита жиноятни содир этган бўлсада, кечирилди. Ушбу кечиримлиликнинг қадрига етиш эса нафақат Авазбекнинг, балки унинг яқинларини ўйлантириб, қадрига етишга ундаши керак. Чунки, тушунган одамга давлатимизнинг инсонпарварлик, адолатлилик тамойилларидан келиб чиқиб тақдим этган кечиришининг ўзи бир жазо ўрнини босиши лозим.

 Нодиржон ДЖАЛОЛОВ, Фарғона вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *