Кўрилди

Оталикни белгилаш ишини судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири – тўлақонли оилани шакллантириш ва муҳофаза қилиш, бевосита бу борада ота-оналарнинг болалар олдида турган вазифалари ва мажбуриятларини тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган.

Оила эркак ва аёлнинг қонуний никоҳи асосида қурилади. Афсуски, жамиятимизда диний расм-русумлар бўйича шаръий никоҳ қуриб яшаб келаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида дунёга келган фарзандга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олишда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 60-моддасига асосан боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолда эса, бошқа далилларга асосан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.

Агар никоҳ тугаганидан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқшунос олима З.Эсанованинг фикрича, оталикни белгилаш тушунчаси ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган боланинг мазкур отадан туғилганлик фактининг ота-онани ихтиёрий аризаси ёки суд қарори асосида тасдиқланишини назарда тутади.

Юридик адабиётларда оталикни белгилашнинг уч тури, яъни оталикни белгилаш, оталикни тан олганлик факти, оталик фактини белгилаш турлари кўрсатилган.

Оила кодексининг 61-моддасини тўртинчи қисмига асосан оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақли.

Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаcи деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.

Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин.

Бугунги кунда амалиётда оталикни белгилаш билан боғлиқ низоларни судларда кўришда, бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, хусусан, Оила кодексининг 61-моддаси талабларига кўра, ота-она ҳар доим ҳам биргаликда оталикни белгилаш ҳақида ФҲДЁ бўлимига мурожжат қилмаслиги мумкин. Чунки, отанинг маълум бир сабабларга кўра Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилмаслиги ёки унинг қаердалигини аниқлаш имконини йщқлиги, хусусан келгусида оталик белгиланган тақдирда бола таъминоти учун алимент тўлови келиб чиқиши мумкинлиги ота томонидан ўз ихтиёрига кўра мурожаат қилмасликни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатда болага туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома беришда онани ёлғиз аризасига асосан берилиши ҳоллари кўп учрамоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Оила кодексининг 62-моддаси қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан қўшимча киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. 62-модда. Оталикнинг суд тартибида белгиланиши.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда,              ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек, бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.

Боланинг отаси чет элда бўлса ёки болани тан олишдан бош тортса, ихтиёрий ариза бермаса, боланинг манфаатларини кўзлаб ваколатли органлар судга даъво-аризаси киритиш мумкин.

Оталикни белгилаётганда, суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда, унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Муҳаббатхон ШОКИРОВА, Судьялар олий мактаби “Фуқаролик ҳуқуқи” йўналиши тингловчиси.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *