Кўрилди

Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) билан боғлиқ низолар маъмурий судлар томонидан ҳал этилади

Бу йил юртимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтадиган йил. Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги, биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда шакллантириш кераклиги, ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттириш ва бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади”, деб бежизга таъкидлаб ўтишмаган.

Ушбу сайловларни тинч, демократик тарзда, қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилишида судларнинг ҳам ўрни беқиёс.

Хусусан, ҳар қандай демократик давлатларда бўлгани каби сайловолди ташвиқотлари ва сайловгача бўлган бошқа жараёнлардан, шунингдек, сайлов натижаларидан сайловчилар ва сайланувчилар ҳамда бошқа шахслар  томонидан эътирозлар юзага келиши табиий жараён ҳисобланади. Бундай ҳолларда, сайлов қонунчилиги бузилишларининг судлар томонидан кўриб чиқилиши бизнинг амалдаги қонун ҳужжатларимизда белгилаб қўйилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Чунончи, фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок эта олмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 24-моддасига кўра, участка сайлов комиссиясининг ваколатларидан бири сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг рўйхатини тузиш, сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништириш, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш, рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этишдан иборатдир. Сайловчиларнинг рўйхатига сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари киритилади.

Мисол учун, сайловчи “А” туманида доимий рўйхатда туради, лекин ўзи “Б” туманида рўйхатдан ўтмаган ҳолда вақтинча ёки доимий яшаб келади. Демак, бундай ҳолларда сайловчи рўйхатда турган ҳудудида эмас, балки рўйхатдан ўтмаган ҳолда доимий ёки вақтинча яшаб келаётган жойда рўйхатга олиниши керак бўлади.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, агар фуқаро сайлов участкаси томонидан сайловда иштирок этиш учун рўйхатга олинмаса, у кимга мурожаат қилади?

Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида дастлаб участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Агар фуқаро участка сайлов комиссиясининг унга берган жавобидан ва хатти-ҳаракатидан норози бўлган тақдирда, маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасини биринчи қисми 3-бандига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўриб чиқилса, қуйи сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Хусусан, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин бўлади.

Ўтган даврда Тошкент шаҳар маъмурий судларга сайловларни ўтказиш ва ташкил этиш билан боғлиқ  14 та аризалар (шикоят) келиб тушган бўлиб, мазкур шикоятлар (аризалар)дан 6 таси қаноатлантирилган, 2 таси қаноатлантириш рад этилган, 1 та ариза (шикоят) иш юритишдан тугатилган, 1 та аризани (шикоят) қабул қилиш рад этилган, 4 таси суд томонидан қайтарилган.

Хусусан, биринчи инстанция маъмурий судига фуқаро У.Худайберганов мурожаат қилиб, унда туман сайлов комиссиясининг 2020 йил 9 январдаги 9-сонли қарорини 18-Висол сайлов округининг 105-сайлов участкасига оид қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда туман сайлов комиссиясининг ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ва туман сайлов комиссиясига 2020 йил 19 январь куни ўтказиладиган такрорий сайловдан сиёсий партиялар томонидан қонунга хилоф равишда номзодлари кўрсатилган Х.Рахимгазиев, И.Джумаев ва Д.Мавляноваларнинг номзодларини рўйхатдан чиқариш ва уларнинг шахсига оид маълумотларни сайлов бюллетенларига киритмаслик, сайловолди ташвиқотида қатнаштирмаслик мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция суди томонидан аниқланишича, У.Худайберганов Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 18-Висол сайлов округи бўйича халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олинган.

Халқ депутатлари Бектемир туман кенгашига сайлов ўтказувчи 18-Висол сайлов округи комиссиясининг 2019 йил 22 декабрь кунги 7-сонли қарори билан халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 18-Висол сайлов округида жойлашган 105-сайлов комиссиясининг сайлов натижалари тўғрисидаги 2019 йил 22 декабрь кунги 7-сонли қарори ҳамда баёни бекор қилинган.

Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 декабрдаги 16-сонли қарори билан халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 18-Висол сайлов округида такрорий сайлов ўтказиш 2020 йил 19 январь кунига белгиланган.

Халқ депутатлари Бектемир туман кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссиясининг 2020 йил 9 январь кунги қарори билан халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 18-Висол сайлов округида 2020 йил 19 январь куни ўтказиладиган такрорий сайловда халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутатлигига номзодлар этиб У.Худайберганов, Х.Рахимгазиев, И.Джумаев, С.Менглиева ҳамда Д.Мавляновалар рўйхатга олинган.

Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг 91-моддасига кўра, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг тегишли органлари томонидан амалга оширилади. Сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий кенгашлар депутатлигига биттадан номзод кўрсатишга ваколатли. Бир шахс тегишли маҳаллий кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

Мазкур талабдан келиб чиқиб, айнан бир округда сайловда депутатликка номзод сифатида иштирок этиб, ушбу округ бўйича такрорий сайлов ўтказилиши белгиланмаган бўлса, номзодни сайловда такроран иштирок этиш ҳуқуқи мавжуд эмас, деб ҳисобланади. Бир шахс тегишли маҳаллий кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат биттадан ортиқ сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас, биттадан ортиқ сайлов округида депутатликка номзод сифатида иштирок этиш бошқа номзодларнинг ва сайловчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкинлигини келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Конституциясининг ушбу нормаси моҳиятига кўра, ҳеч ким бир сайловда, агар сайлов ҳақиқий эмас деб топилган бўлмаса, икки маротаба сайловчи ва депутатликка номзод сифатида иштирок этиши мумкин эмас.

Ушбу ҳолатда халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси томонидан 2020 йил 9 январдаги 9-сонли қарори билан 18-Висол сайлов округида такрорий сайловда иштирок этиш учун номзодларни рўйхатга олишда сайлов кодексига тўлиқ амал қилмаган.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси томонидан И.Джумаевни депутатликка номзод сифатида рўйхатга олишда уни 2019 йил 22 декабрь куни ўтказилган сайловда 12-Зилола округи сайлов комиссияси раиси сифатида иштирок этганлигига эътибор қаратмаган.

Биринчи инстанция маъмурий суди аризани қаноатлантириб, халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссиясига нисбатан туман сайлов комиссиясининг 2020 йил 9 январдаги 9-сонли қарорини 18-Висол сайлов округига оид қисмини сайлов қонунчилигига зид бўлганлиги сабабли ҳақиқий эмас, деб топган. Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссиясининг 18-Висол сайлов округида 2020 йил 19 январь куни ўтказиладиган такрорий сайловда иштирок этадиган депутатликка номзодларни рўйхатга олишдаги ҳаракатларини қонунга хилоф деб топган ва туман сайлов комиссияси зиммасига 18-Висол сайлов округида 2020 йил 19 январь куни ўтказиладиган такрорий сайловда дастлабки сайловда ушбу округдан иштирок этмаган депутатликка номзодларни номзодлар рўйхатидан чиқариш ва халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутатлигига номзодларни сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда рўйхатга олиш мажбуриятини юклаган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 142-моддаси ва Сайлов кодексининг 102-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилади.

Баҳодир ХОЛМОНОВ, Дўсмурод ТОШЕВ, Тошкент шаҳар, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьялари.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *