Кўрилди

Архив ҳужжатларини беришда давлат хизматларини кўрсатиш

Кейинги йилларда юртимизда аҳолига ҳуқуқий ҳизмат кўрсатиш

соҳасида салмоқли ўзгаришлар юз бермоқда.

Бевосита инсон ҳаёти ва унинг ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳаракатлар вақтлар ўтса-да, ўзининг кучини кўрсатади, албатта. У мулкий муносабатларми, мерос, васиятнома, ёки шу турдаги бошқа нотариал ҳаракатларми, йиллар ўтса-да, аҳамиятини йўқотмайди. Ана шу маънода бу масалаларни тартибга солишга катта аҳамият берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5278-сонли Фармонига асосан ишлаб чиқилган бир неча ҳужжатлар талабига кўра, ариза берувчи давлат хизмати олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этиши белгиланди. Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан регламентда белгиланган шаклга мувофиқ сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

Сўровномага:

паспорт нусхаси;

ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда – ишончнома нусхаси;

марҳум номидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар ҳақида архив ҳужжатлари олинаётганда – марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома ва ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

ариза берувчи васиятномага асосан меросхўр бўлганда – васиятнома ва марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса – уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади.

Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олиниши лозим.

Сўровномага зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг аризачи уни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Сўровномада ишончсиз маълумотлар кўрсатилганлиги, шунингдек, тегишли ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади. Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга ва бундай ҳолларда унинг сўровномаси кўрмасдан  қолдирилади.

Сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчининг ЭРИси билан тасдиқлангандан сўнг, барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон ша- клда юборилади. Сўнгра ваколатли орган томонидан қуйидаги муддатлар мобайнида архив ҳужжатини бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади:

а) нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дуб- ликати – сўровнома келиб тушгандан сўнг 5 иш куни мобайнида;

б) нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма – сўровнома келиб тушгандан сўнг 2 иш куни мобайнида;

в) архив ҳужжатларидан нусхалар – сўровнома келиб тушгандан сўнг 2 иш куни мобайнида;

г) архив маълумотномалари – сўровнома келиб тушгандан сўнг 1 иш куни мобайнида.

Шунингдек, ваколатли орган архив ҳужжатини бериш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, 10 дақиқа мобайнида Давлат хизматлари марказига архив ҳужжатларини бериш учун тўланадиган тўлов суммасини кўрсатган ҳолда электрон тарзда хабарнома ва архив ҳужжатларини юборади.

Архив ҳужжатларини бериш учун қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида;

нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма бериш учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида;

архив ҳужжатларидан нусхалар бериш учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида;

архив маълумотномалари бериш учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида.

Гербли (махсус) бланкаларда нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликатлари берилганда, қонун ҳужжатларига мувофиқ герб йиғими ундирилади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Давлат хизматлари марказига хабарнома тушганидан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақда ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Тўлов амалга оширилгандан сўнг, архив ҳужжати электрон ёки қоғоз шаклда ариза берувчига берилади. Ариза берувчининг сўровига асосан ҳужжатларга Давлат хизматлари марказининг муҳри босиб берилиши мумкин. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари ариза берувчига фақат қоғоз шаклида берилади.

Архив ҳужжатлари нотариал архивда мавжуд бўлмаса, кўрсатилган хизматлар учун ариза берувчи томонидан тўлов амалга оширилмаса, давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.

 Малика ҚОСИМЖОНОВА, Наманган вилояти Адлия бошқармаси ҳузуридаги идоравий нотариал архив иш юритувчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *