Кўрилди

Тадбиркорлар – иқтисодиёт таянчи

 Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларни ислоҳ этиш борасида бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, жамиятда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар сафини кенгайтириш ҳамда уларни рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 октябрдаги 848-сонли “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг иловасида “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузуридаги Тардбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий Низоми” тасдиқланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, тадбиркорлик – тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Тадбиркорлик фаолиятининг субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир. Шунингдек, давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонун ҳужжатларида ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас.

Намунавий Низом 32-банддан иборат бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман (шаҳар)лардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва тадбиркорларнинг бошқа вакилларидан ташкил этилган Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашларининг вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. Низомга кўра, тадбиркорлар кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисоб- ланади. Тадбиркорлар кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман (шаҳар)- лардаги Бош вазир қабулхоналари ҳузурида ташкил этилади. Тадбиркорлар кенгашлари таркиби фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат фуқаролар орасидан сайлаб олинади.

Шунингдек, Низомда тадбиркорлар кенгашларининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ва тадбиркорлар кенгашларининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби белгиланган.

Тадбиркорлар кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ Низомнинг 9-бандида белгиланган функцияларни бажаради. Функциялари – доимий равишда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади; ҳар ойда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривож- лантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш   бўйича таклифларни Агентликка тақдим этиб боради; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Бош вазир қабулхоналари ҳузурида ташкил этилган Тадбиркорлар кенгашлари таркибидаги Агентлик вакили ушбу муаммоларни умумлаштириб, доимий равишда Агентликка тақдим этиб боради; соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларни тадбиркорларга доимий равишда етказиб боради; Агентлик, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича тизимли алоқаларни йўлга қўяди; тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиб боради; тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи ижтимоий сўровлар ўтказади; Бош вазир қабулхоналари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этишда иштирок этади; тадбиркорлар кенгашларининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этишдан иборатдир.

Бир сўз билан айтганимизда, кичик бизнес ва тадбиркорлик иқтисодиётнинг асосий таянчи ҳисобланиб, бугунги кунда мазкур фаолиятни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг сафини кенгайтириш ҳамда уларни рағбатлантириш ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишда ҳамда аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигининг барқарор ўсишида муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.

 Мавлудахон УММАТОВА, Риштон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *