Кўрилди

Одам савдоси – глобал муаммо

 Барчамизга маълумки, сўнгги пайтларда одам савдоси бутун дунёҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий муаммога айланган. Унинг кўлами кундан-кунга кенгайиб, ортиб бормоқда. Фуқароларнинг чет элларга ноқонуний равишда чиқиб кетишлари, уларнинг норасмий йўллар билан фирибгар воситачилар ёрдамида иш топиб, қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирилиши, номаълум одамларга паспорт ва бошқа шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини топшириб қўйишлари – уларнинг том маънода қулга айланиб   қолишларига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларни чет мамлакатларда бўлиш вақтида яшаб ва ишлаб турган давлат қонунчилиги, меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида амал қилиниши лозим бўлган қоидаларни билмасликлари аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Айниқса, борган юртларининг тилини билмаслиги, муайян касб ва малакага эга бўлмаслиги, аксарият одамларнинг ўз ҳақини талаб қила олмаслиги оғир меҳнат шароитларида қул сифатида эксплуатация қилинишларига сабаб бўлмоқда. Умуман олганда, одам савдоси – ҳозирги кунда қулликнинг замонавий кўриниши бўлиб, инсон ҳуқуқларининг поймол бўлишига олиб келмоқда. Натижада бу савдога асир тушган одам ўз инсонийлик мавқеини йўқотиб, сотилувчи ва сотиб олинувчи маҳсулотга айланмоқда.

Шу ўринда одам савдоси жиноятининг қуйидаги шаклларини санаб ўтиш мумкин:

— мажбурий меҳнат объекти сифатидаги одам савдоси;

— одамнинг табиий органларини ажратиб олиш мақсадидаги одам савдоси (трансплантация);

— жинсий эксплуатация объекти сифатидаги аёллар савдоси;

— жинсий эксплуатация объекти сифатидаги болалар савдоси.

Мамлакатимизда ҳам одам савдосини олдини олиш, унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши билан мамлакатимизда бу глобал муаммога қарши курашиш ҳамда ундан жабрланганларни ҳимояланишининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Одам савдоси жамиятнинг моддий, техник, интеллектуал салоҳиятини пасайтиради, унинг генофондини бузади. Ундан сақланмоқ, одамларни огоҳликка чақирмоқ жамият олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Зеро, одам савдоси – ҳудуд, чегара, миллат танламайдиган мудҳиш жиноятдир.

 

Жамшид ТИЛАБОВ, Фориш туман иқтисодий судининг Девонхона мудири.                                                                              

 Олим ТУРДИЕВ, Фориш туман иқтисодий суди судьясининг ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *