Кўрилди

Ўғлини яхши кўради, аммо…

Фарзандим – дилбандим, дейишади қариялар. Бироқ, бир, икки ва ҳатто ундан ортиқ фарзандлари бўла туриб, оиласидан ажратишни сўраб судга мурожаат қилувчилар

талайгина. Улар қандай қилиб, фарзандларисиз яшай олишаркин, деб ўйланиб қоламан.

Яқинда судга аёл киши ариза билан мурожаат қилиб, А.А. билан 2005 йили қонуний никоҳдан ўтиб, оила қургани, 2008 йилдан эса ўзаро келишмовчиликлар сабабли бирга яшамаслигини, суд қарори билан никоҳлари бекор бўлганлигини. Шундан кейин суд буйруғи билан бир нафар фарзанди учун собиқ эридан алимент ундириш таийнланганини. Бироқ, собиқ эри бирон марта ҳам фарзанди таъминоти учун ёрдам бермаганини. Бошқа турмуш қуриб яшаётганини. Ҳатто собиқ эри уйига бориб, жанжал кўтариб, онасига тан жароҳати етказганлиги сабабли жиноят суди орқали судланганини билдириб, собиқ эрини оталикдан маҳрум қилишни сўради.

Собиқ эр эса ўғлини яхши кўришини, моддий ёрдам беришга тайёр эканини айтиб, суднинг ҳукми билан айбдор деб топилганлиги ва жазони ўтаб чиққанлигини, вояга етмаган фарзанди учун алимент тўламаганлигини, бошқа оила қурганлигини, бир нафар фарзанди ҳам борлигини маълум қилиб, даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилишни сўради.

Суд мажлисида Марғилон шаҳар васийлик ва ҳомийлик органи вакили О.Маматбеков ўз тушунтиришида даъво-ариза билан танишиб чиққанлигини, васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тайёрланган хулосани қувватлашини билдириб, даъво талабини қаноатлантириш мақсадга мувофиқ бўлишини маълум қилди.

Суд ишда тўпланган ҳужжатларни текшириб, тарафларнинг  тушунтиришларини, адвокатнинг музокара нутқини эшитиб, прокурор ёрдамчисининг даъво талабини қаноатлантириш тўғрисидаги фикрини тинглаб, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлашга ҳаракат қилди.

Суд даъво талабини муҳокама қилиб, ота томонидан вояга етмаган фарзандига ғамхўрлик қилинмаганлиги, алимент тўлашдан бош тортганлиги, алимент тўлашдан бўйин товлаш учун таъмагирлик ниятида турмуш ўртоғи ва унинг онасини қасддан ўлдириш мақсадида уларга тан жароҳати етказганлиги, унинг ушбу хатти-ҳаракатлари суднинг ҳукми билан тасдиқланганлиги, жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилинганлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантиришни ҳамда уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилишни лозим топди.

 Нозимжон ЭГАМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *