Кўрилди

Жиноятчи шеригини алдаганди-ю…

Жиноят олами қизиқ экан-да. Кимдир билиб-билмай жиноятга қўл урса, яна кимдир билиб туриб қонунни бузади. Жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида яқиндагина қирқ ёшини қаршилаган Фарғона шаҳридаги “Бешбола” МФЙда яшовчи Садриддин Аҳмедов ҳамда Риштон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган Маҳмуджон Эгамбердиевлар (айрим сабабларга кўра исмлар ўзгартирилган)нинг жиноий ишларини кўриб чиқиш жараёнида кутилмаган ҳолатга дуч келинди.     

Суд жараёнида шу нарса маълум бўлдики, судланувчиларнинг бири шеригини алдаган. Шериги эса давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтишаётгани жиноят эканлигини билган, лекин ҳамроҳининг содир этаётган асосий жиноий ишига шериклигини билмаган.

Бўлиб ўтган суд жараёнида воқеалар ривожи худди занжир каби бир-бирига уланиб кетганлиги ойдинлашди. Яхшиси, бу ҳақда ҳикоямиз давомида ўзингиз билиб оласиз. Аслида воқеа шундай бош- ланган:

Садриддин таниши Маҳмуджонга Қирғизистон Республикасидан гиёҳвандлик моддаларини олиб келиши ҳақидаги жиноий мақсадларини ошкор қилмаган. Лекин қўшни давлатда яшовчи танишларида кўп миқдорда пуллари борлигини айтиб, уни бориб олиб келишда ёрдам беришини сўрайди.

Маҳмуджон Садриддинни бир йилдан бери танийди, холос. Аввалига Садриддин юқоридаги илтимосга рад жавобини беради. Бироқ, қаршисидаги йигит хаста ва даволаниши учун чиндан ҳам пул зарурлигини эшитгач, ҳолатни кўриб, раҳми келади ва таклифга рози бўлади.

Шундай қилиб, ўтган йили август ойи ўрталарида улар Риштон тумани, Қошқайрон маҳалласининг чегарадош ҳудуддаги айланма йўлда жойлашган бетон канал орқали қўшни давлатга ноқонуний тарзда ўтишади. Бу пайтда Сад- риддин ўзи тузган режа асосида жиноий ҳаракатларини шеригига сездирмаган ҳолда давом эттиради. Яъни, Кадамжой районидаги Қўш-қўнай қишлоғида Тожикистон Республикаси фуқароси Абдумалик Ғаниевнинг жиноий шериклари томонидан берилган кўрсатмага асосан ўзидаги 1 минг 200 АҚШ долларини ушбу ҳудудда жойлашган савдо бозорининг растасида қолдиради. У ердан эса бир дона целлофан пакетга жойлаштирилган 958 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини олиб, ички кийимига яширади. Маҳмуджонга шериклари билан учрашиб, айтилган пул маблағларини олгани ва уйга қайтишлари мумкинлигини маълум қилади.

Эртаси куни тонгги соат 04:30лар чамасида қўшни давлат билан чегарадош ҳудуддаги айланма йўллар орқали гиёҳвандлик воситасини контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикасига олиб ўтиб, келгусида уни бошқа шахсларга ўтказишни мақсад қилган пайтда Садриддин манзилига ета олмади. У Риштон тумани маркази томон ҳаракатланган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Садриддин судда айбига тўлиқ иқрор бўлди. У 13-14 ёшлигидан умуртқасида емирилиш борлиги сабаб оғриқларни енгиш мақсадида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб келган, ҳозирда иккинчи гуруҳ ногирони. Қилган ишидан пушаймонлиги, ногиронлиги, яқинда оғир жарроҳлик амалиётини ўташи зарурлигини инобатга олиб, суддан енгиллик берилишини сўради.

Соддагина Маҳмуджон шериги билан қўшни давлатдан ноқонуний олиб ўтган нарса пул эмас, балки гиёҳванд модда эканлигини чегарачилар қора целлофанни очишганида билди ва қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлди.

Судда судланувчи С.Аҳмедовга нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда, жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, иккинчи гуруҳ ногирони эканлигини, ҳозирда оғир касаллик билан бир жойда ётганлигини, қўшимча комиссион суд-тиббиёт экспертизасига асосан судланувчини озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида ва хибсхона шароитида сақлаб туриш мақсадга мувофиқ эмаслиги назарда тутилганлиги, муқаддам судланмаганлиги эътиборга олинди ва унга нисбатан қонунга биноан айбланаётган моддалар санкциясида белгиланмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлаш лозим деб топилди.

Шунингдек, суд суд-наркологик экспертизасининг хулосасига кўра, С.Аҳмедовда “гашишли гиёҳванд- лик 2-босқич” касаллиги билан касалланганлиги аниқланганлиги сабабли унга нисбатан амалдаги Жиноят кодексининг 96-моддаси тартибида мажбурий даволаниш чорасини қўллашни лозим, деб ҳисоблади. Ва судланувчи С.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди ва та- йинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Шу билан бирга, унга қатор қўшимча тақиқлар ҳам юкланди.

Судланувчи М.Эгамбердиев ҳам айбдор деб топилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди ва зиммасига қатор қўшимча тақиқлар юкланди.

 

Умид МЕҲМОНАЛИЕВ, жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг раиси.  

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ, журналист.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *