Кўрилди

Жамол шошилиб нимага эришди?

Айрим йигитларнинг ўйламай босган нотўғри қадами ота-онасининг бошини эгиб қўяди. Жамол (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай йигитлардан бири бўлиб чиқди. У яхшилик қилган инсоннинг ҳам юзига оёқ қўйди.

Матлаб одамларнинг уйларини таъмирлаб, устачилик қилиб келарди. У Оқдарё туманида яшовчи Жамол билан биргаликда ишларди. Бир куни Жамол унга уйланмаганлигини, уйланиш учун қиз излаб юрганлигини айтиб қолди. Матлаб унга тоғасининг Шаҳло исмли қизи борлигини, у билан гаплашиб кўришни тавсия қилди. Шаҳлога ўзининг телефонидан қўнғироқ қилиб, Жамолни таништириб, гаплаштирди. Шундан сўнг улар икки-уч маротаба унинг телефонида ўзаро гаплашишди.

Матлаб Жамолга ўтган йилнинг 18 сентябрь куни тоғаси тўй қилаётганлигини, шунинг учун ишга келмаслигини айтди.

– Мени ҳам тўйга таклиф қилмайсанми? – деди Жамол ундан аразлагандай. Шундан сўнг у ноилож  ўртоғи Жамолни тоғасининг тўйига таклиф қилди. Жамол унга Шаҳло билан уни учраштиришини ҳам илтимос қилди. Матлаб учраштиришга ваъда берди.

Шаҳло амакисининг ўғли Нажотни тўйида  хизмат қилиб юрганди. Тўй тугагач, у янгалари билан бирга идиш-товоқларни йиғиштираётган вақтида унинг ёнига Нажот келиб, деди:

– Аммамнинг ўғли Матлаб сени чақираябди, ҳовлига чиқ!

Шаҳло ошхонадан ҳовлига чиқиб, дарвоза ёнида турган Матлабнинг олдига  борди.

– Менинг Жамол исмли ўртоғим бор. Телефонда гаплаштиргандим. Сени у билан юзма-юз таништирмоқчиман. У билан бир маротаба учрашиб кўр. У сенга уйланмоқчи.

Шундан сўнг Шаҳло янгаси Дилбарни чақириб, у билан биргаликда Жамолни кўриш учун уйнинг орқа томонидаги олма дарахтлари экилган боғ томонга юришди. Уларни кўриб, Матлаб ҳайрон бўлиб, Дилбар янгасига деди:

– Сиз у ёқда нима қиласиз? Ёшларнинг ўзлари ҳоли учрашиб олсин. Уларнинг бир-бирларига айтадиган гаплари бордир. Менинг ўзим шу яқин атрофда бўлиб тураман. Хавотир олманг.

Дилбар унинг бу гапидан сўнг иккиланганича ортига қайтди.

Матлаб ўзи ўша жойда қолди. Шаҳло иккилана-иккилана, ортига қарай-қарай Жамол билан бирга боғ томонга юришди.

Бироздан сўнг Жамол унинг қўлидан маҳкам ушлаб, уни судраб, боғнинг ичига олиб кириб кетди. Шундагина қиз йигитни маст эканлигини билди.

Жамол ўша жойда бўлган олма дарахтининг тагига Шаҳлонинг қўлини қайириб, ётқизди. Ке- йин унинг эгнидаги кийимларини ечди. Қиз ҳарчанд типирчиламасин, унинг бақувват қўлларидан қутилолмади.

Маст бўлган йигит зўравонлик билан қизнинг оғзини қўли билан бекитиб, унинг номусига тегишга ҳаракат қилди.

Шунда Шаҳло унга ялинди:

– Ҳали қиз боламан. Мени шарманда қилманг! Илтимос, бу шаштингиздан қайтинг!

– Сени севиб қолдим! Сенга уйланаман! – дея Жамол қизни мажбурлаб, номусини поймол қилди.

Шундан сўнг Шаҳло йиғлаб ўтирганда онаси ва аммасининг ўғли Матлаб уни излаб келиб қолишди.

Шаҳло уларга Жамол унинг номусига текканлигини айтиб берди. Матлаб ўртоғи Жамолни олиб, уларнинг яшаш уйларига олиб борди. Сўнгра Матлаб, Шаҳло ва онаси Оқдарё туман ИИБга бориб, ариза ёзишди.

Эртаси куниёқ Жамолнинг оила аъзолари Шаҳлоларнинг уйига бориб, фотиҳа тўйи қилиб келишди. Бир ойдан сўнг эса никоҳ тўйлари бўлиб ўтди.

Шаҳло Жамол билан оила қуриб, бирга яшаб келаётганлиги туфайли  унга нисбатан даъвоси йўқлигини, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни сўради.

Суд Жамол Шавкатовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддасини 1-қисми ва 119-моддасини 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, узил-кесил 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

 

Илёс ДОНИЁРОВ, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти, Оқдарё туман судининг раиси.

 Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *