Кўрилди

Зўравонлик: бундай қилмиш учун жазо тизими қандай ишламоқда?

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли. Бу қоидалар Конституцияда мустаҳкамланган.

Давлатимизда оилавий зўравонликка қарши кураш ва уни олдини олиш мақсадида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонун қабул қилинган. Қонунга кўра, зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)дир.

Таъкидлаш лозимки, қасддан баданга шикаст етказиш деганда, инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки улар физиологик функциясининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилади. Бундай  ҳаракатнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. Баданга етказилган шикастнинг оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш орқали амалга оширилади. Шу боис баданга шикаст етказилган ҳар бир ҳолатда суд-тиббиёт экспертизаси тайинланади.

Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган шикастларга унча аҳамиятли бўлмаган, олти кундан ортиқ муддатга чўзилмаган тез ўтиб кетадиган шикастлар тааллуқли. Бундай шикастларга яралар, доғлар, қон оқишлар ва ҳоказолар киради. Бунда жавобгарликнинг муқаррарлиги шарти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида баданга иккинчи маротаба енгил шикаст етказишдан иборатдир.

Олий суд Пленумининг 2007 йил 27 июндаги “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 24-бандида, баданга қасддан, соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига сабаб бўлмаган даражада енгил шикаст етказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилангани, баданга қасддан бундай шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик, фақат у шундай қилмиш учун шахсга нисбатан маъмурий жазо маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан бошлаб бир йил ичида такроран содир этилган (Жиноят кодексининг 109-моддасини биринчи қисми) ёки соғлиқнинг қисқа вақт давомида ёмонлашувига сабаб бўлган (Жиноят кодексининг 109-моддасини иккинчи қисми) ҳолдагина келиб чиқиши ҳақида тушунтириш берилган.

Табиийки савол туғилади, юқорида кўрсатилган зўравонликни оғир аломатлари аниқланган тақдирда жавобгарлик мавжудми?

Албатта, мавжуд, амалдаги Жиноят кодексида қасддан одам ўлдирганлик учун (97-модда) ўн йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун (103-модда) уч йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

Шунингдек, оилавий зўравонлик ҳолатлари аниқланганда, суд амалиётида фуқаролар томонидан содир этилиши эҳтимоли кўп учрайдиган қасддан баданга оғир (104-модда), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (аборт) (114-модда), хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) каби қилмиш содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Соли КУРБАНОВ, Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси.

Абдулҳалим ВАЛИДИНОВ, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *