Кўрилди

Сайловлар – демократия кўзгуси ва келажак пойдевори

Сайловлар давлат ҳокимияти ва унинг органлари фаолиятини қонунлаштирадиган ҳамда ушбу институтларнинг ҳам шаклланиши, ҳам фаолияти адолатли эканлигига ишонч уйғотадиган сиёсий-ҳуқуқий жараёнлардан бири ҳисобланиб, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишга, шу билан бир қаторда, бўлажак сайловларда муносиб номзодларни танлаб олиш учун ҳам имконият яратади. Сайловлар ҳақидаги билимларимизни чуқурлаштириш, бу билимларни тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳар бир Ўзбекистон фуқароси онгига етказиш ҳозирги куннинг долзарб масаласидир.

2019 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Қонун имзоланди ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси яхлит бир қонун шаклига келтирилмаган сайлов қонунчилигини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу кодекс 18 та боб ва 103 моддадан иборат бўлиб, ушбу кодекс илк бор халқаро экспертизадан ўтказилганлиги ва халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, Бутун жаҳон сайлов органлари ассоциацияси томонидан берилган тавсиялар ҳам инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилганлиги билан ҳам ажралиб туради.

Мазкур кодекс қабул қилиниши муносабати билан сайлов қонунчилиги билан боғлиқ бўлган бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисидаги, Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги ва бир қанча қонунлар ҳамда қарорлар бекор қилинди, сайлов қонунчилигини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар яхлит ягона кодекс ҳолатига келтирилди.

Ушбу кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Лекин, мазкур кодекс фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар айнан мазкур Сайлов кодекси асосида ўтказилди.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши ўз навбатида судлар томонидан сайлов ҳуқуқи билан боғлиқ низоларни тўғри ва қонуний ҳал қилишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари, қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар судловига тааллуқли эканлиги белгиланган.

Ўтказиладиган сайловларни шаффофлиги ва тенг ҳуқуқ асосида ўтказилишини таъминлаш мақсадида сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш, шу жумладан, ахборот тармоқларига, шунингдек, интернет тармоғига жойлаштириш тақиқланади. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи ҳал қилинади.

Демократик жараёнлар ичида энг муҳими ҳисобланган сайловларни фақат қонун доирасида амалга оширилишини таъминлаш ва унда фаол иштирок этиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, сайловларни жаҳон ҳамжамияти тан олган ҳуқуқ нормалари ва албатта, қонунчилигимизга асосан ўтказа олишимиз мамлакатимизни узоқ йиллар давомида барқарор сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий аҳволини белгилаб беришига шубҳа йўқ.

Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи давлат ва фуқаролик жамияти ривожида асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги яратилмоқда. Қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги, адолатлилиги ва эркинлиги принциплари, уларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинлик­ларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш, сайловларни жамоат­чилик ва халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказиш механизмлари Ўзбекистон сайлов тизими демократияга асосланганлигининг ўзига хос сифат кўрсаткичлари ҳисобланади. Сайлов қонунчилиги энг асо­сий конституциявий принцип бўлган халқ ҳокимияти принципининг амалда татбиқ этилишини таъминлайди.

Ушбу кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари  депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкинлиги, шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши кераклиги, шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши маъмурий судлар томонидан сайлов ҳуқуқи билан боғлиқ бўлган низоларни қонуний ва адолатли ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда. Сўнги вақтларда сайлов ҳуқуқига оид ишларнинг ортиб бораётганлигини статистик маълумотлардан ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ҳар бир фуқарога унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига асосан,  бериладиган аризада иккита талаб, яъни сайловни ўтмаган деб топиш ва сайловни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан шикоят қилиниши мумкинлиги кўрсатилган. Суд, сайловни ўтмаган деб топиш тўғрисидаги аризани кўриш жараёнида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг иштирокини текширади ва белгиланган миқдордаги иштирокчилар иштирок этмаган бўлса, сайловни ўтмаган деб топади.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб ҳисобланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилган ва овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Шунингдек, 2021 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Президент сайловлари санасини ўзгартириш ва бошқа қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди, ўзгаришлардан бири сайлов санасини декабрдан октябрга кўчиришни назарда тутади. Жумладан, 2021 йилги Президентлик сайловлари декабрь ойида эмас, балки октябрь ойининг учинчи якшанбасида ўтказилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича миссиясининг республикада сайлов тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари инобатга олинган ҳолда, 2021 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонун билан киритилган асосий ўзгаришлар қуйидагилар иборат.

— юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан бериладиган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариш;

— сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими, иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариш;

— сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали шахсини тасдиқлаши мумкинлиги;

— сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда учрашувнинг вақти ва жойи тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда мазкур тадбирларни ўтказишда рухсатномаси талаб этилмаслиги;

— Сайлов кодексининг 102-моддасига кўра, номзод  кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкинлиги каби ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур Қонун оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг қонуний кучга кирди.

Дониёрхўжа МАХАМАТОВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси.

Улуғбек АҲМЕДОВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *