Кўрилди

Оталикни белгилаш нима дегани?

Оилавий низоларга никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, алимент ундириш, ота-она таъминоти учун фарзандидан пул ундириш, бола яшаш жойини ёки бола билан кўриш тартибини белгилаш, болани тарбияга олиш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, оталикка эътироз билдириш, оила низолари билан боғлиқ бош- қа низолар киради.

Шу низолар ичида оталикни белгилаш ва алимент ундириш низоларига эътибор қаттиқ қаратилади. Оталикни белгилаш низоси келиб чиқишига эр-хотиннинг оила қонунчилигига риоя қилмаслиги, никоҳларини ФХДЁ бўлимларида қайд қилдирмасдан фарзанд- ли бўлишлари, оталикни ФХДЁ бўлимида белгиланиши бўйича эр ФХДЁ бўлимига бормаслиги, хотин оталикни суд тартибида белгилаш ҳақида даъво ариза бериши сабаб бўлади.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаси деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.

Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақли.

Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота- онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки болани отасининг аризаси бўлмаса оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек, бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.

Оталикни белгилаётганда, суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганлик- лари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда, унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Бу низоларнинг кўпайишига фарзандларни оилага тайёрлашда ота- оналарнинг, ёшларнинг ҳуқуқий онги етишмаслиги, маҳалла фаоллари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, «Оила маркази» томонидан тушунтириш ишлари етарли олиб борилмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Натижада оталиги белгиланмаган фарзандлар таъминотсиз қолиши, фарзандларнинг туғилганлик гувоҳномалари олинмай қолиш ҳоллари юз бермоқда.

Шаърий никоҳдан ўтишнинг оқибатлари бошқа низоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Жавобгар оталикни тан олмаганлигида ва даъвони қаноатлантириш учун асослар етарли бўлмаганида, одам ДНКси бўйича суд-биологик экспертизаси тайинланади.

Оталикни белгилаш ва алимент ундириш даъволари бўйича даъвогар давлат божидан озод қилинган. Бироқ, даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан ундирилишини қонунчилик истисно қилмайди.

Шунингдек, оталикни белгилаш даъволари бўйича қонунчиликда даъво муддати қўлланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, даъвогарлар бу мазмундаги даъво билан исталган пайтада судга даъво ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Биргина Жиззах вилояти судига 2021 йилнинг биринчи чорагида оталикни белгилаш билан боғлиқ 38 та даъво аризаси келиб тушган бўлиб,  25 та фуқаролик иши кўриб тамомланган экан, шундан 22 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад этилган, 2 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Бу каби низоларни камайтириш учун «Оила маркази», туман(шаҳар) Маҳала ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бош- қариш органлари никоҳнинг ФХДЁ бўлимида қайд қилинмаслигининг оқибатларини тушунтириш бўйича олиб бораётган ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтиришлари лозим.

 Эркин УМУРЗАҚОВ, фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *