Кўрилди

«Муборак шаҳригул, азиз намангон…»

Бугун бағри чексиз меҳмонларга тўлган гулгун диёр – Наманганнинг таърифи нафақат мамлакатимиз, бутун дунё бўйлаб ёйилди. Гул ўлкаси, гуллар юрти деган ташрифга эришган бу диёрда айни кунларда 60-Халқаро Гуллар фестивали тантаналари кўтаринки руҳда давом этаётир.

23-май санасидан бошланган байрам тадбири дастлаб анвойи гулларга бурканган автокарвоннинг йўлга чиқиши билан бошланди. 200дан зиёд автоуловлар саф тортган мазкур парад ретро автомобиллардан тортиб, спорт техникалари, ҳарбий автомашиналар, автобус, қишлоқ хўжалик уловлари, ҳатто комбайнларни ўз ичига олган. Йўлнинг икки томони юз-кўзи ҳаяжондан ёнган кузатувчиларга тўла. Гуллар карвони Наманган халқаро аэрапортидан қарийб 15 километрлик масофани босиб, гуллар фестивали маркази томон борди. Байрам шодиёналари ўзгача тароват, ўзгача ранг-баранглик касб этган, камалак мисол товланган 16 гектарли майдонни эгаллаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида давом этди.

Шу ўринда айтиш жоизки, 2020 йилнинг сентябрь ойидан тадориги бошланган мазкур Халқаро гуллар фестивалида 300 мингдан зиёд меҳмонлар келиши кутилаёганидан ҳам қамровнинг қай даражада эканлигини кўриш қийин эмас эди. 10 миллион тупдан зиёд экилган гуллар, 100дан ортиқ композицияли кўринишлар доирасида Наманганнинг гуллар шаҳри мақоми сари қўйган илк одимларига юзлангинг келади.

1961 йилнинг 19-20 август кунлари ўтказилган илк “Гуллар виставкаси” ҳақида боғ радиоузели орқали даставвал эълонлар, кейин махсус эшиттиришлар эфирга узатилди. Ўша пайтда шаҳар раҳбари Зоҳиджон Йўлдошев эди. Шунингдек, тарихга назар солинса, “Газ-21” автомашиналарида гуллар автокарвони шаҳар кўчаларини айланиб чиққанлигини айтишади. Аммо чин маънодаги гуллар фестивали 2018, 2019 йилларда ўтказилди ва чинакам гул парадлари ҳам ана шу йилларда намойиш этилди.

Жорий йил ўтказилаётган фестивал меҳмонларга бой эканлиги, нафақат мамлакатимиз, балки чет давлатлардан кузатувчиларнинг ташриф буюраётганлиги билан аҳамиятлидир. Ҳолбуки, унинг аввалгилардан-да жозибадор ва мафтункорлигининг сири ҳам шундадир.

Байрам дастури давомида ўзига хос меҳмондўстлик намунаси сифатида намойиш этилиб, меҳмонларга тортилган 12 метрлик торт эса ҳам кўриниши, ҳам мазаси билан тилларга тушди.

Гуллар фестивали тантаналари давомидан илк бор ўрин олган, 60-анъанавий Халқаро Гуллар фестивали рамзи туширилган афсонавий ҳаво шарининг кўкларга қараб парвоз қилиши етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган иштирокчиларни ўзига ром этди, десак, асло муболаға эмас. Эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари, амалий санъат ва бадиий кулолчилик, ранг тасвир ва тасвирий санъат асарлари намойишлари кўнгилларга янада хуррамлик ва гўзаллик улашаётгани ҳам чин.

Ҳа, бугун Наманган чиндан ҳам байрамлар оғушида. У бутун мамлакатимиз, дунё аҳлини ўз мўъжизалари сари чорлайди. Унинг бағри меҳмонларга лиммо-лим. Келинг, яхшиси сиз ҳам мафтункор Гуллар фестивали гўзаллигидан баҳраманд бўлинг! Ҳозирча вақтингиз бор, шошилинг,  аксинча, армонда қолишингиз ҳеч гапмас. Зотан, шоира синглимиз Нигора Ўролова айтганидек:

Муборак шаҳригул, азиз Намангон,

Бағрингда жамул-жам дўст, биродарим.

Гуллар ифоридан дил отди хандон,

Жаннат кўчасида олтин гавҳарим.

Қўлигул, гулчи ул, гулга шайдойим,

Меҳнатинг шарафлай Ҳақдан минг сўраб.

Гулдек нафис элим, гулдек ой юзим,

Ҳар сўзин айтади гулларга ўраб.

Муборак шаҳригул, азиз Намангон…

 Гулноза ИСЛОМ қизи.               

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *