Кўрилди

Фирибгар талаба

Аброрбек Абдурашидов Тошкент Давлат Аграр Университетининг 3-босқич талабаси, Қўрғонтепа туманидаги “КХАНТЕК” корхонасида агроном вазифасида ишлайди, уйланмаган, муқаддам 5 маротаба фирибгарлик жиноятини содир этгани учун судланиб, “хавфли рецидивист” мақомини олган, сўнгги судланганидан сўнг ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари бўйича жазоси 2 йил 5 ойни, муайян хуқуқлардан маҳрум қилиш жазоси эса 7 ой 4 кунни ташкил қилаётганди.

Онаси Арофатхон опа номига ташкил этилган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектини ҳам бошқариб, аҳолига нон маҳсулотлари ишлаб чиқариб сотиш билан ҳам шуғулланиб турарди. Пандемия даврида ишлаб чиқариш фаолияти сусайгани сабабли “Андижондонмаҳсулотлари” АЖдан ун маҳсулотлари олиб чиқиш баҳонасида фирибгарлик йўли билан аҳолидан пул йиғиб, қарзларини узиш ҳаракатига тушиб қолди.

Ишни пухта режалаштирган Аброр аввалига Жалақудуқ тумани ҳокимлигининг маҳалла жамоат фондида бош ҳисобчиси Н.Мавлянов билан учрашиб, унга якка тадбиркор экани, маҳаллаларга арзон нархда ун маҳсулотлари олиб келиб сотмоқчи эканини айтди. Фирибгарнинг гапларига ишонган бош ҳисобчи дарҳол “Тўрачеки” ва “Гулистон” МФЙлар раисларига бориб учрашишни маслаҳат берди. Мана шундан кейин фирибгар Аброрнинг “ишлари” юришиб кетди. “Тўрачеки” МФЙ раиси Ш.Патидинова орқали 204 нафар фуқароларнинг ҳар биридан 1 қоп ун учун 130 минг сўмдан жами 26 миллион 520 минг сўм миқдоридаги пулларни йиғиб олди. Ке-     йин “Гулистон” МФЙ раиси Б.Карабаевни лақиллатиб, 130 нафар фуқароларнинг ҳар биридан 1 қоп ун учун 150 минг сўмдан жами 19 миллион 500 минг сўм миқдоридаги пулларни йиғиб олди.

Лекин йиғилган пулларнинг бирор сўмига ҳам ун олиб келмади, аксинча пулларни қарзлари эвазига бериб юборди. МФЙ раислари вақт ўтиб, ун маҳсулотлари олиб келинмагач, Абрордан ё унларни, ё пулларини беришини талаб қила бошлашди. Аброр эса елка қисиб тураверди.

Шундан сўнг Аброрнинг фирибгарлик ишини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўрганишни бошлашди. Мана шундан сўнггина Аброр аҳолига етказилган моддий зарарларини қоплашга мажбур бўлди.

Яқинда суд ҳукми билан фирибгар А.Абдурашидов тегишлича ўз жазосини олди.

 Шерзодбек ИСМОИЛОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *