Кўрилди

Суднинг қарори ижросини таъминламаган туман ҳокимлигининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бошқа суд томонидан қонуний деб топилди

Эпиграф. “Майсаранинг иши” кинофильмидан парча: “Қозибобо, сизларнинг ҳар бир ишингиз шариатга мос келаверади-а?”

Бухоро вилояти, Қоракўл туман ҳокимининг 2007 йил 3 ноябрдаги 627-сонли қарорига асосан “Барҳаёт Нормурод Робия” фермер хўжалигига Бухоро вилоят, Қоракўл тумани, “Қуввача” МФЙ ҳудудидан 12,0 га. ер майдони ажратилиб, 40 йил муддатга 2008 йил 21 январдаги 56-сонли узоқ муддатли ижара шартномасига асосан фермер хўжалигига топширилган.

Қоракўл туман ҳокимининг 2008 йил 3 ноябрдаги 599-сонли қарорига асосан бу фермер билан тузилган ер ижара шартномаси бекор қилиниб, унга ажратилган ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилган.

Фермер эса ўша пайтда судга даъво киритган ва Бухоро вилоят хўжалик судининг 2009 йил 20 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, Қоракўл туман ҳокимининг 2008 йил 3 ноябрдаги 599-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу ҳал қилув қарор устидан бошқа шикоят киритилмаган. Яъни, суд қарори ўз кучида қолган!!!

Бухоро вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори ва қарор қабул қилингандан кейин туман ҳокимлиги томонидан фермер хўжалигига 12,0 га. ер майдонидан фақатгина 4,5 га. ер майдони қайтарилган ва бугунги кунга қадар қолган 7,5 га. ер майдони қайтарилмасдан келинган, яъни юқоридаги суд қарори тўлиқ ижро қилинмаган.

Бу тўғрисида фермер хўжалиги томонидан туман ҳокимлигининг қолган ер майдонини ажратмай келаётган ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ғайриқонуний деб топиш ва аслида ҳам қолган 7,5 га. ер майдонини ажратиш мажбуриятини юклаш тўғрисида Бухоро туманлараро Маъмурий судига ариза билан мурожаат қилганимизда, “катта томоша”ни гувоҳи бўлдик.

Ушбу суднинг судьяси М.Саидов 2021 йил 30 апрелда ҳал қилув қарорини қабул қилиб, фермер хўжалигининг аризасини рад қилган ва туман ҳокимлигига Бухоро вилоят хўжалик суди (ҳозирда Бухоро вилоят Иқтисодий суди)нинг қонуний кучда турган ҳал қилув қарори ва қарорининг ижросини таъминламасдан юришига қонуний йўл очиб берди.

Агарда суднинг қарорлари ижросини таъминламаслик қонуний бўладиган бўлса, нима сабабдан Бош прокуратура ҳузурида катта бир ташкилот, яъни Мажбурий Ижро Бюроси ташкил этилди ва унинг минглаб ходимларига бюджетдан ойлик маошлари берилмоқда, Парламентимиз томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб- ликаси Қонуни нима сабабдан қабул қилинди?

Энг қизиғи, агарда суд қарорини ижро қилмаслик мумкин бўлса, бундай суднинг жамиятга нимага кераги бор?

Суднинг ҳал қилув қарорида келтирган аризани рад қилишдаги асосларини кўриб чиқадиган бўлсак:

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида фермер хўжалигига ер майдони ажратилмаётган бўлса-да, Бухоро вилоят хўжалик судининг 2009 йил 20 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан бузилган ҳуқуқи тикланган ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари суд қарори билан бартараф этилганлиги баён қилинган. Суднинг бундай дунёқараши озгина ғалати эмасми? Фермер хўжалигининг манфаатлари қоғозда Бухоро вилоят хўжалик судининг қарорига асосан ҳимоя қилинган бўлса-да, амалда унга қонунан тегишли бўлган ер майдони қайтарилмай, ушбу ер майдонидан олиши мумкин бўлган даромадини ололмай келишини қандай қилиб бузилган ҳуқуқини тикланган, деб баҳолаш мумкин?

Суднинг ҳал қилув қарорини асослантирувчи қисмида Ўзбек- истон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 67-моддасини биринчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмида келтирилган нормаларни қайд қилган. Ҳолбуки, низо мазмунига дахлдор бўлган ушбу модданинг иккинчи қисмини келтирмаган. Чунки, ушбу ҳуқуқ нормасида ҳокимиятнинг ва суднинг манфаатларига зид бўлган ҳуқуқ нормаси келтирилган, яъни Маъмурий органларнинг низолашилаётган ҳужжатларининг, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қарорларини, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти тегишли органлар ва мансабдор шахслар зиммасига юклатилади. Мазкур органлар ва мансабдор шахслар ўз эътирозларига асос қилиб келтираётган фактларни ҳам тасдиқлаши шарт.

Суднинг энг кульминацион ва ҳайратга солувчи тўхтами ҳамда асоси ҳал қилув қарорнинг асослантирувчи қисмининг кейиинги бандида келтирилган, яъни “Бундан ташқари, ушбу кодекс 189-моддасининг 3-қисмида, суд агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши назарда тутилган.” деб баён қилинган. Ушбудан маълум бўладики, суднинг қарорини ижро қилмаслик қонунбузарлик эмас ва бу билан ўз еридан айрилган фермер хўжалигининг қонуний манфаатлари бузилмаган!?

Юқоридаги барча ҳолатларни хулоса қилиб айтсак, суд ўз қарорини хўжакўрсинга чиқаради ва уни ижро қилиш шарт эмас ёки суд қарорини ижро қилмаслик эмас, аксинча суд қарорини ижро қилиш ғайри қонунийдир?!

Ғалати парадокс, жуда ғалати….

 Шуҳрат Файзулло ўғли САЛИМОВ, “SHUXRAT FAYZULLAEVICH” адвокатлик бюросининг адвокати.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *