Кўрилди

“Самарали тартибга солиш” модели

Норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги 5505-сонли “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони асосида бошланган дейиш мумкин.

Мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятининг сифатини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда чуқур ўйланган ҳамда ҳисоб-китоб қилинган қарорлар қабул қилиш имконини берувчи янги инновацион “ақлли тартибга солиш” усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги 5025-сонли “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тизими такомиллаштирилди ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ло- йиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарор билан нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, балки амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши белгиланди.

Унга кўра, 2022 йил 1 январга қадар хўжалик юритувчи субъ- ектларга рухсат бериш, лицензиялар жорий қилиш, ҳуқуқларини қисқартириш, қўшимча мажбуриятлар, қўшимча харажатлар жорий қилиш, ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, переференцияларни белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши, 2022 йил 1 январдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши белгиланган.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган норманинг жорий этилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган фойда ва харажатларни, эҳтимолий оқибатларни аниқлаш ва баҳолаш мақсадида, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш эса тартибга солиш мақсадларига эришилганлигини, самарадорлигини ҳамда тартибга солиш усулини қўллашда вужудга келган оқибатларни аниқлаш мақсадида ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда келиб тушган таклиф ва фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботга киритилиши ҳамда мажбурий тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга тақдим этилиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилиниши белгиланганлиги норма ижодкорлиги соҳасида бевосита жамоатчилик назоратини янада таъсирчан амалга оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, фуқаро ва юридик шахслар томонидан ўтказилган тартибга солиш таъсирини муқобил баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган хулосалар тегишли давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши белгиланди.

Бу эса ўз навбатида юртимиз фуқаролари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бефарқ бўлмасликлари ҳамда норма ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этишларини талаб этади.

Умуман мамлакатимизда норма ижодкорлиги соҳасига тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизимлари янада кенгроқ жорий этилганлиги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар жорий этилишига, ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар самарали тартибга солинишига ва энг асосийси, жамоатчилик иштирокини тўлақонли равишда таъминлашга хизмат қилади.

Беҳзод Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармасини етакчи маслаҳатчиси.  

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *