Кўрилди

Пенсия тайинлаш учун паспортнинг ўзи етарли бўлади

Иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома, суғурта бадаллари, ягона ижтимоий тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома, ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисми, ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома, бола уч ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома, чет элда бўлган вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома, уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс ҳисобланишини тасдиқлайдиган ҳужжат, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси ва шу каби яна бир қатор маъулмотномалар…

Буларни қандай ҳужжат ёки маълумотномалар эканлигидан хабарингиз борми? Маълумот учун билиб қўйган яхши, булар ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахсдан талаб қилиниши мумкин бўлган ҳужжатлардир.

Ҳеч биримизга сир эмаски, фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнат фаолиятидан кейин пенсияга чиқиш арафасида югур-югур қилиб, ҳужжат йиға бошлайди. Табиийки, бу пайтда меҳнат фаолияти давомида нечта ташкилотда ишлаган бўлса, барчасидан қандайдир маълумотни тасдиқлайдиган ҳужжатлар, қанча муддат ишлагани, қанча иш ҳақи олгани тўғрисида маълумотномалар тўплаши лозим бўлади. Ушбу ҳужжатларни йиғиш учун ҳали у, ҳали бу ташкилотга бориб, ортиқча ҳаракат ва харажат қилиши, умуман олганда, овора бўлиши ҳам бирдек маълум.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилиши ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғозбозликни авж олишига сабаб бўлаётгани, соҳани рақамлаштиришга тўсиқ бўлиб келаётганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча қабул қилинган «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айнан юқоридаги каби масалаларга ечим бўлиши билан аҳамиятли бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур қарорда фуқароларга пенсия ва ижтимоий нафақа тўлаш, етказиб бериш билан боғлиқ кўплаб енгилликлар берилганки, энди фуқаролар пенсияга чиқиши учун идорама-идора югуриб, бир дунё ҳужжатлар тўплаб, сарсон бўлмайди. Пенсия ва нафақа пулини олиш учун кунлаб навбат кутмайди. Энди пенсия ҳужжатларини расмийлаштириш учун фақат пас- порт ёки ID-карта талаб этилади, холос.

Хусусан, қарорга биноан 2022 йил 1 январдан бошлаб пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда ҳудудлар   бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади ва давлат пенсияларини тайинлаш «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.

Статистик маълумотларга қараганда, юртимизда пенсия ва нафақа олувчилар сони қарийб тўрт миллион кишига яқинлашмоқда ва уларнинг аҳоли сонидаги улуши 11 фоизни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, вилоятимиз бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, 2020 йил 1 январь ҳолатига жами 286 минг 715 нафар фуқаролар пенсия ва нафақа олувчилар ҳисобида турган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига эса бу кўрсаткич жами 300 минг 101 нафарни ташқил қилган.

Бундан кўринадики, соҳага оид рақамлар салмоғи юқори ва йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бу борадаги расмиятчилик ва қоғозбозликка чек қўйиш, яъни пенсия тайинлаш билан боғлиқ ҳужжатларни қисқартириш, соҳага илғор ахборот технологияларини жорий этишни талаб этади.

Яна бир муҳим жиҳати, қарор билан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, вазирлик, идора ва корхоналарда ишлаган собиқ ишчиларнинг иш ҳақи ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги маълумотлари “Ягона меҳнат миллий тизими”да тўлиқ шакллантирилади. Шу билан бирга, чет элга доимий яшаш учун кўчиб кетаётган фуқароларнинг электрон маълумотларини “Пенсия” ахборот тизимига автоматик юбориш механизми жорий этилади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур қарорнинг қабул қилиниши фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида етказиш, мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Зеро, мамлакат ва халқ олдида катта хизмат кўрсатган, бугунги тўкин ҳаётнинг бунёдкори бўлган қарияларимизни, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқларини қулай ва қийинчиликсиз амалга оширишларини таъминлаш бугунги куннинг асосий вазифаларидандир.

 Орифжон ИБРАҲИМОВ, Наманган вилоят Адлия бошқармасининг бош маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *