Кўрилди

Юридик таълим – давлат ривожланишининг муҳим омили

Мамлакатимида ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир вақтда, ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мамлакатимиз олдида турган муҳим масалалардан  биридир. Жамият тараққиётининг ривожи ўсиб келаётган авлоднинг таълим даражасини, ҳуқуқий саводхонлилигининг юқори даражада бўлишлигига бевосита боғлиқдир. Ҳуқуқ билан боғлиқ масалалар шахснинг ёшлигидан бошлаб унинг онгига сингиб, мустаҳкамланиб бориши керак. Бу ота-оналар, мактабгача тарбия муассасалари, мактаблар, барча жамоат уюшмалари ва давлат ташкилотлари, бутун жамиятнинг улкан сермашаққат ишидир. Улар ҳамкорликда ҳаракат қилганларидагина, комил инсонни асосий мезонларидан бири сифатида қайд қилинаётган ҳуқуқий онг, ҳуқуқий таълим орқали шахснинг онгига сингдирилишига тўлақонли кафил бўлиши мумкин. Бу масалани  ҳал  этиш йўлларида бири, назаримизда,  интерактив  ўқитиш  усулидан ўқитувчининг самарали фойдаланишидир.

«ИНТЕРАКТИВ» атамаси ҳозирги кунда таълим-тарбия тизимида кўп қўлланилаётган сўзлардан биридир. Мазкур атама байналминал ўзлашма бирикмаси сифатида акс этиб, ўзбек тилида интерфаол тарзида ҳам қўлланилади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «интерфаол атамаси информацияни ахборотни компьютер тармоғи орқали қабул қилиш ёки узатишга асосланган» деб таърифланган. Шундай бўлсада интерактив атамаси илмий адабиётларда педагогик усул сифатида кенг қамровли тадбирларни ўз ичига олади. Бу атамани хосил бўлишлигига эътибор берилса, «ўзаро ҳаракат» деган маънони англатади. «Интерактив ўқитиш» дейилганида, аввало, диалог тарзидаги ўқитиш назарда тутилади. Анъанавий педагогикада мавжуд бўлган диалог – «ўқитувчи-ўқувчи ёки ўқитувчи-аудитория» тарзида  амалга ошириладиган бўлса, интерактив усулни қўллаш орқали бу  жараён «ўқувчи-ўқувчи, ўқувчи-ўқувчилар гуруҳи, ўқувчи-компьютер» тарзида  бажарилади.

Интерактив ўқитиш усулига таъриф берар эканмиз, у билим олиш фаолиятининг махсус шакли бўлиб, аудиториядаги барча ўқувчиларнинг фаоллигини оширишга қаратилган таълим-тарбия жараёни эканлигини англаймиз. Бу усул ёрдамида ўқувчилар учун янги  мавзуни пухта тушуниб олиш, олган билимларини таҳлил қилиб, кўрсатиб бериш ҳамда ўз фикрларини эркин  баён эта олиш имкониятига ўргатиб борилади. Мазкур усул асосида ўқувчиларнинг ҳамкорликда билим олиш фаолияти ҳар бир ўқувчининг шахсий иштирокини таъминлаш билан бир вақтда, ўзаро фикр алмашиш ва эгаллаган билимларини бойитиш учун замин тайёрлайди. Интерактив ўқитиш жараёни ўзаро хайрихоҳлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳида амалга оширилиши боис, ўқувчиларнинг фикрини тинглай олиш, турли фикрларни қиёслаш ва баҳолаш, баҳс-мунозараларда фаол қатнашиш, биргаликда қарор қабул қилиш каби мулоқат ҳамда муомала малакаларини ҳосил қилишга ёрдам беради. Ўқитувчи интерактив ўқитиш усулидан фойдаланганда, унинг тарбиявий аҳамиятининг ҳам шоҳиди бўлади. Тингловчиларнинг ҳар бирида фаолллик талаб  этилиши натижасида улар ўртасида инсоний муносабатлар ўрнатилади. Аудиториядаги баъзи асабий ҳолатлар камаяди. Ўқувчиларда  жамоа билан ишлаш кўникмалари шаклланади. Ўзаро фикрлар уйғунлигига эришилиб, ҳар бир ўқувчи ҳосил бўлган ижобий натижада ўз ўрнининг борлигини  тўлиқ ҳис этади.

Анъанавий таълимга нисбатан интерактив ўқитиш усули ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида муносабатларни ўзгартиради, яъни анъанавий усулларда ўқитувчи фаолроқ ҳаракат қилган бўлса, интерактив усулда ўқувчиларнинг фаоллиги ортиб боради ва ўқитувчининг асосий  вазифаси ўқувчиларнинг ташшабускорлиги учун шарт-шароит яратишдан  иборат бўлади.

Бугун интерактив ўқитиш усулларининг жуда кўп турлари мавжуд. Ҳаттоки уларни қўллаш бўйича илмий адабиётлар ҳам яратилган. Интерактив ўқитиш усулларнинг «ақлий ҳужум», «баҳс-мунозара», «давра суҳбати», «интервью» ва шу каби бошқа турларидан фойдаланиш кўпгина ўқув юртларида одатий ҳолга айланган.

Интерактив ўқитиш усули ҳар икки томонга ҳам катта маъсулият ва тайёргарликни юклайди. Ўқитувчи кўпроқ маълумотлар тўплаши, тарқатма материаллар тайёрлаши ва дарс жараёнини жиҳозлар билан бойитиши лозим бўлади. Ўз навбатида ўқувчилар дарсга алоҳида тайёргарлик кўришлари, ҳамкорликка интилишлари, ўқитувчининг талабига риоя этишлари даркор. Шундагина бу усул ўз самарасини бериб, ўқувчиларнинг тўлақонли қобилияти номоён бўлади. Уларда мустақил фикрлаш ва ўз-ўзини бошқара олиш, муомала қилиш, мулоқотга кириша олиш каби   кўникма ва малакалар шаклланади.   Ҳозирги кундаги ижтимоий тараққиёт жараёни юридик таълим соҳасида хизмат кўрсатаётган барча ходимлар қатори Юридик техникуми ўқитувчилари жамоасига ҳам қатор вазифаларни бажаришликни тақазо этади.  Жумладан:

-тез суръатларда ўзгариб борётган хаётий вазиятларни аниқ тасаввур қилиш;

-мустақил равишда ўз билимларини бойитиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чора — тадбирларини ишлаб чиқиш;

-мутахасис сифатида хизмат жамоаларида ўзининг муносиб ўрнини топиш;

-қарор қабул қилишда маъсулиятни тўлақонли хис этиш;

-пайдо бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва танқидий мушохада асосида уларнинг оқилона ечимини топиш;

-замонавий технологиялар асосида янги ахборот ва маълумотларни ўрганиш, тахлил қилиш, умумлаштириш ҳамда ўз сохаси бўйича улардан самарали фойдаланиш;

-ҳуқуқшунос сифатида хар қандай холатга касб нуқтаи-назарида ёндашиб, ижодий фикрлаш ва янги ғоя ҳамда қарашларни  таклиф сифатида тақдим этиш;

-доимий равишда ўз устида ишлаш, ўзининг ақлий, ахлоқий, маданий ва жисмоний савиясини ошириб бориш.

Таълим усулларидан оқилона фойдаланиб, юксак педагогик махорат билан дарс ўтиш, ўқувчиларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига, онгининг шаклланишига замин бўлиб, хизмат қилади. Ўқитувчининг маълум фан бўйича билимларни ўқувчилар онгига етказа олиш махорати уларнинг бўлғуси ҳаёт йўлларини танлашларида мухим ахамиятга касб этади. Дарс жараёнида ўқитувчининг ташқи қиёфаси ҳам тарбиявий ахамиятга эга. Юридик таълим фаолиятида энг муҳими ўқитувчининг ўтаётган фани бўйича билимга эгалиги, янгилик ва дунёвий билимларга чанқоқлиги, ҳамда фаннинг мазмун-мохиятни ўқувчиларга тушунтириб, уларни эркин фикрлашлари учун шароит яратишидадир.

 Ғолибжон ЎРМАНОВ, Фарғона вилояти Адлия бошқармаси Юридик техникуми ўқув-методик бўлим бошлиғи.

 Бахромали МАВЛОНОВ, «Хусусий-ҳуқуқий» фанлар кафедраси мудири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *