Кўрилди

Яшаш жойидан ижобий тавсифланган

Алишер Аҳмедов шаърий маъшуқаси С.Абдуллаева билан қилган ғайритабиий усулдаги ишқий муносабатлари акс эттирилган видеотасвирларни тарқатиш билан қўрқитиб, 2 миллион пул сўради.

 

(Албатта, ахлоқ-одоб мезонларидан келиб чиқиб, “қаҳрамонлар”нинг яшаш жойларини аниқ айтмасакда, аммо баъзи бир мулоҳазалар билан уларнинг исм-фамилияларини тўлиқ келтириб ўтишга қарор қилдик.)

Алишер Аҳмедов уйланмаган, якка тартибдаги тадбиркор. Яқин қариндоши С.Абдуллаева билан танишиб қолди-ю, аввалига бу аёл билан қўл телефонидаги “телеграмм” месенжери орқали гаплашиб юрди. Уларнинг ўзаро суҳбатлари кундан-кунга қуюқлашиб, ниҳоят Алишернинг С.Абдуллаевани хонадонига ҳафтада 3-4 маротаба қиладиган ташрифлари  билан уланиб кетди. Табиийки, иккисининг пинҳона учрашувлари тўшакда авж палласига кўтариларди. Ниҳоят уйланмаган Алишер С.Абдуллаевани шаърий никоҳ билан ўзига тамоман боғлаб олди. Аммо бир жиҳат бор эдики, хўш, уйланмаган бўлса ҳам Алишер деганлари бир аёлга шаърий никоҳ билан уйланиб олибди, бунинг нимаси ёмон? дейишларинг мумкин. Ёмон томони шунда эдики, Алишер С.Абдуллаевага билдириб иккисининг тўшакдаги ишқий саргузаштларини қўл телефони орқали видеотасвирга оладиган, сўнг иккиси бу “саҳналар”ни мириқиб томоша қиладиган бўлиб қолишганди.

Аммо уларнинг бундай “ҳунар”ларига “Арктика” чойхонасидаги ўтиришга Алишерни С.Абдуллаева таклиф этиб, ўтиришда Нодира исмли аёл маст бўлиб қолиб, Алишернинг бир шапалоқ ургани-ю, Алишер бу аёлга тескари шапалоқ тортиб юборгани. Бунга жавоб тариқасида Нодира спиртли ичимликнинг шишаси билан Алишернинг бошига боплаб туширгани. Ва Нодира Алишернинг устидан ИИБга ариза бериб, 3 миллион сўм талаб қилгани, Алишер аранг 1,5 миллион сўм бериб, Нодиранинг ғавғосидан қутилгани. Алишер бу кўргуликларнинг барчасига маъшуқаси С.Абдуллаевани айбдор деб топиб, ундан пул талаб қилгани бўлди.

Пул талаб қилиш эса шунчаки эмас, охирги маротаба тўшакдаги саргузаштлари вақтида амалга оширган ғайритабиий ҳаракатлари видеотасвирга муҳрлангани сабаб, ушбу “саҳна кўринишлари”ни яқинлари, маҳалласи, танишлари, ҳатто ишхонасидагиларгача кўрсатиш билан қўрқитиш билан боғлиқ эди. Алишернинг назарида, яна энг ёмони, С.Абдуллаева бошқа бир эркак билан “топишиб” қолгани эди. Аввалига С.Абдулаева Алишернинг  пўписаларига унчалик парво қилмади. “Қўлингдан келса осмонни ташлаб юлор” қабилидаги жавобларни айтди. Аммо Алишер ғайритабиий усулдаги “саҳна кўринишлари”ни С.Абдуллаеванинг яқин ўртоқларидан бири Д.Ғофурованинг қўл телефонидаги “телеграмм”га ўзларининг палид ишлари намойишини ўтказиб берганидан сўнг…  С.Абдуллаева ваҳимага тушиб қолди. А.Аҳмедов 2 миллион сўм пул талаб қилаётганини билдириб, ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза берди. Алишер эса ўзининг савдо дўкони пештахтасида С.Абдуллаевадан талаб қилган 2 миллион сўмни санаб олганидан сўнг, қўлга олинди.

Албатта, бузуқлик қилгани етмаганидек, амалдаги қонунларга зид равишда шахснинг шахсий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатиш билан шуғулланган А.Аҳмедов суд ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан “сийлангани” ҳолда, қўшимчасига унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1411-моддаси 2-қисми “б” банди билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш хақининг 25 баравари миқдорида, яъни 4 миллион 607 минг 500 сўм жарима жазосини ҳам тайинлади.

Халқимизда “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” деган пурмаъно ҳикмат бор. Гап шундаки, сўнгги йилларда “оммавий маданият”нинг бир кўриниши сифатида юқоридаги ярамас ҳолатлар ҳам жамиятимизга бош суқди. Гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда шундақанги палид ишлар билан шуғулланаётганлар ҳақидаги гап-сўзлар қулоққа чалиниб қолаётир. Зеро, эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ору-номуси бўлмоғи шарт. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар бундай ҳолатларни била туриб кўз юммоқдалар. Ҳатто маҳалла мутасаддилари худди Алишер Аҳмедов ва С.Абдуллаеваларга ёзиб берганлари каби, бундайларни ижобий тавсифлаб қоғоз қоралаб, муҳр уришяпти.

Баҳодиржон ҚЎЛДАШЕВ,

Ўзбекистон   Республикаси   Бош   прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *