Кўрилди

“Ўғлингиз фирибгар экан”

Оилада фарзанд туғилгач, ҳамма ота-оналар фарзандим олим бўлсин, тадбиркор бўлсин, хулласки, эл-юртга фойдаси тегадиган комил инсон бўлсин, дея ният қилади. Аммо ҳеч бир ота-она “Болам катта бўлса жиноятчи фирибгар бўлсин” деб ният қилмайди. Афсуски, фарзанднинг келгусида яхши ёки ёмон одам бўлиб вояга етишида таълим-тарбиянинг роли аҳамиятлидир. Айниқса ота-она томонидан боланинг назоратсиз қолдирилиши эса яхши оқибатларга олиб келмайди. Буни ҳаёт жуда кўп маротаба исботлаган…

Махмуржон Расулов ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, гарчанд ҳеч кимга жиддий шикаст етказмаган бўлсада, аммо “Каптива” русумли автомашинани уриб юборгани учун айбдор бўлиб қолганида, ҳам “Каптива” машинасини, ҳам ўз машинасини таъмирлатиш учун каттагина пул керак бўлишини билиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди.

Шунда асли исми Манзурахон, аммо яқинлари  орасида Ойхон номи билан танилган таниши борлигини Махмуржон эслаб қолди. Қарангки, Махмуржон ҳам Ойхон опага ўзининг исмини Алишер деб таништирган, шу сабаб сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган бир иш қилиб, мўлжалидаги пулларини топса бўлади, деган қарорга келди.

Шу мақсадда у Риштон туманида яшовчи таниши Ойхон опани қидириб борди. Ойхон опага машинасида йўл-транспорт ҳодисасини содир этганлигини, тузатиш учун камида 200 АҚШ доллари миқдоридаги пул зарур бўлиб қолганини айтиб, пул беришини сўради. Ойхон опа Қўқон шаҳрилик таниши Алишернинг мўлтираб турганини кўриб раҳми келдими, ўзида бўлган 200 АҚШ доллари ва Зоҳидон қишлоғидаги таниши Турдихон Асадуллаевада яна 200 АҚШ доллари миқдорида муомаласи борлигини айтиб, Алишерни етаклаб Зоҳидон қишлоғида яшовчи Турдихон опаникига кириб борди. Қўқон шаҳрилик таниши Алишер ишончли йигит эканини айтиб, унга машинасини тузатиш учун 400 АҚШ доллари зрур бўлиб қолганини, бу пулларни 10 кунда қилиб беришини билдириб, ундан 220 АҚШ долларини олиб, Алишернинг қўлига жами 400 АҚШ долларини тутқазди.

Алишер айтилган вақтда 400 АҚШ долларини Ойхон опага олиб келиб берди-ю, аммо яширинча Зоҳидон қишлоғидаги Турдихон опаникига йўл олди. Турдихон опага яна дардини достон қилиб, пул сўради. Бу гал 700 АҚШ долларини қуртдек қилиб санаб олиб кетди. Чунки, Алишер “Нексия” машинасини тузатиб олса, албатта Турдихон опага арзон нархда сотишини ваъда қилиб юборганди-да.

Ўғли Махмур йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, машиналарни тузатиш учун пул қидириб юрганини билган ота-онаси Махмур Риштон туманилик Турдихон исмли опадан пул олаётганидан хабар топишди. Аммо олаётган пуллари қанча-ю, нима мақсадда сарфланаётганини назорат қилиб ўтиришмади. Ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Натижада Махмур Турдихон опадан бўлиб-бўлиб 4 ой давомида 6000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, бир қисмини мақсадли сарфлаган бўлсада, кўп қисмини ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборди. Турдихон опага ваъда қилган “Нексия” машинасини эса тузаттириб бўлиб, тамоман бошқа одамга пуллади. Бундан хабар топган Турдихон Асадуллаева Махмур (Алишер)ни қидириб унинг яшаш уйигача келди. Аммо Алишер уятмай-нетмай аҳволи оғирлигини айтиб, йиғлагач, Турдихон опанинг яна кўнгли юмшади. Лекин Махмур ваъда қилган муддатида олган пулларини қайтаравермагач, алҳол ИИБга ариза билан мурожаат этди.

Тергов-суриштирув ҳаракатлари кетаётган вақтда ҳам Махмур Турдихон опани алдаб, унинг ишончига кириб, Турдихон опага пул зарур бўлганини билиб, унинг  2 миллион 300 минг сўмлик “Кардинал” номли тиллабилак узугини ва “Ракета” номли тилла узугини сотиб, пулини беришини айтиб, ишончига кириш орқали уни алдаб кетди. Аниқроғи, қимматбаҳо тилла буюмларни олиб, номаълум одамларга сотиб юборди-да, на пулини, на буюмларини қайтариб бермади.

28 ёшли Махмур Расулов атайин фирибгарлик йўли билан кетма-кет фирибгарлик жиноятларини содир этганлиги сабабли эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганидан сўнг, Махмурнинг ота-онаси Турдихон Асадуллаевага етказилган жами моддий зарарларни тўласича тўлашди.

Фарзандининг  орқасидан “Ўғлингиз фирибгар экан” деган нохуш, ёқимсиз гапни эшитишга мажбур бўлган ота-онанинг ўғли Махмур Расулов суд ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан иш ҳақининг йигирма фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2  йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, амалдаги  Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан 2018 йил 15 октябрдан 2018 йил 22 октябрга қадар 8 кун дастлабки қамоқда сақланган вақти тайинланган жазодан чегирилиб, узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг йигирма фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 11 ой 6  кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.

Х.АБДУРАСУЛОВ, Риштон туман

прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *