Кўрилди

Жиян амакисига, ука акасига… қўл кўтарса!

Бугунги кунда маъмурий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши билан боғлиқ кўплаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилмоқда. Мазкур маъмурий ишларда қайсидир фуқаронинг бошқасини хақорат қилиши, унга қасддан енгил тан жароҳати етказиши ёки жамоат тартибини қасддан бузиши каби ҳолатларни учратиш мумкин. Бироқ, айрим бу турдаги маъмурий иш тафсилотларини кўрганда, беихтиёр, “Наҳотки одамлар орасидаги оқибат, бир-бирига нисбатан ҳурмат шу қадар йўқолиб кетаётган бўлса?!” деб ўйлаб қоласан. Афсуски, бундай ҳолатлар суд амалиётида тез-тез учрамоқда.

Жумладан, Фарғона шаҳар, “Бақай” кўчасида фуқаро А.Т. 2019 йил 22 декабрь куни шу кўчада яшовчи амакиси Э.Т. билан ўрталарида юзага келган ўзаро келишмовчилик натижасида гап талашиб, жанжаллашиб, жанжал давомида бир-бирларини қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказишган. Амаки-жиянга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 52-моддаси, 2-қисми билан юритилган маъмурий иш Сўх туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар иккаласига ҳам қонун доирасида жарима жазоси тайинланди.

Яна бир ҳолат, Сўх тумани, “Истиқлол” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро А.А. 2019 йил 19 декабрь куни кундуз соат 15:00 ларда ўзининг туғишган акаси О.А. билан ораларида узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган уй-жой низоси оқибатида жанжаллашиб, акасини маҳалла-кўй, жамоатчилик олдида уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, тўполон кўтариб, майда безорилик ҳаракатларини содир этди. Натижада, ака ўз укасининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан судга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Сўх туман маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси билан кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан  А.А.га нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ҳақли савол туғилади, халқимизнинг азалий урф-одатлари, анъаналари ҳисобланган катталарга ҳурмат ва меҳр-оқибат каби одамларимизнинг, миллатимизнинг турмушини, ҳаётини безайдиган тушунчлар қаерга йўқоляпти? Бу тушунчалар, кўникмалар инсонда, аввало, оилада ва маҳаллада шаклланиши керак эмасми?!

Бу жиҳатдан мен юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳимларидан бири сифатида муҳтарам Президентимиз томонидан маҳалла институтини ислоҳ қилишга қаратилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Мазкур тамойил доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар халқимизнинг, фуқароларимизнинг қалбига соя солиб турган кўплаб муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

Бахтиёржон ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилояти, Сўх туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *