Кўрилди

Ёш оила – келажагимиз

Ёшларни турмушга тайёрлаш —  бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Мамлакатимизда «Соғлом она – соғлом бола» тамойилига мувофиқ, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳаётга изчил тадбиқ этиб келинмоқда.

Мустаҳкам оилаларни шакллантиришнинг энг муҳим шартларидан бири бу ёшлар, хусусан, қизларни оила қуриш, мустақил оилавий ҳаётни ташкил этиш, оилада соғлом руҳий муҳитни қарор топтириш, фарзандлар тарбиясини самарали ташкил этиш жараёнига муваффақиятли тайёрлашдир.  Ёшларни ҳаётга тайёрлашда уларда никоҳ ҳамда оилавий ҳаёт, шунингдек, икки жинс ўртасидаги муносабатлар моҳияти борасида тўғри тушунчалар ҳосил бўлишига ёрдам бериш лозим. Бу эса  уларни никоҳ ҳамда оилавий ҳаётни ташкил этиш жараёнига руҳий жиҳатдан тайёрлайди,  ёшларда никоҳга киришиш ҳамда оилавий ҳаётни ташкил этиш (оила аъзолари ўртасида ижтимоий муносабатларни ташкил этиш, оила аъзолари (қайнота, қайнона, қайнисингил ва қайноғалар) билан мулоқотни йўлга қўйиш, оила хўжалигини бошқариш, пазандалик ҳамда  бичиш-тикиш ишларини юритиш,  фарзандлар тарбиясини олиб бориш ва хоказо жараёнларни ташкил этиш борасида амалий кўникма ҳамда малакаларни шакллантиради.

Оилада қизларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш мураккаб  жараён саналиб, мазкур жараённинг самарали ташкил этилиши бу борадаги муайян камчилик ва муаммоларнинг бартараф этилиши билан белгиланади. Айни вақтда эса оилада қизларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:

биринчидан, ота-оналарнинг оилада қизларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнининг моҳияти хусусида тўла маълумотга эга эмасликлари;

иккинчидан, ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан маълум масалаларда очищ-ойдин мулоқотда бўла олмасликлари;

учинчидан, ота-оналар томонидан ёшларни, шу жумладан, қизларни оилада мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги назарий ва амалий билимларни ўрганиш имконини берувчи манбаларнинг етарли даражада мавжуд эмаслиги;

тўртинчидан, келин ва куёв муносабатларининг мазмунини уларга англатиш вазифасини қизнинг янга (келин ойи)лари, йигитнинг ошналари зиммасига юклаш анъаналарининг мавжудлиги ота-оналарда оила шароитида ёшлар, чунончи, қизларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнининг моҳиятини тўла тушунмасликларига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабдан ҳам ҳозирги пайтда эрта никоҳларни қайд қилиш ҳолатлари ҳанузгача  учраб турибди.  Эрта никоҳлар деганда, турмуш қурувчиларнинг ёши 15 дан 18 ёшгача бўлади.  Лекин турмуш қуришни қайд қилишни ўзи етарли эмас,  маълумотсиз, доимий ойликсиз оилани моддий маблағ билан таьминлаш жуда қийиндир. Ҳали ақлини таниб улгурмаган, таълим масканида етарлича билим олмаган, оилада, жамиятда ўз ўрнига эга бўлмаган ўсмир қиз қандай қилиб фарзандини комил инсон даражасида тарбиялай олади?

Статистика бўйича бундай турмушлар кўпинча биринчи 2-3 йиллигида ажралиш билан тугалланади.

Ёш турмуш қуриш ва эрта она бўлиш аёлларнинг илм олиш ва меҳнат қилишга имкониятларини чеклаштириши мумкин, ёш она моддий жиҳатдан таъмиланмаганлиги сабабли кўп миқдорда муаммолар пайдо бўлади. У доимий кучли асабийлашади ва бу ҳолат болага ҳам салбий таъсир қилади.

Қизларнинг тўлиқ жинсий аъзоларнинг шаклланиши ва оила қуриш учун руҳий тайёр бўлишлиги  19-20 ёшга тўғри келади, қизларни 15-18 ёшгача турмушга чиқиши, эрта жинсий ҳаёт бошлаши уларнинг соғлиғига жиддий зарар  келтириши билан бир қаторда, туғма нуқсон билан ҳомила туғилишига, вақтидан олдинги туғруқ, бола ташлаш ҳолати, ўлик бола туғилиши,  кучли шишлар, қон босими кескин ошиб кетиши, туғруқ пайтида туғруқ йўллари шикастланиши, чақалоқни шикастлар билан туғилиши, туғруқ пайтида кучли қон кетиши, ҳатто аёл ва чақалоқнинг  ўлим ҳолатларига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Психологлар ва олимларнинг фикрича, турмуш қуриш учун энг мақбул  ёш: қиз болалар учун  22-25 ёш, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш ҳисобланади. Бу ёшга бориб инсон шахс сифатида ривожланиб бўлади. Турар жойи, касби ва моддий жиҳатдан таъминланган бўлади. Турмуш қуриш масаласини ечишга маъсулият билан қаралади, шунинг учун бу ёшда қурилган турмушлар турғун бўлади.

Оила қуриш бу ўта маъсулиятли вазифа бўлиб, оила қурилгандан сўнг  ўзига хос қоидаларни билиш зарур бўлади.

Бу қоидалар қуйидагилар:  оилада қайнона-қайнотани ва  бошқа оила аъзоларини ҳурмат қилишлари;  ўқиш, иш, меҳнат қилишга асосий эҳтиёж сифатида қараш; оилада қатъий кун тартиби ва режимга риоя қилиш; бекорчилик, дангасаликка берилмаслик; оилада психологик ҳотиржамлик, соғлом муҳит яратиш;

Оилани мустаҳкамловчи омилларнинг асосини оилада туғиладиган фарзанд ҳисобланади: фарзанд туғилиши билан эр ва хотин биологик жиҳатдан қариндошларга айланади, яъни бири ота, бири эса она мақомига эришади. Янги чақалоқ эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини мустаҳкамлайди, меҳр-муҳаббатини янада очиқроқ, самимийроқ ва илиқроқ изҳор қилишга имкон беради.

Ёшларни, янги турмуш қуриш ёшига етган йигит ва қизларни бўлажак ҳаётга тайёрлаш энг муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Ёшларга оиланинг ҳуқуқий асосини, қонуний никоҳ ташкил этиши ҳақида тушунча бериш катта аҳамиятга эга. Чунки, фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтишлари  соғлом оила шакллантиришда асосий ўринга эга  эканлигини ёшлар тушуниб етишлари даркор.

Ёш оилаларнинг мустақил ҳаёт йўлидан тетик одим ташлаши учун унда соғлом ва ақлли фарзандлар дунёга келиши керак ва ота-она унинг муносиб тарбияланишини ўзлари учун энг муқаддас ва шарафли вазифа деб билишлари лозим. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрнак, намунаси энг таъсирчан ва самарали тарбия воситасидир.

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги шароитида, ижтимоий жамиятда янгиланиш, кескин ўзгаришлар юз бераётган, бозор иқтисодиёти муносабатлари, шунингдек, ижтимоий рақобат қарор топаётган ўтиш даврида мустаҳкам оилаларни шакллантириш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш  ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.

Г.АБДУРАЗОҚОВА, Фарғона вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори.    

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *