Кўрилди

Ёниқ чироқлар

Мен танлаган касб

Оиламизда, ҳатто авлодимизда ҳам ҳуқуқшунос йўқ. Дастлабки йиллари билимим етмаганиданми ёинки омадсизликми, ўқишдан “йиқилиб” қолаверишим ота-онамга хуш келгандай туюларди, гўё.

“Ўғлим, машаққатли касб бу, кунни қўй, тунлари ҳам идорада ўтиришади, ҳатто ётиб ишлашади деб эшитганман сен танлаган касб эгаларини. Отанг ўқитувчи, мен, мана аканг ва опанг, ёмон кун кўрмаяпмиз-у, ҳурматимиз ҳам жойида, яхшиси кел, бизнинг йўлимиздан бор”.

Онамнинг бу сўзларига зимдан қулоқ тутиб, бир оғиз сўз қўшмай ўтирган отамнинг нигоҳларидан ҳам шу фикрларни ўқигандай бўлардим. Аммо… “касбни севиш” деган туйғу кимгадир эриш туюлган бир пайтларда кўнглимга тушган чўғ мени ўз мақсадимда маҳкам тутиб тураверарди.

Юртда адолатни қарор топтириш, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш!

Бунинг учун чин фидойилик керак. Ана шу йўлда ҳеч бўлмаганда кичик бир учқун бўлиш ҳам мароқлидир…

Ҳарбий хизматга кетдим. Дўстлар орттирдим. Олдига улуғвор мақсадларни қўйган хизматдош йигитлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашар, келгуси режалари билан ўртоқлашишарди. Ўз навбатида мен ҳам орзуларимдан сўзлардим.

  • Майлику-я, лекин дўстим, бу ўқишга кириш учун аниқ “танк” керак. Сен ўқитувчининг ўғлисан, ўз йўлингни бил!

Қарангки, бу гап негадир мени аҳдимда янаям қатъийлаштирди. Хизматдан сўнг яна “йиқилдим”. Тавсиянома ҳам унчалик иш бермади. Руҳиятим билан курашар эканман, қаттиқ тайёргарликка киришдим. Бир йил яна сувдек ўтди. Яна ҳаяжонли дамлар. Абитуриентлик, имтиҳон онларининг ҳам завқли, ҳам ташвишли онлари. Кўнглимда “Бу йил киришим керак!” деган ҳар йилги ҳайқириқ жар солади.

Янгиланиб бораётган юртим таълим тизимида ҳам ўзгаришлар кўп. Жавоблар, натижаларни мен каби интиқ кутаётганлар ҳам оз эмас. Ваниҳоят ўша кун келди! Ғалаба мен томонда эди. Дарҳақиқат, у –  адолат –  ҳақиқат бўй тутганди! Мен ўз билимим билан грант асосида ўқишга қабул қилиндим! Демакки, бу адолатни қарор топтиришим, ҳақиқат йўлида чин фидойи бўлишимга етарли асос бўлади.

Мен туни билан чироғи ёниқ тургувчи устозлар, ҳуқуқ соҳасидаги жамики фидойи инсонларни яқиндагина нишонлаган касб байрамлари – 8 январь билан чин қалбимдан муборакбод этаман!

Ғиёсбек ДАДАМИРЗАЕВ, Қорақалпоқ Давлат университети юридик факультетининг 1-курс талабаси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *