Кўрилди

Ваъда ваъдалигича қолмайдими?

Маҳаллий кенгаш депутатларининг беш йиллик фаолияти таҳлил қилинганда, улар томонидан сезиларли ишлар амалга оширилаётгани, сайловчиларнинг ишончи ортгани  кўзга ташланади. Халқ вакиллари мурожаатлар асосида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратаётгани эътиборли.

Бироқ, ҳамма жойда ҳам ишлар кўнгилдагидек, деб айтиш қийин. Амалдаги қонунчиликка зид равишда айрим мансабдор шахслар депутатлар томонидан кўтарилган муаммоларга панжа орасидан қарамоқда. Бу ўз-ўзидан қонунбузилишларга ва муаммонинг янада катталашишига олиб келяпти.

Шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик. Избоскан туманида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган 1 нафар вилоят халқ депутати ва 2 нафар туман Кенгаши депутати фаолият юритади. Уларнинг фаоллигига гап йўқ. Айниқса, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларни жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.  Бироқ, муаммолари ҳам йўқ эмас.

3-Чўнгбоғиш сайлов округидан халқ депутатлари Избоскан туман Кенгаши депутати Донохон Ибрагимова сайлов ҳудудидаги ҳар бир муаммони ўз муаммоси, деб билади. Уни қийнаётган 2 та масала бор. “Бирлашган” МФЙ, “Замон” кўчасида яшовчилар ичимлик суви муаммоси бўйича 2018 йилда мурожаат қилганди. Депутат бу масалада масъул ташкилотларга чиқди. Қарангки, орадан бир йил ўтиб, амалдаги йил бошида қувурлар ётқизилди.

Д.Ибрагимова энди сайловчилар олдида бир оз ишончни оқлагандай бўлди. Афсус, бошланган иш ҳамон якунига етмаяпти. Фуқаролар ерда қулаб ётган қувурлардан қачон сув келишини кутиб яшамоқдалар.

Ҳудди шу каби “Зарбдор” МФЙ, “Қўшчинор” кўчасида яшовчиларнинг  йўлларни асфалътлаш масаласида қилган доди ҳавога учмоқда. Депутат сўровига жавоб битта: дастурга киритилди. Бироқ қачон? Бу саволга туман “Ободонлаштириш” бошқармаси раҳбарлари аниқлик киритиши лозим.

Тумандаги 53-мактабгача таълим муассасаси 1972 йилда қурилган мослаштирилган бинода жойлашган. Бу ерда 90 нафар кичкинтойлар тарбияланади. МТМ биносининг таъмирталаблигидан ота-оналар норози. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зуҳрахон Комилова бу борада бир неча бор масъул ташкилотларга мурожаат билан чиқди. Аммо натижа бўлмаяпти.

Туман Мактабгача таълим бўлими раҳбари Назирахон Қобулова бу масалада берган саволимизга 2021 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинади, дея қисқагина жавоб берди. Бунисига ҳам кўндик. Бироқ, яна ваъда ваъдалигича қолмаса бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, депутат сўрови бажарилиши шарт. Чунки, унинг ортида халқ дарди ётади.

Акбаржон НАЗАРОВ, “Қонун ва ижро” газетаси махсус мухбири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *