Кўрилди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳуқуқий асоси

Азиз ватандошлар, бугунги кунда барчамиз мамлакатимиз ҳаётидаги улкан тарихий санаЎзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг шонли йигирма саккиз йиллигини байрамона хуш кайфиятда тантанали нишонлаш арафасида турибмиз.

Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомусдир. Улуғ аждодларимизнинг асрий армонлари, халқимизнинг эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек эзгу тилаклари, келажак авлодга озод ва обод Ватан қолдириш, уларнинг бахтини, камолини кўришдек орзу-ҳаваслари давлатимизнинг Конституциясида акс эттирилган.Ушбу ҳужжатдаги меъёрий асослар илдизи олис ўтмишимизга, миллий давлатчилигимиз тарихига, бой маърифий меросимизга бориб тақалади, унинг яна бир илдизи эса ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан қувват олган.Мамлакатимиз Конституцияси ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини, тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга интилган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети тамойилларига содиқлигини эълон қилди, мустақил мамлакатимизнинг демократия ва ижтимоий адолат ғояларига садоқатли эканлигини тасдиқлади, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари устиворлигини тан олди.

Конституция ўзбек халқининг озодлик ва миллий давлатчилик, ўтган авлодларнинг шонли анъаналари, уларнинг бой маънавий меросини тиклаш тўғрисидаги асрий орзусини қонун йўли билан кафолатлади.Истиқлолга эришгач, озод халқимиз ўзининг келажак йўлини мустақил равишда белгилаб, ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Энг муҳими, бу буюк мақсад қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилди. Бугун халқимизнинг турмуш тарзи, фикрлашига эътибор берсангиз, бир ҳолни илғаб олиш қийин эмас, яъни одамлар ўз фаолиятини қонун асосида белгилаб, онг-тасаввурида катта ишонч юзага келмоқда. Аниқроқ айтганда, ҳамма-ҳаммаси одамларга амалдаги қонунларимизга бўлган ишончи, уларни ўзларига мустахкам таянч деб билиши билан изоҳланади. Зеро, бу ишонч эртанги ёруғ кунга катта умид уйғотади.

Мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқ ҳокимиятчилиги принципининг муҳим қоидаларидан бири сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг “Ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак” деган сўзлари билан яна бир бора ўз исботини топди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович илгари сурган халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётир. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилди. Бу нафақат халқимиз томонидан, балки халқаро миқёсда ҳам эътирофга сазовор бўлаётгани айни ҳақиқатдир.

Албатта, инсон манфаатлари устувор бўлган юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватан учун, халқ учун жони-жаҳонини фидо қилишга доимо тайёр бўлади.

Инсон ҳуқуқлари муаммоси бугунги кунда инсоният олдида тураётган энг долзарб муаммолардан биридир. Айнан инсон ҳуқуқларининг таъминланганлик даражаси билан давлатнинг демократик ривожланганлик даражаси ўлчанади, инсон ҳуқуқлари муайян бир мамлакатда демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш сиёсатининг ўзига хос барометридир. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш жамиятнинг барча жабҳалардаги тараққиётнинг асоси, чунки инсон ҳуқуқлари таъминланган жамиятда рақобат муҳити пайдо бўлади ҳамда ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар суръатлари жадалашади ҳамда пировардида демократик ҳуқуқий давлат қуриш бўйича стратегик мақсадга эришилади.

Ўтган давр мобайнида Конституциямиз Республика мустақиллигининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда, барча соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Шу билан бир қаторда давр синовларидан муваффақиятли ўтиб, мустақиллигимизнинг ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг чинакам кафолатига айланди.

Конституциявий-ҳуқуқий тараққиётимизнинг яна бир муҳим жиҳати–давлатимиз ривожланишида инсонпарварлик тамойиллари тобора мустаҳкамланиб, жиноий жазоларни либераллаштириш, ижтимоий адолат, жазонинг муқаррарлигини таъминлашга эришиш борасида салмоқли ютуқларга эришганимиздир. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати сифатида намоён бўлади.

Мухтасар қилиб айтганда, асосий қонунимиз мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш ҳамда “Кучли давлатдан-кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга татбиқ этишда мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.

Ҳурматли ватандошлар, Сизларни Конституциямизнинг йигирма саккиз йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга файзу барака, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда амалга ошираётган ишларингизга улкан зафарлар тилайман!

 

Солижон Курбанов, Фарғона шаҳар маъмурий судининг раиси.         

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *