Кўрилди

Тўрт кунлик чақалоқни сотишаётганди

“Фарзанд – инсон ҳаётининг гулидир”, деб бежиз айтилмайди. Зеро, ҳар бир инсон ҳаётида фарзандли бўлиш, чақалоғини бағрига босиб, унинг кулгуси-ю, беозор ҳаракатларидан ҳузурланиш катта бахт санаб яшайди. Лекин баъзан турмушда адашиб ёки алданиб қолган қизлар ўзлари дунёга келтирган мурғак фарзандидан қутулиш чорасини излаб қолишади…

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани Тиббиёт бирлашмаси туғруқхона комплексида хизмат қилувчи Р.Қ. ва А.И.лар ана шундай қисматдаги фуқаронинг ҳолатидан “унумли” фойдаланиб, мўмай даромад олишни кўзлаб қолдилар.

2019 йил 27 март куни туман Тиббиёт бирлашмаси туғруқхона комплекси ходималари – Ўзбекистон туманидаги “Эски Яйпан” МФЙда истиқомат қилувчи Р.Қ. ва “Кичик Тагоб” МФЙда истиқомат қилувчи А.И.лар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда туғруқхонада фарзандли бўлган Т.Н.нинг турмушга чиқмай, никоҳсиз фарзанд кўрганлиги, шарманда бўлишдан қўрқиб, фарзандини уйига олиб кетишни хоҳламаётганлигидан хабар топишади.

Шундан сўнг “тадбиркор шифокор” Р.Қ. дарҳол Т.Н.нинг онаси билан гаплашиб, унга бир неча йилдан буён фарзандли бўлмай юрган қариндоши борлигини, чақалоқни ўша қариндошига беришини айтиб алдаб, уларнинг розилигини олади. У ўз шериги А.И. билан тил бириктириб, Т.Н.га туғруқхонадан чиқишга рухсат берилгач, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда чақалоқни олиб қолиб, уни сотиб бойлик орттириш ҳақида режа тузишади.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қўқон шаҳар бўлими ва ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Р.Қ. ўзининг жиноий шериги А.И. билан бирга Ўзбекистон тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона комплексида янги туғилган чақалоқни ўз танишлари М.Р.га 500 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда ушланди. Р.Қ.дан кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ашёвий далил тариқасида олинди.

Ҳозирда мазкур жиноий иш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

М.МАДРАҲИМОВ, Фарғона вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси, майор.                 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *