Кўрилди

 “Тундан тонггача” рейдлари натижаси

Мажбурий ижро бюросининг Фарғона вилояти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори талабларига мувофиқ, тунги 00:00дан тонгги соат 06:00гача “Тундан тонггача” рейдлари вақти-вақти билан ва асосийси, кутилмаганда ўтказилмоқда.

Бюронинг Фурқат туман бўлими тезкор ходимлари томонидан тумандаги «Турдалихон тўра боғи » фермер хўжалигига қарашли иссиқхонада энергия ресурсларидан фойдаланишнинг қонунийлигини тунда бориб ўрганишга қарор қилинди ва кутилмаган ташриф чоғида истеъмолчи иссиқхонада газ ҳисоблагичдан ташқари газ тармоғига яширин ҳолатда уланиб, ноқонуний фойдаланаётганлиги аниқланди.

Аслида иссиқхонадаги ноқонуний ҳолат оддийгина фош этилгани йўқ. Ташриф чоғида тезкор ходимлар фермер хўжалигига тегишли иссиқхона табиий газ билан таъминланганлиги ва газ ҳисоблагич ҳам бир меъёрда ишлаётганига гувоҳ бўлишди, лекин ўн минг туплаб помидор ва бодринг кўчатлари етиштирилаётган иссиқхона учун тўланаётган маблағ бир хонадон истеъмолини ташкил қилиши тадбир ўтказиш учун асосий шубҳа эди.

Бюронинг тезкор ходимлари иссиқхонадаги газ ҳисоблагични шунчаки кўриб, қайтиб кетишса ҳам бўларди, бироқ улар газ ҳисоблагични бир неча дақиқага ўчиришга қарор қилишди.

Буни қарангки, газ ҳиосблагич ўчирилса-да, лекин котёлларда ёнаётган табиий газ ўчмади. Истеъмолга нисбатан тўловнинг кескин даражада камлигига ойдинлик киритилаётгандек бўлди. Мутахассислар жалб қилинди, мана энди, ҳижжалаб текширилганида, иссиқхона ортидан ўтган газ тармоғидан мутлақо яширин равишда ер остидан кавлаб уланганлиги ва иссиқхоналардаги котёлларга ҳам ер остидан полиэтилен трубалар орқали тортиб олинганлиги фош қилинди.

Тадбиркорнинг тўқликка шўхлик қилиши, деб шунга айтишса керак-да. Ижтимоий тармоқларда табиий газ етишмаётганлик ҳолати бўйича аҳоли вакиллари тинимсиз чиқишлар қилиб турган бир вақтда, аҳоли учун мўлжалланган табиий газдан беписанд фойдаланиб келаётганлигининг ўзи халққа ва давлатга кичик бўлсада хиёнат эмасмикин?!

Хуллас, иссиқхона тармоқдан тўлиқ узилди, аниқланган ҳолатлар бўйича баённома расмийлаштирилди. Газ таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан давлатга етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинганида, 482 миллион 529 минг сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланди. Ҳа, энди тадбиркор ўз айбини ювиши ва давлатга етказилган зарарни тўлаши шарт.

Ҳурматли тадбиркорлар! Энергия ресурсларидан асло ноқонуний фойдаланманг, бугун бўлмаса эртага, албатта, Бюронинг тезкор ходимлари тунда ёки куннинг исталган вақтида ташриф буюрганида уялиб қоласиз, давлат мулкини талон-торож қилиш ҳам хиёнатнинг бир кўринишидир.

Суратда: Табиий газ тармоғига яширинча улаб олинган иссиқхонадаги ҳолат.

Акмал МАМУРОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ Фарғона вилоят бошқармасининг катта инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *