Кўрилди

Тунда уйга кирган ким эди?

2020 йил 2 февраль куни кеч соат 19:30лар чамасида Данғара туманидаги Тумор қишлоғида яшовчи Мухторжон Тоштемиров оила аъзолари билан ўтирганида, уйининг кириш қисмига кимдир сўроқсиз қиргандек туюлди. Шунда ўғли уйга кирган ким эканлигини аниқлаш учун ташқарига йўналди ва рўпарасида қипқизил маст ҳолатдаги 40 ёшлар чамалик нотаниш кишини кўрди.

Уйнинг кириш қисмидаги шовқинни эшитиб Мухторжон ака ҳам чиқиб келди. Уй эгаларининг “Кимсиз? Нега бизни уйга кирдингиз? Қаердан келдингиз?” деган саволларига нотаниш киши “Менга шу ер ёқиб қолди” деган ғўлдирашнаъмо сўзларни айтиб, полни кўрсатди. Уй эгалари уни кўчага олиб чиқиб ташламоқчи бўлганида, маст киши қаршилик кўрсатиб, уй эгаларини уятли сўзлар билан ҳақорат қила бошлади. Шу орада Мухторжон аканинг куёви келиб қолди. Маст ҳолдаги кимса уни ҳам бўралаб сўкишга тушди.

Хулласки, яхши гапга кўнмаётган, ўта маст ҳолатдаги бу одамни алҳол кўчагача олиб чиқишди ва дарҳол ИИБга хабар беришди.

Кўп ўтмай шу ҳудудда тунги навбатчилик вазифасини бажариб юрган профилактика инспектори Азизбек Раҳмонов ёрдамчиси билан етиб келди. Унинг ортидан ИИБнинг бошқа ходимлари ҳам пайдо бўлишди.

Кўришдики, шахси номаълум киши ўта маст, саволларга жавоб бергиси йўқ, мастлик ҳолатига аниқлик киритиб олиш учун наркология диспансерига олиб бормоқчи бўлишганди, номаълум шахс ИИБ ходимларига ҳам фаол қаршилик кўрсата бошлади…

2020 йил 5 февраль куни туман маъмурий суди аслида Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани, “Алами” МФЙ йиғини ҳудудидаги Алами маҳалласида яшовчи, 1978 йилда туғилган Зафаржон Маматқуловнинг юқоридаги ҳолат бўйича содир этган ҳуқуқбузарлигини кўриб чиқди.

Ҳуқуқбузар З.Маматқуловнинг билдиришича, у ўз яшаш уйида кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўта маст ҳолатда Данғара туманидаги Тумор қишлоғига келиб қолган ва ҳеч қандай сабабсиз М.Тоштемировнинг хонадонига кириб, уларнинг тинчини бузган.

З.Мамтқуловнинг айтишича, унга Тоштемировлар оила аъўзолари ҳамда ИИБ ходимлари томонидан унга нисбатан руҳий ёки жисмоний тайзиқ ўтказилмаганини, ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилиб, бўлиб ўтган воқеаларни эслай олмаслигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини, қилган ишини тушуниб етганлигини, бошқа бу каби ҳуқуқбузарлик содир қилмаслигини, жабрланувчилардан кечирим сўрашини, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни баён қилиб, кўрсатма берди.

Суд қарори билан ҳуқуқбузар З.Маматқуловга амалдаги қонунларга биноан 223 минг сўм жарима ва оғирроқ ҳуқуқбузарлик моддаси билан узил-кесил 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланди.

Элмурод ОРТИҚОВ, Фарғона вилояти, Данғара туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *