Кўрилди

ТЎҒРИ ГАП ТУҚҚАНИНГГА ҲАМ ЁҚМАЙДИГАН ЗАМОН ЭДИ

“Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди”

Ўзбек халқ мақоли.

 

“Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди”

Ўзбек халқ мақоли.

 

Шу сабабли жиноятчи деб топилган одамдан қурол топиларди-ю, ўқи бўлмасди, гиёҳвандлик моддаси олинарди-ю, айбланувчининг ўзи ҳатто нос, сигарет ҳам чекмаган бўлиб чиқарди…

Дарҳақиқат, шундай. Биз сизга ҳикоя қилмоқчи бўлаётган реал воқеа узоқ ўтган замонда эмас, юртимиз мустақилликка эришган илк йилларда юз берган. Зеро, одамлар замонга қараб ўзгариб борар экан. Яқинда ҳам юз бераётган ҳақиқий ҳаётий ҳолат, мавжуд муаммолар тўғрисида гапириш тугул ҳатто оғиз очишга одамлар қўрқарди. Бугун эса тамомила бошқача ҳаёт. Чунки, замон ўзгариб бормоқда-да!

Хуллас, гапни чўзмайликда, бўлган воқеликка қайтайлик. 1994 йили Риштон туманидаги М.Топволдиев номли 27-ўрта мактабда ниҳоятда кўплаб иқтидорли ўқитувчилар меҳнат қиларди. Мактаб ўқитувчиларининг асосий қисми эркаклар саналарди. Бироқ, ойлик маошлар жуда оз, кўплаб эркак ўқитувчилар ўз севган касбларини ташлаб, даромадлироқ соҳага ўтиб кетиш тараддудига тушиб қолганди.

Ўша йиллари мактабда илмий бўлим мудири бўлиб ишлаган Турсунхўжа Абдураҳмонов мактабдан кетмоқчи бўлаётган касбдошларини мўътабар даргоҳни асло тарк этмасликка кўп чақирди, сабр қилиш лозимлигини, вақти билан ойлик маошлар ҳам ошиб, тирикчилик янада яхши бўлишини башорат қилди. Бироқ, асосан эркак ўқитувчилар бундай оз ойлик маош билан  тирикчилик ўтказиб, бола-чақа боқиб, бирон нарса орттириш мумкин эмас деган якдил фикрда эдилар.

Хуллас, кўп тортишувлардан сўнг 1994 йили – янги ўқув йили арафасида 84 нафар ўқитувчи имзолаган мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига юборилди. Мурожаатномада бор-йўғи ўқитувчиларнинг ойлик маошларини ошириш сўралган эди, холос.

Август ойида кутилмаганда 27-ўрта мактабга “комиссия” келди ва мактабнинг икир-чикиригача эринмай текшира бошлашди. Аммо мактабдан бирон қўлга илинарли камчилик топа олишмади. Шундан сўнг мурожаатномани ёзганларга эътибор қаратилди.

1994 йил 12 август куни Турсунхўжа Абдураҳмонов ва яна уч нафар ўқитувчини кутилмаганда Риштон туман ИИБ бошлиғи Б.Шарофиддинов чақиртириб, уларни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Ш.Рўзматов йўқлаётганини билдирди. Туман ИИБ  бошлиғи 4 нафар ўқитувчини вилоят ИИБга олиб борди ва аввал бошлиқ ўринбосарлари ҳузурига олиб кирди. Бошлиқ ўринбосарлари “Нима учун Президентга хат ёздиларинг, хат ёзмасликларинг керак эди” дея фақат афсус билдиришди. Сўнг эса полковник Ш.Рўзматовнинг хонасига тўртовлонни олиб киришди.

Ш.Рўзматов ўқитувчиларни оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилиб бўлгач, Турсунхўжа Абдураҳмоновга қарата “Сен ғаламис, шикоятчи, нега тепага шикоят қилдинг, ҳеч нарса қилмайди деб ўйлаяпсанми? Семичка чақиб турган жойингда айбингни топиб, қаматиб юбораман. Сени барибир айбингни топаман” деб хонасидан ҳайдаб чиқарди.

15 август куни эса Риштон туман ИИБга Фарғона вилояти ИИБдан бир гуруҳ ходимлар келишди ва 27-ўрта мактабда илмий бўлим мудири бўлиб ишловчи Турсунхўжа Абдураҳмонов “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик оқим вакили сифатида давлатга қарши варақлар чиқариб тарқатаётгани, уйида бундай варақалардан нусха кўпайтирувчи хорижда ишлаб чиқарилган машинка борлиги  сабабли зудлик билан унинг уйида тинтув ўтказиб, ўзини қамоққа олиш кераклигини билдиришди. Асли коса тагида нимкоса борлигини аллақачон тушуниб етган Риштон туман ИИБ бошлиғи Б.Шарофиддинов ўзининг ўринбосари М.Тожибоев, Риштон туман ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили М.Аҳмедовларни вилоятдан келганларга йўл бошловчи қилиб берди.

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг махсус топшириғи билан келганлар Турсунхўжа Абдураҳмоновга  уйида чет элда ишлаб чиқарилган копия қилувчи машинкани сақлаётганини, шу машинка ёрдамида давлатга қарши варақларни кўпайтириб тарқатаётганлигини, чет эл билан алоқаси борлигини айтиб, уйида тинтув ўтказмоқчи эканликларини билдиришди. Яшаш уйининг эшигини тагида “кутилмаган меҳмонлар”ни қарши олган Т.Абдураҳмонов ҳозирда ўғли Америка Қўшма Штатларида ўқиётганлигини, фақат ундан келган хатларнигина сақлаётганини, давлатга қарши бирон бир варақа тайёрламаганлигини, бундақа  ишни қилмаганлигини айтиб, улардан тинтув ўтказиш учун прокурор санкцияси бор-йўқлигини сўради. Вилоятдан келган ИИБ ходимлари эса бир овоздан “Ўзимиз қонун, ўзимиз санкциямиз” дейишди-да, уй эгасини нари суришиб, холис сифатида чақирилган қўшниси А.Жумаевни ҳовли юзасида қолдириб, ўзлари ичкари хоналарни тинтиш учун кириб кетишди. Асли вазиятдан хабардор бўлган туман ИИБ бошлиғи ўринбосари М.Тожибоев ва ЖҚБ тезкор вакили М.Аҳмедовлар ичкари уйларга киришни хоҳлашмай, ҳовлидаги сўрида ўтириб қолишди.

Тинтув вақтида уйнинг ертўласидан фақатгина “противогаз” қўлга илинди. Бироқ, вилоят ИИБдан келганларнинг назарида “противогаз” билан Турсунхўжа Абдураҳмоновни қўлига кишан солиб, бу ердан олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқ. Шундан сўнг улар бошқа ҳеч нарса тополмасликларини билганлари ҳолда, ўзлари олдиндан тайёрлаган ишга киришишди. Яъни, кечаси Т.Абдураҳмоновнинг икки ўғли ётган, лекин эрталаб бувисининг уйида ишлаётган усталарга ёрдамга чиқиб кетган бўм-бўш хонага киришиб, ўринлар йиғиштирилган диваннинг ёстиғи тагидан занглаган қирқма милтиқни “топишди”. Ойнаси  очиқ дераза токчасидан эса 100 грамм кўкнори уруғларини “топиб олишди”. Ҳа, айнан “топишди”. Дарҳол занглаган қирқма милтиқ ва 100 грамм кўкнори уруғлари кимга тегишли эканини уй эгасидан сўрашди. Бундай бўлишини кутмаган Турсунхўжа Абдураҳмонов дод деб юборди ва бу ҳолатлар атайин уюштирлаётганини тушуниб, “Бола боқиш учун кунларинг шунга қолдими, бу нарсалар меники эмас” дея олди, холос.

“Иш режа асосида” кета бошлагач, ИИБ ходимлари Т.Абдураҳмоновнинг яшаш уйидан қирқма милтиқ ва 100 грамм кўкнори уруғлари топилиб, ашёвий далил сифатида олингани бўйича қоғоз қоралашди. Тинтув охирида чақириққа асосан етиб келган Риштон туман ИИБ ходими А.Акбаров холис гувоҳ сифатида амалдаги қонунларга зид бўлсада тинтув вақтида қирқма милтиқ ва 100 грамм кўкнори уруғлари далилий ашё тарзида олингани қайд этилган протоколга имзо чекди. Қўшниси А.Жумаев  эса домла Турсунхўжа Абдураҳмонов уйида қирқма милтиқ сақлаш тугул, умрида сигарет, ҳатто нос чекмагани ҳолда уйидан кўкнори уруғлари ҳам топилганига ишонмаслигини очиқ айтиб турсада, у ҳам протоколга мажбуран имзо чектирилди.

Шу вақт сал-пал ўзига келиб қолган Турсунхўжа Абдураҳмонов уйидан “топилган” матоҳлар атайин ташлаб қўйилганини, уюштирилганини бот-бот қайтариб, мабодо қирқма милтиқда унинг ёки оила аъзоларидан биронтасининг бармоқ изи топилса, ҳатто отиб юборишса ҳам розилигини, “Бўлди, милтиқ меники эмас, ушламанглар, экспертиза қилиб аниқланглар” деб тезликда қирқма милтиқдан бармоқ излари олиш лозимлигини талаб қила бошлади. Аммо ИИБ ходимлари учун ўша дақиқаларда бундай талабнинг заррача ҳам қизиғи йўқ эди. Чунки, иш битган, вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи ўрнида бажарилган эди-да.

Шундай қилиб, атайин айбсиз айбдор қилинган ўқитувчи Турсунхўжа Абдураҳмоновнинг қўлига кишан солиниб, туман ИИБга олиб кетишди.

Президентга ойлик маошларини оширишни сўраб мурожаат қилган ўқитувчи Турсунхўжа Абдураҳмоновнинг уйидан қирқма милтиқ, кўкнори уруғлари топилиб, ҳибсга олингани ҳақидаги хабар Риштон бўйлаб яшиндек тез тарқалди. Бошқача айтганда, ҳаётидан норози бўлганларга ўқитувчи Турсунхўжа Абдураҳмоновни “қўлга олиш” орқали боплаб “кўрсатиб қўйишди”.

Топшириқ бўйича Т.Абдураҳмоновнинг “жиноий қилмиши” тергов қилиш учун туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи А.Мадаминовга топширилди. Биринчи терговдан сўнг терговчи Алижон Мадаминов “Мен бу ишни тергов қилмайман. Худодан қўрқаман” деб хонадан чиқиб кетди. Чунки,  прокурорнинг рухсатисиз, холис гувоҳларнинг ёзма гувоҳликлари-ю, жабрдийда Турсунхўжа домлани эшитиб, бу иш асли қандай юз берганини тушуниб етган эди-да. Қолаверса, терговчи А.Мадаминов туман ИИБ бошлиғи ўринбосари М.Тожибоев, ЖҚБ тезкор вакили М.Аҳмедовлардан ҳам бу иш атайин уюштирилганини эшитиб улгурганди. Ўқитувчи Т.Абдураҳмоновнинг умрида нос тугул сигарет ҳам чекмаганлиги, қирқма милтиқдан бармоқ излари олинмагани, бармоқ излари олиш учун эса аллақачон ИИБ ходимлари-ю, экспертлар қирқма  милтиқни ушлаб кўришиб, бармоқ излари чалкашиб кетгани, бошқача айтганда, бармоқ излари иссиғида олинмагани каби қатор ҳолатлар уни виждон азобига солаётганди. Ва туман ИИБ бошлиғи Б.Шарофиддиновнинг ҳузурига кириб, бу ишни тергов қилолмаслигини, қатор шубҳали жиҳатлари борлигини айтар экан, агарда шу ишни қилишга мажбурласа, ўз хоҳиши билан ишдан кетишга ҳам рози эканини билдириб, чўнтагидаги гувоҳномасини стол устига қўйди. Бошлиқ Б.Шарофиддинов эса вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Рўзматовнинг зуғумидан қўрқдими, “Ишни терговчингга топшир бўлмаса” деб чиқариб юбора қолди. Барча гапдан хабардор оддий терговчи Т.Мамадалиев эса Т.Абдураҳмоновнинг терговини бошлаш арафасида, “Домла, мен сизни адвокатга ўхшаб сўроқ қиламан, майлими” деб сўраб терговни бошлаганди, “айбланувчи” Т.Абдураҳмонов ҳотиржамлик билан “Майли, вазифангизни қилинг” деб қўя қолди. Ёш терговчи Т.Мамадалиев барча гап-сўзлардан, вазиятдан тўла хабардор ҳолда Т.Абдураҳмоновга қарата “Домла, айбимга иқрорман деб қўяверинг, акс ҳолда сизни қамоқда чиритиб юборишади” дея афсус билдирди.

Аммо уюштирилган бу ишда муҳим бир жиҳат бор эдики, уни асло четлаб ўтиб бўлмасди. У ҳам бўлса  Турсунхўжа Абдураҳмоновни қамаш учун прокурорнинг санкцияси талаб этиларди. Турсунхўжа Абдураҳмонов қоидага биноан туман прокурорининг ҳузурига олиб келингач, прокурор ИИБ терговчиси томонидан ноиложликдан юмалоқ-ёстиқ қилиб ёзилган айблов хулосасини ўқиб чиқди. Турсунхўжа Абдураҳмонов билан суҳбатлашиб бўлиб, кутилмаганда айблов хулосасининг тепасига ўқловдек ҳарфлар билан “Санкция бермайман” деб ёзиб, ёш терговчи Т.Мамадалиевнинг қўлига тутқазди.

Табиийки, ишнинг бундай тарзда тескари  томонга бурилиб, олдиндан режаланган ишга путур етиши аниқ бўлиб қолгач, Президентга ойлик маошларини оширишни сўраб мурожаатнома ёзган ўқитувчи Турсунхўжа Абдураҳмоновнинг “жиноят иши” зудлик билан Фарғона вилояти ИИБга чақиртириб олинди ва ўша ерда тергов қилиниб, ҳатто Фарғона вилояти прокурори имзолаган санкцияни олишга ҳам эришилди.

Энди иш судга бориб тақалаётганди. Ўша вақтдаги Риштон туман суди раиси А.Исмоилов бошчилигида ўтаётган суд мажлисида Риштон туман прокурори Турсунхўжа Абдураҳмоновга нисбатан айблов эълон қилишдан воз кечди. Ноилож қолган суд раиси А.Исмоилов “жиноят иши” юзасидан йиғилган далиллар ишончга сазовор бўлмагани сабабли ишни қўшимча  тергов қилиш учун ИИБга қайтарди. Чунки, судга чақирилган гувоҳлар бир овоздан “жиноят иши”да қайд этилганларининг тамомила тескарисини айтар, судланувчи Т.Абдураҳмонов ҳам айбсизлигини айтиб, тўқима айбловни кескин рад этаётганди. Яна бир жиҳат, МХХга юборилган сўровга берилган ёзма жавобда ўқитувчи Турсунхўжа Абдураҳмонов ҳеч қандай диний-экстремистик оқимга аъзо эмаслиги аниқ қайд этиб қўйилганди.

Албатта, суд раиси А.Исмоилов амалда бегуноҳ ўқитувчи Турсунхўжа Абдураҳмоновни қамашга мажбур эканини очиқ-ойдин билиб турарди. Ниҳоят Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан суд раиси А.Исмоиловга битта шарт  қўйилди: “Т.Абдураҳмонов милтиқни тан олмаса ҳам, кўкнорини тан олсин, қўйиб юбораман”. Суд раиси А.Исмоилов эса бундай шартни судланувчи Т.Абдураҳмоновга асло очиқ айтолмаслигини, фақатгина жамоат ҳимоячиси А.Каримов айтиши мумкинлигини билдирди.

Шундай қилиб, Фарғона вилоят ИИБ раҳбариятининг нозик шарти судланувчи Турсунхўжа Абдураҳмоновга етказилди. Бу вақтга келиб, Т.Абдураҳмонов 4 ойдан зиёд вақтини қамоқда ўтказаётганди. Оила аъзолари ҳам ўта безовата эдилар. Қолаверса, қамоқхонада унинг соғлиги кундан-кунга ёмонлашиб бораётганди.

Фарғона вилоят суди Риштон туман судининг ишни қўшимча тергов қилиш учун терговга қайтариш ҳақидаги ажримини бекор қилиб, ишни кўриб чиқиш учун Боғдод туман судига юборди.

Ниҳоят “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деган халқ мақоли унинг ўша кунлардаги ҳолатига тамомила мос келаётганини ўйлаб, қандай қилиб бўлмасин бу балои офатдан қутилиш мақсадида 1994 йил 20 декабрь куни Боғдод туман судидаги суд мажлисида суд раиси томонидан айбига қисман иқрор бўлса, қамоқдан озод бўлиши ҳақидаги шартни эшитиб, ноилож “нозик шарт”га кўнди.

Шундай қилиб, суд ҳукми билан Жиноят кодексининг бир неча моддаларига асосан айбланиб, Турсунхўжа Абдураҳмонов меҳнатга мажбуран жалб этилиб, қамоқдан озод этилди. Юқорида илғаганингиздек, ушбу воқеалар 1994 йил август-декабрь ойларида юз берди. Табиийки, ўз касбини севган Турсунхўжа Абдураҳмонов кейинги йиллар ҳам ёш авлодга таълим-тарбия бериб, ниҳоят нафақага ҳам чиқди. Аммо унинг кўнгли тубида бир тош дейсизми, доғ дейсизми, хуллас бир оғриғи бор эдики, ўтган йиллар давомида уни доимий безовта қилиб келди. Албатта, бу – 1994 йили айбсиз айбдор сифатида судлангани. Бугун эса муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан умумтаълим мактабларида ёшларга таълим-тарбия бераётган ўқитувчи-устозларнинг ойлик маошлари Турсунхўжа ака Абдураҳмонов  ва унинг 1994 йили 27-ўрта мактабда меҳнат қилган 83 нафар ҳамкасблари орзу  қилганидан-да зиёда қилиб оширилди. Ўқитувчиларга қатор имтиёзлар берилди.

Шуларни ўйлаб, Турсунхўжа ака Абдураҳмонов 1994 йил 20 декабрь куни Боғдод туман суди томонидан ўзига нисбатан асоссиз айблов билан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, оқлашларини сўраб судга мурожаат қилди.

2019 йил 5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими билан Абдураҳмонов Турсунхўжага нисбатан чиқарилган Боғдод туман судининг 1994  йил 20 декабрдаги ҳукмини бекор қилди.

Қисқача айтганда, адолат 25 йилдан сўнг бўлса ҳам қарор топтирилди.

Адолат тантана қилиниб, суд тугар экан, узоқ йиллардан буён мажбуран айбсиз айбдор бўлиб юрган Турсунхўжа ака Абдураҳмоновга бир савол билан мурожаат қилинди:

–Нега шунча йил ўтиб, Сизга оқланиш керак бўлиб қолди?

–Умрим давомида ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол яшадим. Фарзандларимнинг барчасини ўқитиб, жамият учун керакли одамлар қилиб тарбияладим. Ҳамқишлоқларимнинг фарзандларига ҳам тўғри тарбия бериб, қўлимдан келганича илм бердим. Ҳозирда оилам даврасида умргузаронлик қилмоқдаман. Муҳтарам Президентимиз яратиб берган қулайлик, имтиёзлардан фойдаланиб муборак Ҳаж амалларини ҳам бажариб қайтганман. Хуллас, Яратганнинг ҳузурига очиқ юз билан бормоқчиман. Бор гап, шу.

Раҳматжон АРАПОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси.

Қодирали АҲМАДАЛИЕВ, “Қонун ва ижро” газетасининг махсус мухбири.         

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *