Кўрилди

Тарғибот-ташвиқот кучайтирилмоқда

Долзарб мавзу

Яқинда Улуғнор туманида туман маъмурий судининг ташаббуси билан  “Оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларни олдини олиш” мавзусида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Улуғнор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Сапиохунов, фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судининг раиси С.Юлчиева, туман МИБ бошлиғи ўринбосари К.Юлдашев, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ф.Мўйдинова, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўамитаси раиси Н.Жабборова, ФҲДЁ мудираси З.Жалилова, “Оила” илмий-амалий маркази туман бўлими раҳбари Ш.Воҳидова, туман бош имом-хатиби Б.Сайдалиев ҳамда жойлардаги МФЙ масъуллари, профилактика инспекторлари, маҳаллари фаоллари бўлиб жами 72 нафар фуқаро иштирок этди.

Мажлис аҳли кун тартиби бўйича «Оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларни олдини олиш», маҳалла фуқаролар йиғинларида ноқонуний никоҳлар, оилавий ажримлар, оталикни белгилаш, ёлғиз она каби ҳолатларнинг олдини олиш, маҳалла ҳудудларида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини   олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, ҳудудларда ўтказилаётган тўй,  маърака-маросимларни  ихчамлаштириш ҳақидаги масалаларни муҳокама этдилар.

Йиғилишни туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Сапиохунов очар экан, ўз сўзида юртимиздаги осойишталик ва тинчлик ҳукмронлик қилиб келаётганлигини, муҳтарам Юртбошимиз томонидан олиб янгиланиб бораётган Ўзбекистонимизда олиб борилаётган чуқурлаштирилган ислоҳотлар қадрига етишимиз лозимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Андижон вилоят ҳокими раислигида бўлиб ўтган сессия ҳамда худди шу мазмунда Андижон вилояти ҳокими томонидан «Оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларни олдини олиш» масаласи юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳозирги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади, деди. Вилоят ҳокими раислигида ўтказилган сессияларда ноқонуний никоҳ асосида бир неча бор уйланган, фарзандларини уйсиз-жойсиз қўйган эркаклар, ўғлини 3 мартагача уйлаган, келинларни касал ҳолида ҳайдаб, 4-марта уйламоқчи бўлган бемехр қайноналар, ноқонуний никоҳ ўқиган имомлар, ўз оиласини ҳимоя қилолмайдиган эркаклар кескин танқид остига олинган эди.

Андижон  вилояти  телевидениеси орқали сессия йиғилишлари бир неча бор кўрсатилганига қарамасдан туманда ҳамон ноқонуний никоҳ асосида яшаётган фуқаролар борлиги, тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилишига қарамай маҳалламизда ёш оилалар ўртасида арзимаган сабаблар билан ажримлар кўпайиб бораётганлиги ва бунинг натижасида ёлғиз оналар ва оталикни белгилаш ҳолатлари ортиб кетаётганлиги ҳамда бунинг оқибатида фарзандларни етим бўлиб қолаётганлиги жуда ачинарли ҳолатдир.

Айниқса, ёшлар ўртасида ажрим ҳолатларини кўпаётганлиги, баъзи ёшларни оила қуришга тайёр эмасликлари, ота-оналарни арзимаган сабаблар билан фарзандларининг оиласини тиклаш ўрнига ажримга ўзлари бошчилик қилаётганликлари тўғрисида, ажримларни олдини олиш бўйича олдимизда турган вазифалар юзасидан тўхталиб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Жабборова, фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди раиси С.Юлчиевалар  сўзга чиқиб, оилавий келишмовчиликлар ва тушунмовчиликлар натижасида эр-хотин ўртасида, қайнона-келин ўртасида арзимаган сабаблар билан жиноят содир этиш ҳолатлари учраб турганлиги, бундай ҳолатлар таҳлил қилинганида, ноқонуний никоҳ асосида яшаётган оилалар, спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда қотиллик ҳолатлари содир этилиши маҳаллаларда учраётганлиги, бизнинг ўзбек халқи учун бундай ҳолатлар иснод эканлиги, бунинг учун маҳалланинг ёши улуғ отахонлари, маҳалла имоми ва отинойилар бефарқ бўлмай тушунтириш ва тарғибот ишларини  кучайтиришлари лозимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масалалар бўйича йиғилишда иштирок этган оддий фуқаролар ҳам ўз фикрларини билдирдилар.

Йиғилиш кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиб, тегишлича қарор қабул қилар экан, тумандаги 21 та ажрим ёқасида турган оилалардан 11 тасида ўтказилган муҳокама йиғилишлари давомида яраштирилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Ваҳобжон СИДДИҚОВ, Андижон вилояти, Улуғнор туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *