Кўрилди

Такроран жиноят содир этганлик учун жавобгарлик

Шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ ҳар бири алоҳида жиноят таркибини ташкил этувчи жиноят содир этилиши деб, содир этилган қилмишлар икки ёки ундан ортиқ мустақил жиноят сифатида баҳоланишига айтилади. Яъни ҳар бир жиноят алоҳида жиноят таркиби (объект, объектив томон ва субъект, субъектив томон)га эга бўлиши лозим ҳамда бундай ҳолатда жиноятнинг такроранлигини келтириб чиқарувчи асосий элемент бу жиноятнинг субъекти ҳисобланади.

Жиноят кодекси Махсус қисмининг айнан бир моддасида, қисмида, кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса турли моддаларида назарда тутилган икки ёки бир неча жиноятни шахс турли вақтларда содир этган, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланмаган бўлса, бу ҳолат такроран жиноят содир этиш деб топилади. Тамом бўлган жиноят, жазога сазовор бўлган жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга суиқасд қилиш, иштирокчиликда жиноят содир этиш – буларнинг барчаси такроран жиноят содир этишга киради.

Агар шахс илгари содир этган қилмиши учун жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган бўлса, жиноят такроран содир этилган деб топилмайди. Такроран жиноят содир этиш нафақат битта моддадаги (умумий такроранлик) жиноятларни, балки турли моддаларда назарда тутилган (махсус такроранлик) жиноятларни содир этишда ҳам намоёнбўлади.

Такроран жиноят содир этишнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда унинг қуйидаги белгиларини ажратиш мумкин:

-шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ ҳар бири алоҳида жиноят таркибини ташкил этувчи жиноят содир этилиши;

-содир этилган жиноятнинг ўхшашлиги;

-содир этилган жиноятлар орасида (одатда) маълум вақтнинг ўтганлиги;

-содир этилган жиноятлар учун судланмаганлиги;

-ҳар бир жиноятнинг жиноий-ҳуқуқий оқибати мавжудлиги. Шахснинг қилмишида мазкур белгиларнинг мавжудлиги шахс томонидан такроран жиноят содир этилганлигини билдиради.

Шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ ҳар бири алоҳида жиноят таркибини ташкил этувчи жиноят содир этилиши деб, содир этилган қилмишлар икки ёки ундан ортиқ мустақил жиноят сифатида баҳоланишига айтилади. Яъни ҳар бир жиноят алоҳида жиноят таркиби (объект, объектив томон ва субъект, субъектив томон)га эга бўлиши лозим ҳамда бундай ҳолатда жиноятнинг такроранлигини келтириб чиқарувчи асосий элемент бу жиноятнинг субъекти ҳисобланади.

Шахс томонидан бир неча қилмиш содир этилган бўлса-ю, жиноят қонунига кўра ягона жиноят сифатида белгиланса, бу қилмишлар такроран жиноят содир этиш деб баҳоланмаслиги лозим. Хусусан, давомли ҳамда узоққа чўзилган жиноятлар, гарчи, бир-бирига ўхшаш ёки турли вақтларда бир нечта қилмишлар билан содир этилган бўлса ҳам, ягона жиноят сифатида ҳуқуқий баҳоланмоғи лозим.

Айнан бир моддада (ушбу модданинг бир ёки турли қисмларида назарда тутилганлигидан қатъий назар) назарда тутилган жиноятлар. Одатда, Жиноят кодекси махсус қисмининг бир неча қисмлардан иборат моддалари ўхшаш таркибли, яъни модданинг оғирлаштирувчи ва алоҳида оғирлаштирувчи таркиблари асосий таркибдан келиб чиқади ва ўзи мустақил мазмунни ташкил эта олмайди. Бу каби жиноят таркиблари ўзаро ўхшаш бўлганлиги сабабли, мазкур модданинг барча қисмларида назарда тутилган жиноятлар ўхшаш жиноятлар, деб қайд қилинади.

Ўхшаш таркибли жиноятлар такроран содир этилган тақдирда, шахснинг қилмиши мазкур моддада такрорийлик квалификация қилувчи белгиси бор ёки йўқлигидан қатъи назар, мазкур модданинг оғирроқ қисми билан ягона жиноят таркиби сифатида квалификация қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 10-моддасида келтирилган “Жавобгарликнинг муқаррарлиги” принципи бўйича қилмишда жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортирилиши шартлигини инобатга оладиган бўлсак, шахс томонидан содир этиладиган хар бир жиноий қилмиш учун жазо муқаррарлигидан далолат бедади.

Фаррухбек НЕЪМАТЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 3-ўқув курси 316-гуруҳ курсанти.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *