Кўрилди

Суд-тергов фаолиятида шахс ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси янада кучайтирилмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан суд-ҳуқуқ соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Шу ҳақда сўз юритганда, Президентимиз томонидан куни кеча қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда белгиланган
чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз.

Мазкур Фармон билан суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Қолаверса, жиноятларни фош этиш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш;

жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;

айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш;

гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилиш;

ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жиноят ишларини судда кўришни янада такомиллаштириш юзасидан агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;

агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;

шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъий назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш;

судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартибини ўрнатиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Фармонга мувофиқ шахс ҳуқуқларининг бузилишини олдини олиш мақсадида терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш;

шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;

ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш ман этилмоқда.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда муқаддам оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этгани учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ёки эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан ҳам ЖКнинг 661-моддасида назарда тутилган ярашувга оид қоидалар қўлланилиши қайд этилмоқда.

Фармон жиноят процессида шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминловчи механизмларнинг тўлиқ ишга солинишини, жиноят ишларини тергов қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш орқали соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришни назарда тутади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон суд-тергов фаолиятида шахс ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлабгина қолмасдан, суд-ҳуқуқ соҳасида қонунчиликни янада такомиллаштириш имкониятини яратади, пировардида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун” деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Л.Хазраткулов, Фарғона ҳарбий судининг девонхона мудири

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *